Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар Давлат бюджетиини муҳокама қилмоқда

Депутатлар Давлат бюджетиини муҳокама қилмоқда

2018 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг ҳамкорликдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойлик ижроси ҳисоботи ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳалари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди ( 2017 йилда Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 59,7 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган эди). Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисми (47,2 фоизи)ни ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 13,7 трлн. сўм маблағ ажратилди ва белгиланган йиллик параметрнинг қарийб 70 фоизи бажарилишига эришилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 6,6 трлн. сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 22,7 фоизини) ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 25,8 фоизга ўсган. Жумладан, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш, ОИВ – инфекцияси юқишининг олдини олиш бўйича стратегик дастурни амалга ошириш, болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш масалалари депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди. Бу борада мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.  

Шу билан бирга, депутатлар 9 ойлик давлат бюджети ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга ошириш учун режалаштирилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилиши таъминланмаганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Жорий йилнинг 9 ойлида бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси даромадлари барча манбалар бўйича (давр бошига 499,7 млрд. сўм қолдиқни ҳисобга олмаганда) 1,8 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, жами харажатлари 2 216,7 млрд. сўмдан ошган.

Бундан ташқари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ижросини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини янада ривожлантириш борасида бюджет маблағларини ажратиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидландики, фуқаролар йиғинларининг фаолиятини молиялаштиришда ҳали-бери “қолдиқ принципи” батамом бартараф этилмагани ушбу соҳанинг барқарор фаолиятини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, белгиланган тартибда фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилар ўзининг малакасини ошириб келаётган бўлса-да, уларнинг йўл сарф-харажатларини қоплаш масаласи ҳалигача ечилмаган. Ёки нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини молиялаштириш мақсадида жамоат фондлари ташкил этилган бўлса-да, бу молиялаштиришнинг манбаси масаласи ҳанузгача ўз ечимини топмаган.

Кенгайтирилган йиғилишда депутатлар 2019 йилга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳасини муҳокама қилар экан, мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида 2019-2021 йилларга белгиланган устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этдилар. Жумладан, лойиҳада давлатнинг фискал сиёсатига таъсир кўрсатадиган ички ва ташқи омиллар атрофлича таҳлил қилиниб, Бюджетноманинг очиқлик, шаффофлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Қизғин кечган баҳс-мунозараларда депутатлар ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши, инвестиция лойиҳаларини ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш, жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш борасида амалий таклифларни билдирдилар.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 4713

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими