Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ўзгартиш киритгунча, янгисини қабул қилган маъқул

Ўзгартиш киритгунча, янгисини қабул қилган маъқул

«2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури» ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» ижроси юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига 2018 йил 16 августда киритилган эди.

Жорий йил 27 августда биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан бугун — 2018 йил 30 октябрь куни Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида навбатдаги йиғилиш ўтказилди.

Унда қайд этилганидек, ушбу қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш, чоп этиш, рўйхатга олиш, сақлаш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тартибини белгилашдан иборат.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасининг комплекс таҳлили шуни кўрсатадики, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шатномалари тўғрисида”ги амалдаги қонун қабул қилинганидан (1995 йил) буён ушбу соҳада қатор янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалга киритилган бўлиб, уларнинг қоидалари бир неча алоҳида ҳужжатда акс этгани боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

«Қонунларнинг тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши»ни таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида шу соҳада амалдаги қатор қонун ҳужжатларнинг муҳим масалалари бирлаштирилган, бир қатор асосий қоидалар мужассамлаштирилган. Хусусан, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормалари талабларидан келиб чиқиб, халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва моҳияти белгиланган. Унга мувофиқ, мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Қонун лойиҳасида қўлланиладиган тушунчаларни бир хилда талқин қилиш мақсадида лойиҳа матнида уларга аниқ таъриф берилган.

Шунингдек, ҳар бир шартнома лойиҳасига тушунтириш хати тайёрланиши бўйича янги талаблар киритилган. Халқаро шартномаларни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик ҳамда бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланган. Мазкур механизмлар битимлар тузишнинг оқибатларини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, уларнинг сифатини баҳолаш, мамлакатнинг муайян шартномалардаги иштирокининг асослилигини, долзарблигини ва ҳуқуқийлигини аниқлашга хизмат қилади. Ўзбекистон тузган халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан республиканинг ваколатли давлат органлари томонидан тушунтиришлар тақдим этиш имконияти назарда тутилган. Мажлис қатнишчилари фикрича, ушбу қоида халқаро шартномаларни бажариш чоғида давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш имконини беради.

Бундан ташқари, лойиҳада Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми ҳам кенгайтирилган. Мазкур қоида давлат органларининг халқаро шартномалар соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш бўйича мамлакат ташқи сиёсий идораси фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга кўмаклашиши таъкидланди.

Лойиҳада юридик мажбурият юкловчи ҳужжат бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати ҳам белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда, бугунги кунда олиб борилаётган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг самарали давом эттирилишида, халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигининг ошишини таъминлашда энг муҳим омил ҳисобланишини инобатга олган ҳолда, депутатлар амалдаги қонунни янги таҳрирда эмас, балки буткул янги қонун сифатида қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деган тўхтамга келдилар.

Бу борада парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз муносабатини билдирди.

— Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, чет эл инвестициялари ҳамда илғор технологияларни жалб қилиш, миллий товарлар ва хизматларни жаҳон бозорларида тарғиб этиш учун қулай ташқи сиёсий шароитлар яратади, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ойбек ЖУМАЕВ. — Шунингдек, лойиҳада идоралараро тусдаги халқаро шартномалар тузишга оид қоидаларнинг киритилиши тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий шерикларнинг савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг даражасини ошириш ва кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши диққатга моликдир.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал УМРЗОҚОВнинг фикрича,  мазкур қонун лойиҳаси халқаро майдонда, хорижий мамлакатлар билан кўп томонлама ва икки томонлама алоқаларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишни сиёсий-дипломатик ва халқаро-ҳуқуқий воситалар орқали таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, халқаро шартномаларнинг имзоланиши, бажарилиши ва уларнинг ижроси юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклатилаётган вазифалар аниқ белгилаб берилиши келгусида ҳар бир халқаро шартнома ва битимнинг тегишли давлат идоралари томонидан ўз вақтида, сифатли ва самарали бажаралишига замин яратади.   

“Муҳокама этилаётган ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши хориждаги ватандошларимиз билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, республикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳа ҳамда дастурларни амалга оширишда уларнинг салоҳиятидан фойдаланишда ҳуқуқий базани такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тезкор ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабат билдириш, шунингдек, "рақамли дипломатия" воситаларини ривожлантиришга имкон беради, деб ишонаман”,  дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза ЭШМАТОВА.  

— Ўтган вақт ичида юртимиз очиқ ташқи сиёсатининг фаоллашуви натижасида хорижий мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришилди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир ЖЎРАЕВ. — Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ва хориждаги ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатилди, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар ҳал этилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан давлатимизнинг халқаро шартномалар соҳасидаги муносабатларида қонуний асос яратилади.


Кўришлар сони: 7292

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

Тадбирлар тақвими