Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ташқи сиёсат соҳасидаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилмоқда

Ташқи сиёсат соҳасидаги ҳуқуқий асослар  янада такомиллаштирилмоқда

2018 йил 5 ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан «Миллий тикланиш» ДП фракцияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати соҳасидаги ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда депутатлар, қонун лойиҳалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари, экспертлар, олимлар, нодавлат ташкилотлар ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбир янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг кенг жамоатчилик муҳокамасига бағишланди. Мазкур қонун лойиҳалари парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги вақтда ишчи гуруҳи томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрланган.

Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳалари «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури»да ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури»да назарда тутилган.

Йиғилишда долзарб аҳамиятга эга мазкур қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши билан соҳада мавжуд қатор қонунчилик ҳужжатларидаги процедуравий масалаларнинг бирлаштирилиши натижасида қонунлардаги нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилинишига эришилиши алоҳида таъкидланди.

Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш, чоп этиш, рўйхатга олиш, сақлаш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг ижросини мониторинг қилиш тартибини белгилашдан иборатдир. Ушбу ҳужжатнинг янги таҳрирда қабул қилиниши унга киритилаётган асосий қоидаларда мужассамлашгани, яъни, халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва моҳияти белгилангани билан аҳамиятлидир. Бунга кўра, мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунингдек, қонун лойиҳасида ишлатиладиган тушунчаларни бир хилда талқин қилиш мақсадида, қонунчилик техникасидан келиб чиқиб, 1969 йилдаги Вена конвенцияси ва хорижий давлатларнинг қонун ижодкорлиги амалиётида фойдаланилган тушунчаларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа матни «тушунчалар аппарати» билан тўлдирилган. Ҳар бир шартнома лойиҳасига тушунтириш хати тайёрланиши бўйича янги талаблар киритилган бўлиб, амалиётда улар ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар сифатини янада оширишга ҳамда мамлакат учун фақатгина амалий аҳамият касб этадиган шартномаларнинг тузилишига асос яратилади.

Лойиҳада халқаро шартномаларни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик, шунингдек, бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланган. Мазкур механизмлар битимлар тузишнинг оқибатларини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, уларнинг сифатини баҳолаш, мамлакатнинг муайян ҳужжатлардаги иштирокининг асослилигини, долзарблиги ва ҳуқуқийлигини аниқлашга хизмат қилади. Ўзбекистон тузган халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан республиканинг ваколатли давлат органлари томонидан тушунтиришлар тақдим этиш имконияти ҳам назарда тутилган. Ушбу қоида халқаро шартномаларни бажариш чоғида давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш имконини беради. Қонун лойиҳасига ваколатли давлат органларига хорижий давлатлар билан ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш имкониятини яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш жараёни бўйича қоидалар киритилган.

Ҳужжатда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилган. Ушбу қоида давлат органларининг халқаро шартномалар соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш бўйича мамлакат ташқи сиёсий идораси фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш имконини беради. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида республика давлат органларининг халқаро шартномалар шартларининг бошқа иштирокчилар томонидан бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги аниқланган ҳолатлар тўғрисида дарҳол Ташқи ишлар вазирлигига ахборот бериши бўйича қоидалар киритилган бўлиб, ушбу қоидалар бундай ҳаракатларга қарши ўз вақтида ва лозим даражада чора кўришга ёрдам беради.

Қонун лойиҳасида юридик мажбурият юкловчи ҳужжат бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати белгиланиши ҳам диққатга сазовор бўлиб, мазкур янги қоида бу каби ҳужжатларни, хусусан, олий ва юқори даражадаги ташрифлар олдидан ишлаб чиқишда тезкорликни таъминлайди.

Йиғилиш давомида Консуллик устави лойиҳасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокама этилди. Унда консуллик фаолиятини амалга оширишнинг, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича функцияларининг ҳуқуқий-ташкилий масалаларини белгилайди. Қонун лойиҳаси консуллик мансабдор шахси, шунингдек, фахрий консулнинг ҳуқуқий мақоми, уларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби белгиланиши, шунингдек, амалга ошириладиган консуллик функцияларларини тартибга солишни кўзда тутади. Унда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг репатриацияси ҳамда паспорт ва бошқа ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқотилган ёхуд муддати ўтган тақдирда қайтиш учун гувоҳнома бериш ҳамда яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўмаклашиш бўйича тегишли вазифалар белгиланмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вакиллари ушбу қонун лойиҳалари қабул қилиниши мамалакатимизнинг миллий манфаатларини ҳимоялаш, халқаро шартнома ҳамда келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш, чет элдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофазалашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Конструктив руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор диққатга молик таклифлар билдирилди.


Кўришлар сони: 213

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими