Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Интеграциялашган фаолият — тиббий хизмат сифатини оширади

Интеграциялашган фаолият —  тиббий хизмат сифатини оширади

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш — давлатимиз энг катта эътибор қаратаётган масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Президентимиз томонидан қабул қилинаётган соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишлари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишларда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш натижасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар соат 8:00 дан 20:00 гача хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди. Уларда туну кун давомида мобил ишлайдиган тез ёрдам подстанциялари ташкил этилиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшиланди. Натижада уларнинг чақирув манзилига етиб бориш ва ёрдам кўрсатишни бошлаш вақти қарийб уч марта қисқарди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида жойларда аҳолига кўрсатилаётган ана шундай тиббий хизматлар ҳолати ўрганиб чиқилди.

2018 йил 10 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда тиббиёт муассасалари фаолиятини интеграциялашнинг аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбатида мазкур ўрганиш жараёнида алоҳида эътибор қаратилган масалалар — бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларининг тез тиббий ёрдам ва стационар ёрдам кўрсатиш муассасалари билан ўзаро интеграциясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ташкилий ва амалий ишлар ҳолати ҳамда соҳада аниқланган муаммоларни бартараф этиш кабилар атрофлича таҳлил қилинди.


Парламент қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, олий тиббий ўқув юртлари вакиллари, Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарлари, олимлар, мутахассислар ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда таъкидланишича, жойлардаги ўрганишлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграцияси йўлга қўйилган бўлса-да, бу бугунги давр талаби учун етарли эмаслигини кўрсатди. Ўрганилган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг тез тиббий ёрдам бўлимлари, унинг шохобчалари томонидан қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) ва поликлиникаларга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйида қолдирилган беморлар тўғрисидаги маълумот тўлиқ етказиб берилмаган. Етказиб берилганларига эса, шифокорлар томонидан барча ҳолатда ҳам фаол қатновлар амалга оширилмаган.

Кўрилган туманлар ҚВП, қишлоқ оилавий поликлиникалари, туман ва шаҳар кўп тармоқли поликлиникаларидан вилоят муассасаларига даволаш, текширув, назоратга олиш бўйича йўлланма-алмашинув варақалари жорий қилинган бўлса-да, амалиётга тўлиқ татбиқ этилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани марказий шифохонасида даволанаётган беморларнинг ёки туғруққа келган беморларнинг 10-12 фоизи қўшни туманлар аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Ёки Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказий шифохонасида даволанаётган беморларнинг кўпи Узун ва Олтинсой туманларидан келиб ётиши кузатилди. Шунингдек, Бухоро вилоятининг Пешкў туман марказий шифохонасининг болалар бўлимида даволанаётган беморларнинг барчаси йўлланмасиз ётқизилган.

Депутатларнинг қайд этишича, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, ногиронлик ва барвақт ўлимнинг олдини олишда, касалликларни эрта аниқлаш, вақтида даволаш, уларни диспансер назоратига олиб, реабилитация қилиш ва профилактик соғломлаштириш чораларини мунтазам амалга ошириш муҳим ҳисобланади. Аҳолига тиббий хизмат учун қулайликлар яратиш, бунда соғлиқни сақлаш тизими барча бўғинининг фаолияти интеграцияси таъминланиши катта аҳамият касб этади.

Муассасаларнинг ўзаро ҳамкорликдаги – интеграциялашган фаолияти, яъни беморларни даволанишга ёки кўрикка йўллаш, қабул қилиш, маслаҳат бериш, саломатлигини назоратга олиш, беморлар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви, вертикал бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш, даволаш-диагностика жараёнини тасдиқланган стандарт ва протоколлар асосида ташкиллаштириш тиббий хизмат сифати ва қулайлигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, беморларнинг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилади.


Шундан келиб чиқиб, давра суҳбатида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг, хусусан, ҚВП, поликлиника, тез тиббий ёрдам ва тумандаги стационар муассасаларнинг ўзаро интеграциясини кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, фуқаролар биринчи навбатда ҚВП ва оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиши, ушбу муассасалардаги умумий амалиёт шифокори (УАШ) ёки тор соҳа мутахассислари томонидан беморнинг соғлиғи ҳолатидан келиб чиқиб, кўп тармоқли туман поликлиникасига юборилиши, ушбу муассаса тор соҳа мутахассиси томонидан амбулатор даволаниш учун маслаҳат берилиб, ҳудудий ҚОП ёки ҚВПга қайтарилиши ёки стационар даволаниш учун йўлланма берилиши зарур. Тез тиббий ёрдам кўрсатиб уйида қолдирилган фуқаролар тўғрисида тегишли поликлиника ёки ҚВПга мунтазам равишда ахборот бериб борилиши эса, беморлар учун қулайлик яратиш билан бирга, стационар шифо ўринларидан самарали фойдаланиш, беморлар саломатлигини доимий назорат қилиб бориш имконини кенгайтиради.

Қизғин баҳс-мунозара руҳида ўтган давра суҳбатида амбулатор-поликлиника, тез тиббий ёрдам, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва стационар муассасалари фаолиятини ўзаро интеграциялашган ҳолда олиб боришнинг муҳим жиҳатлари хусусида сўз юритилди. Бу борада амалиётда учраётган муаммо ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларнинг ечимига доир таклифлар илгари сурилди.

Тадбир якунида тиббиёт муассасаларининг ўзаро интеграциялашган фаолиятини яхшилаш юзасидан билдирилган таклиф-тавсиялар инобатга олинган ҳолда, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1133

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

10.12.2018
Қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг эътирозига, жиддий танқидига сабаб бўлди

2018 йил 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис...

07.12.2018
Тараққиётимизнинг мустаҳкам кафолати

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигинин...

Тадбирлар тақвими