Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Туризмга доир қонунчилик такомиллаштирилади

Туризмга доир қонунчилик такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясини яратиш, шунингдек, аэропорт ва вокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, соҳада бизнесни юритиш бўйича қулай шароитларни яратиш, жаҳон тан олган брендларни, хорижий инвесторларни фаол жалб этиш, янги туристик маршрутларни яратиш, туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини кучайтириш вазифалари белгиланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ қарор ва фармони қабул қилиниб, соҳани тубдан ислоҳ этишнинг янги шакллари, стратегик йўналишлари белгилаб берилгани мамлакатимиз иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар туризмнинг тезкор ривожланишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини давр тақозосига кўра янада такомиллаштириш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқишни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ўтган давр мобайнида депутатлар томонидан кенг муҳокама этилиб, 2018 йилнинг 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

2018 йил 9 ноябрь куни эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Туризм тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда депутатлар, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Сингапур Менежментни ривожлантириш институти профессор-ўқитувчилари, туризм соҳасида илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчилар, сайёҳлик фаолияти субъектлари — туроператорлар ва турагентлар, меҳмонхона хўжалиги юритувчилари, тадбиркорлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда ўтган йиллар мобайнида, айниқса, кейинги икки йилда Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизнинг халқаро сайёҳлик бозорига интеграциясини мустаҳкамлаш, тарихий-маданий меросни жаҳон ҳамжамиятига таништириш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақоми берилгани, 2016 йилдан бугунги кунгача туризм соҳасига оид 40 тага яқин махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани соҳа ривожига замин яратмоқда.

Мазкур ҳужжатлар билан виза ва хорижий фуқароларни рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилгани, тадбиркорлик субъектларига берилган қулайлик ва имтиёзлар, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 3,4 млн. нафардан ошди. Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналар сони 2018 йил 1 сентябрь ҳолатига 854 тага, улардаги хоналар сони 19 559 тага етди. Ушбу кўрсаткич 2017 йил якуни бўйича мос равишда 761 та ва 18464 тани ташкил этди.

Мазкур ижобий тенденцияни сақлаб қолиш ва келгусида янада ривожлантириш, соҳага оид муҳим нормаларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бундан 19 йил олдин қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилган эди.

Очиқ мулоқотда мазкур Қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан туроператорлар ва турагентларнинг, меҳмонхона хўжалиги юритувчиларининг, мутахассислар ҳамда илмий жамоатчиликнинг таклифлари эшитилиб, муҳокама қилинди. Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасини халқаро стандартлар
ва тажрибаларга мувофиқлаштириш билан бирга, ички ва халқаро туризмни ривожлантиришга, туристларга хизмат кўрсатиш ҳажмини оширишга, туризм инфратузилмасини халқаро талаблар даражасига етказишга, энг муҳими, бугунги кунда туризмни жадал ривожлантиришга халақит бераётган омилларни бартараф этишга қаратилган нормалар билан тўлдириш лозим.

Туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи туроператорлар ва меҳмонхона хўжалиги юритувчилари қонун лойиҳасини иқтисодий қоидалар, туризм соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга оид, маҳаллий ва хорижий инвесторларга аниқ имтиёзлар берувчи, туризмнинг ижтимоий туризм, ёшлар ва болалар туризми каби турларини кенгроқ оммалаштиришга оид нормалар билан тўлдириш юзасидан таклифлар берди. Иштирокчилар туризмга оид кўпгина қоидалар қонуности ҳужжатларида акс этгани кўпинча туризм соҳасидаги инвесторларга ҳам, туристларга ҳам кўплаб тушунмовчиликлар ва қийинчиликлар туғдираётганини таъкидлаб, қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри ишлайдиган бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурди.

Соҳани бошқаришга ва тартибга солишга масъул мутахассислар, илмий жамоатчилик вакиллари эса, қонун лойиҳасида туризмнинг ҳудудий департаментининг ваколатларини белгилаш, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тубдан такомиллаштириш, замонавий фанлар, ўқув дустурларини жорий этиш, соҳага оид амалий илмий-тадқиқотларни кучайтириш, гидларнинг туристларга тўлиқ, ишончли маълумотлар беришдаги масъулиятини оширишга оид нормалар ўз аксини топиши ҳақидаги таклифларни билдирди.


Кўришлар сони: 5075

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими