Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмита нима билан машғул?

Қўмита нима билан машғул?

Жорий 2018 йилнинг 23 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва фаолиятининг устувор йўналишлари хусусида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда парламентга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросига қаратган.

Қайд этилганидек, бугунги кунда қишлоқ ҳамда сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар кўп жиҳатдан соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш билан узвий боғлиқдир.

Ҳисобот даврида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган 3 та қонун лойиҳасида иштирок этган, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ва қўмита масъул этиб белгиланган 12 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилган.

2018 йилнинг ўтган даврида юқорида қайд этилган қонун лойиҳаларидан 6 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган. Янги таҳрирдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги ва «Ўрмон тўғрисида»ги қонунлар, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун хужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, қўмита аъзолари экспертлар ва мутахассислар иштирокида «Уруғчилик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрламоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ва Солиқ кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашини фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини тугатиш зарурлиги тўғрисидаги таклифлари туман ҳокимлари томонидан кўриб чиқилиши мажбурийлигини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер участкалардан мақсадли ва самарали фойдаланишни ҳамда даромадларини кўпайтиришни, шунингдек, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириб, фаол иштирокини таъминлайди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жойларда сув тақчиллигининг олдини олиш, сув ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси устидан самарали парламент назорати амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалигида ресурс тежовчи инновацион технологияларни жорий этишда белгиланган имтиёзларни қайта кўриб чиқиб, қўшимча имтиёзлар бериш бўйича қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилган.

Анжуманда журналистлар қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти йўналишида амалга оширилган ишлар билан ҳам атрофлича таништирилди. Жойларда Ер кодекси, «Ветеринария тўғрисида»ги Қонун талаблари бажарилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди.

Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан ўтган давр мобайнида юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган жами 693 та ариза ва мурожаат кўриб чиқилгани қайд этилди.

Қўмитанинг 2018 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни бажариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам иштирокчилар эътиборидан четда қолмади.

Матбуот анжуманида журналистларнинг қўмита фаолияти юзасидан берган саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.


Кўришлар сони: 5676

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими