Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Чиқинди нотўғри жойлаштирилса, жавобгарлиги қаттиқ бўлади

Чиқинди нотўғри жойлаштирилса,   жавобгарлиги қаттиқ бўлади

2018 йил 10 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасини Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш якунлари юзасидан кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходимлари, тегишли мутасадди идоралар вакиллари, олимлар, мутахассислар, экология йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофазалаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш, соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш муҳим масалалардан бирига айланмоқда.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан чиқадиган чиқиндиларни кўмиш учун “Оҳангарон” чиқиндихонаси ташкил қилинган. Майдони 59 гектарни ташкил этадиган мазкур чиқиндихонада тахминан 38,65 млн.м3 ҳажмда чиқинди жойлаштирилган. Экологик-санитар ҳолати қониқарли бўлган ушбу чиқиндихонанинг давлат кадастри Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан юритилади.

Йиғилишда қайд этилишича, мазкур бошқарма томонидан 2012-2016 йиллар мобайнида шаҳардаги хўжалик юритувчи субъектларда 584 та режали, 10 та режадан ташқари, 228 та назорат тартибида, 420 та ҳолатда бюджет ташкилотларида текширувлар ўтказилган ҳамда аниқланган қоидабузарликлар бўйича 1058 нафар мансабдор шахс “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 91-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, улардан жами 51,48 миллион сўм миқдорида жарима ундирилган.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг кунлик назорат натижаларига кўра, 2017 йил октябрь ойидан 2018 йил октябрь ойигача бўлган даврда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилган 14733 ҳолат аниқланган. 2017 йилда мансабдор шахслар томонидан саноат чиқиндиларини ташиш масаласида 48 марта, йўқ қилишда 7 марта қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилган. Маиший чиқиндиларни ташишда фуқаролар ўртасида 90 марта қонунбузарлик ҳолатлари вужудга келтирилган.

2017 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ишлар фаоллаштирилган. 2017 йилнинг декабрь — 2018 йил майлари оралиғида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси бўйича чиқиндилар билан ишлашда қонун бузилишига йўл қўйган 517 фуқаро жавобгарликка тортилиб, уларга 93,1 миллион сўм жарима солинган.

Тошкент вилоятида 2017 йил мобайнида жами 1394 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг 223 таси (91 нафари мансабдор шахс) чиқиндиларга боғлиқ бўлиб, бу умумий қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан 40,8 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, ушбу қонунбузилиши оқибатида 133 миллион сўмдан зиёдроқ жарима солинган. Йил давомида хўжалик юритувчи субъектлардан чиқиндиларни жойлаштирганлик учун жами 1,7 миллиард сўм компенсация тўловлари ундирилган.

Депутатларнинг фикрича, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича таъсирчан механизмларнинг етарли эмаслиги, қонун нормалари такомиллашмагани, шунингдек, ундаги бўшлиқлар аҳоли пунктларини маиший ва саноат чиқиндилари билан ифлослантирган шахсларни жавобгарликка тортишда қонуний асос йўқлиги оқибатида бир қатор муаммолар келиб чиқмоқда. Ҳудудларда саноат, рўзғор чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик ҳолатига маъмурий жазо чораси қўлланилишини кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Ҳудудларда барча турдаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, қайта ишланиши ва кўмиб ташланишида қонун нормаларига қатъий риоя этиш чораларини кўриш ва чиқиндиларни белгиланган меъёрлардан ортиқча жойлаштиргани учун иқтисодий жавобгарлик механизмини кучайтириш зарурлиги қайд этиб ўтилди. Шунингдек, мазкур соҳада қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш тавсия қилинди.

Таҳлил этилган ҳудудларда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўкиш мумкин эмаслиги, бунинг атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсири тўғрисидаги тарғибот-ташвиқот ишлари борасида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, давра суҳбатлари ва амалий тадбирларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Кенгайтирилган йиғилишда кўтарилган масала юзасидан муҳокамалар, билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 85

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2018
Янги қўмита қандай ишлаяпти?

Қўмита аъзолари ҳар ойда 10-15 кун давомида жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқотлар ...

17.10.2018
Халқ манфаатига мос иш тутилмоқда

Таъкидланганидек, фракция аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни айнан аҳолини қийнаётган...

17.10.2018
Фракция аъзолари юборган 33 депутатлик сўровининг тақдири не бўлди?

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун...

Тадбирлар тақвими