Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Меҳнат муҳофазаси — парламент назоратида

Меҳнат муҳофазаси — парламент назоратида

Меҳнат фаолияти жараёнида инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ҳамда бошқа тадбирларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2016 йилда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур қонун ижросига қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилди, Ҳукумат қарорлари, номатив ҳужжатлар қабул қилинди.

Бугунги кунда ушбу қонун қандай ижро этилмоқда?

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда шу саволга жавоб изланди.

Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирликлар мутасаддилари, Бухоро ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъул раҳбарлари ҳамда журналистлар қатнашган тадбир аввалида дастлаб Президентимизнинг 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш, ишсизликни камайтириш учун жуда муҳим, аввалги йилларда бўлмаган имкониятларни берди. Унга кўра, аҳоли бандлигини таъминлашнинг молиявий манбалари шакллантирилди. Хусусан, бюджетидан тўғридан-тўғри Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 2018 йилда 150 миллиард сўм ажратилди, 2019 йилдан бошлаб эса 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратилиши Бюджет параметрларида белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ҳам ташкил этилди.

Жорий йилда шу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 75 млрд.сўмга Бош келишув тузилди, банкларнинг буюртманомаси бўйича 41,3 млрд.сўм ажратилди. Микрокредитлар биринчи навбатда ишсиз шасхларга, айниқса ёшлар ва хотин-кизларга, кам таъминланган оила аъзоларига, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга ажратилиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ишсиз шахсларга, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини квота сонидан ортиқ ишга қабул қилган ташкилотларга, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга қайта ўқитиш ва малакасини ошириш учун иш берувчиларга бир марталик субсидиялар берилиши жорий этилди.

Вазир ахборотида таъкидланишича, ана шундай кенг кўламли ишлар натижасида фуқароларни иш билан таъминлаш имконияти ҳам кенгаймоқда. Жорий йил бошидан бери 585 минг нафардан ортиқ фуқаро бандлиги таъминлангани ҳам бунинг тасдиғидир.

Йиғилишда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги ижроси ҳам ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқилди ҳамда бу борада қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида 25395 та, Қашқадарё вилоятида эса 46641 та юридик шахс фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур вилоятларнинг ҳар бир туманида қонунни тарғиб қилиш бўйича паннолар, бошқарма ва идораларда, бўлимларда тегишли тарғибот бурчаклари ташкил этилган.

Бухорода профилактика ишларини олиб бориш мақсадида 1368 та тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ишлари олиб борилган, 577 маротаба семинарлар ташкил этилган. Қашқадарё вилоятида эса мос равишда 1400 та тадбир, 600 та семинар ўтказилган.

Қонун ижроси юзасидан ушбу ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларида ўтказилган тушунтириш ишлари вақтида аниқланган 88 та қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинган.

Йиғилишда амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, қонун ижроси юзасидан аниқланган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам чуқур таҳлил этилди. Жумладан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви, соғлиқни сақлаш соҳалари ваколатли органлари билан қонуннинг 9-, 10-, 11-моддаларида белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмаган. Соҳага кадрлар тайёрлашда ҳам муаммолар мавжуд. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда иш берувчилар олдига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни таъминлаш белгилангани ҳолда, айрим ташкилот ва корхоналарда мазкур масалага етарлича эътибор қаратилмаган.

Ҳар иккала вилоятда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини Ягона реестрга киритиш ишлари амалга оширилмаган. Шунингдек бюджет ташкилотлари, айниқса таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан янги қонун талаблари тўлиқ амалга оширилмаган. Айрим ташкилотларда Қонуннинг янги таҳрирдаги нусхалари мавжуд эмас, белгиланган меъёрий хужжатлар эски, 2005 йилдаги буйруқ ва низомлар мавжудлиги аниқланиб, бу борада ташкилот раҳбарларининг маъсулияти етарли эмаслиги аниқланган.

Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган жами 37 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, шундан 20 тасини оқибати ўлим билан тугаган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан баҳтсиз ҳодисаларнинг сони 15 тага кўпайган ва бахтсиз ҳодисалар натижасида ҳалок бўлган ходимларнинг сони 10 нафарга кўпайган. Бухоро вилоятида ҳам ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган жами 24 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган бўлса, шундан 6 таси оқибати ўлим билан тугаган.

Муҳокамалар давомида мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоятлар бошқармалари бошлиқларининг ушбу масалаларга доир ахборотлари эшитилди.

Йиғилишда жойларда қонун талабларининг тўла бажарилишини таъминлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қўмитанинг тавсиялари ишлаб чиқилиб, тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 5201

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими