Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Бош молиявий ҳужжат ижросида ижтимоий масалаларга қандай эътибор қаратилган?

Бош молиявий ҳужжат ижросида ижтимоий масалаларга қандай эътибор қаратилган?

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан 2018 йилнинг 9 ойида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси кенг муҳокама қилинмоқда.

2018 йил 13 ноябрь куни парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатининг ижроси ҳамда 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.

Дастлаб жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросига эътибор қаратилиб, йил якуни бўйича кутилаётган прогноз натижалари муҳокама қилинди. Унга кўра, аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга юқори экани таъкидланди. Жумладан, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 111,4 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиши 109,5 фоизни ташкил қилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этди. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг 19,0 трлн. сўми ёки қарийб 65,8 фоизи иш ҳақи ва иш ҳақига нисбатан ажратма тўловларини молиялаштиришга йўналтирилган. Мазкур кўрсаткичларни алоҳида параметрлар бўйича 2017 йил 9 ойига нисбатан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган ижтимоий тўловларнинг молиялаштирилиши 120,7 фоизга, дори-дармон воситалари таъминоти молиялаштирилиши 179,3 фоизга кўпайгани қайд этилди.

Қўмита йиғилишида ижтимоий соҳанинг энг муҳим масалалари муҳокама этилиб, унда соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги туб ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий муносабатларнинг галдаги устувор вазифаларидан бири бўлган аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чораларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилди. 

Таъкидлаш жоизки, ишсиз шахсларни  ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилиши муҳим қадамлардан бўлди.

Мазкур жамғарма ҳисоб рақамида 2017 йилда молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан 41 млрд. сўм маблағ қолдиғи мавжуд бўлиб, 2018 йил 9 ойлигида республика бюджетидан 450 млрд. сўм маблағ молиялаштирилди.  Ушбу маблағлар бир қатор муҳим мақсадларга, жумладан, жамоат ишларига жалб этилган ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларнинг меҳнат ҳақи учун тўловларига, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликда аҳоли бандлигини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди.

Тадбир давомида депутатлар йил якунланишига қисқа муддат қолган бир пайтда давлат бюджетида кўзда тутилган маблағларни белгиланган муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида тўлиқ ва ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, бунда жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш мақсадга мувофиқ эканини қайд этдилар.

Шундан сўнг депутатлар 2019 йилга мўлжалланган бюджетнома лойиҳаси муҳокамасига киришдилар. 2019-2021 йиллардаги бюджет сиёсатининг мақсади ва устуворликларига эътибор қаратилди. Хусусан, аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, халқимиз турмуш даражасини янада оширишга хизмат қиладиган барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, бандлик ва аҳоли даромадлари кўпайишини таъминловчи янги иш ўринларини яратиш масалалари депутатлар диққат марказида бўлди.

Таъкидланганидек, 2019 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолинган ҳолда, давлат бюджети харажатларининг 54 фоизи ушбу мақсадлар учун йўналтирилади. Ижтимоий харажатларга 2019 йилда 57 822,3 млрд. сўм йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Бу умумий харажатларнинг 54 фоизини ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 34,4 фоиз кўпдир.

2019 йил 1 январдан солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳолига катта қулайликлар яратилади. Хусусан,   меҳнатга хақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади. Бу барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланиши, фуқароларнинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинади, деганидир.  

Шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг тавсиясига биноан,  инфляция даражасини прогноз параметрлари доирасида ушлаб туриш мақсадида 2019 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдорини ҳар ярим йилда ўтган даврдаги инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда ошириш таклиф этилмоқда.

Муҳокамалар давомида аҳолининг ижтимоий ночор гуруҳларини қўллаб-қувватлашнинг манзиллилигини таъминлаш, ишсизларни меҳнатга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларни ишга жойлаштириш масалалари депутатлар ўртасида қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. 

Келтириб ўтилганидек, ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари 5 267,2 млрд. сўмни ташкил этади, бу ўтган йилга солиштирганда 58,5  фоизга кўпдир.

Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ва 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар сонини кўпайтириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун 643,5 млрд. сўм ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу эса, нафақалар тайинланишини 507 минг оиладан 621 минг оилагача ёки 1,2 марта ошириш имконини беради.

Аҳоли бандлиги даражаси ва фаровонлигини ошириш харажатлари ҳам қўмита йиғилишида муҳокамаларга сабаб бўлди. Янги иш жойларини очиш ва аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитларни яратиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан 300 млрд. сўм маблағ ажратиш назарда тутилган. Бу каби чоралар натижасида ҳар ойда қўшимча 140 минг одамнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг оилалари фаровонлигини яхшилаш имконини беради.

Қизғин, конструктив руҳда ўтган йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўрганилди.

Мажлисда кўрилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Кўришлар сони: 10966

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими