Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Бу марказлар фермер хўжаликлар ишини енгиллаштиради

Бу марказлар фермер хўжаликлар ишини енгиллаштиради

2018 йил 7 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказларини ташкил этиш, бандлик ҳамда норасмий иш фаолияти билан боғлиқ муаммолар муҳокамаси якунига бағишланган йиғилиши ўтказилди.

Экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари қатнашган тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги «Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказларини ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш уларда ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш, банк хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштиришга ёрдам беради.

Белгиланганидек, бундай марказлар томонидан фермер хўжаликларига бир қатор муҳим хизматлар кўрсатилади. Жумладан, улар зиммасига фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисоби юритилишини, фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмалар ҳисобланишини, мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказишни таъминлаш юклатилади. Солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ҳамда уларнинг тегишли органларга тақдим этилишини таъминлаш, фермер хўжалигининг йил якунига кўра даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиб, кейинги йилга бизнес режа тузишда амалий кўмаклашиш ҳам марказлар вазифаси сирасига киради.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига биноан, ўтган вақт мобайнида Фарғона вилоятида 15 та ва Самарқанд вилоятида 14 та туманда Фермер хўжаликларида ана шундай муҳим тузилма — Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари томонидан жойлардаги статистика бўлимлари маълумотлари, 2018 йилда пахта ҳамда ғалла етиштириш режасида қайд этилган фермер хўжаликлари сонига асосан штат жадваллари тузилган. Унга кўра, белгиланган тартибда ҳар
20-22 та фермер хўжалигига бир нафардан. Яъни Фарғона вилоятидаги пахтачилик-ғаллачиликка асосланган 4074 та фермер хўжалигига 202 нафар, Сармарқанд вилоятидаги 9648 та фермер хўжалигига эса 449 нафар бухгалтер ишга қабул қилинган.

Шу билан бир қаторда, тадбирда бу борада айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги, пахта-ғалла етиштириладиган фермер хўжаликларидан ташқари фаолият тўлиқ қамраб олинмагани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассислари таъкидлашича, фермер ва деҳқон хўжаликларида иш билан бандлик, шунингдек, норасмий иш фаолияти билан боғлиқ массалаларда ҳам муаммолар ва камчиликлар талайгина экани айтилиб ўтилди. Ҳисоботларни юритиш учун фермер хўжаликларининг банкдаги ҳисоб рақами айланмаларини назорат қилиб туриш бўйича уларнинг атиги 30 фоизида мобиль ва интернет банк тизими мавжуд, холос.

Шунингдек, тадбирда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари томонидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Хусусан, фермер хўжаликларига буюртмачи, таъминотчи ҳамда хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ўзаро ягона электрон дастурий таъминотни яратиш, фермер хўжаликлари ва ушбу корхоналар ўртасида ҳужжатлар айланмаси жараёнида бириктирилган бухгалтерларнинг белгилари, яъни штамплари қўйилиши орқали рўйхатга олинишини ташкиллаштириш зарур. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари солиқ ва статистика ҳисоботлари бўйича маслаҳатчиси ҳамда бухгалтерларига хизмат кўрсатилаётган фермер хўжаликларининг банк ҳисоб варақлари орқали амалга оширилаётган операциялари бўйича айланмалардан кўчирмалар олинишида истисно тариқасида, ортиқча ҳужжатларсиз рухсат бериш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари бухгалтерларининг қонунда белгиланган тавсия ва талаблари фермер хўжаликлари томонидан бажарилмаган ҳолларда шаҳар ва туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раҳбариятига тақдим этилган ёзма билдиришномалар орқали таъсир чоралари кўрилишида кенгаш раислари ваколатларини ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Йиғилишда эксперт ва мутахассислар томонидан Фермер ва деҳқон хўжаликларида бухгалтерия ҳамда ҳисоб ишини рисоладагидек йўлга қўйиш, бу борадаги муаммоларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан яна қатор таклифлар илгари сурилди.


Кўришлар сони: 154

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими