Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Дарсликлар таъминоти: муаммо, таклиф ва ечим

Дарсликлар таъминоти: муаммо, таклиф ва ечим

2018 йил 5 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида республикамиздаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг давлат стандартлари ҳамда талаблари асосида янги авлод дарсликлари ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда қўмита аъзолари, парламент  қуйи палатаси депутатлари, тегишли таълим муассасалари, шунингдек, Республика мақсадли китоб жамғармаси ва “Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси раҳбарлари  ҳамда  Хоразм, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри халқ таълим, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари, мактаб ва касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнларида мазкур соҳадаги қатор муаммолар ҳал этилиб борилмоқда. 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши, ўқитувчи-педагогларнинг ойлик иш ҳақи оширилиши, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ҳамда ўқитувчиларнинг таълим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли кўринишдаги жамоат ишларидан буткул озод этилгани бу борадаги муҳим ижобий ўзгаришлардан саналади.

Бироқ тизимда, жумладан, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳозиргача сақланиб қолаётган, ечимини кечиктириб бўлмас муаммолар ҳам талайгина. Бу ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда яққол намоён бўлди. Хусусан, ўрганилган туманларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси пастлиги аниқланди. Жумладан, ўтган ўқув йили бошланганига 4 ойдан ошганига қарамасдан, ўрганилган барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан тўлиқ таъминланмагани, бошқаларида эса дарсликлар эскириб кетгани туман халқ таълими бўлимларининг бу борадаги маълумотлари ошириб кўрсатилгани оқибатида ҳақиқий ҳолатга мос келмаслигини кўрсатди. Масалан, 2018 йил 18 январь ҳолатига, Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги барча 36 та умумтаълим мактабида 10-синф бўйича 896 дона ҳуқуқ фани дарслиги умуман мавжуд эмас, 8 та умумтаълим мактабида эса, 5-10-синфлар бўйича жами 200 донага яқин дарслик ўқувчиларга умуман етказиб берилмаган. Аксарият ўқувчиларга фақат эски дарсликлар тарқатилган.

Йиғилишда депутатлар бу каби камчиликлар жорий ўқув йилида ҳам кузатилаётганини ачинарли ҳолат сифатида танқид қилди. Жумладан, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасалари таълим ўзбек, рус ва тожик тилларидаги 745079 тўплам дарсликлар билан, яъни ортиқча 63 669 тўплам дарсликлари билан таъминланган бўлсада, 3-синф бўйича дарсликлар 98 фоизга таъминланган. Дарсликлардан фойдаланиш муддатининг 2 йилликдан 3 йилликка ва 4 йилликдан 5 йилликка узайтирилгани натижасида 2021 тўплам дарслик етишмаслиги аниқланди. Вилоятдаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 68970 нафар ўқувчидан 67484 нафари дарслик билан таъминланган  бўлиб, 1486 тўплам дарсликка эҳтиёж мавжуд.

Хоразм вилоятида ҳам дарсликлар 3-синфлар учун таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда 96,4 фоиз, таълим қозоқ тилидаги мактабларда — 67, 4-синфлар учун ўзбек мактабларида — 98,8, қозоқ мактабларида — 82, 5-синфлар учун қозоқ тилли мактабларда —  68, туркман тилида дарс берадиган мактабларда — 70 фоизга, 11-синфлар учун таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларда 86 фоизга дарсликлар билан қамраб олинган, холос.

Ҳар икки вилоятда жорий ўқув йили бўйича умумтаълим мактаблари учун буюртмалар шакллантирилган бўлса-да, жорий йилнинг 2 октябр ҳолатига кўра, айрим  дарсликлар ҳали етиб келмаган. Умуман олганда, янги ўқув йилининг иккинчи ойи бошланганига қарамасдан, республикадаги умумтаълим мактаблари бўйича тиллар ва синфлар кесимида етишмайдиган дарсликларни Халқ таълими вазирлиги томонидан қайта тақсимот қилиш ишлари ҳалигача ниҳоясига етказилмаган.

Шунингдек, йиғилишда ўрганилган ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам дарслик ва ўқув адабиётлар, жумладан, умумтаълим фанлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.  

Тадбирда сўзга чиққан депутатлар ва турли соҳа вакиллари дарсликлардан фойдаланиш даврининг узайтирилиши муносабати билан пайдо бўладиган адабиётлар танқислигини йўқотилган ва яроқсиз ҳолга келган дарсликлар учун тўланган жарималар ҳисобидан ўрнини қоплаб бориб, қайта нашр ишларини ташкил этиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Дарсликларнинг умумтаълим мактабларига қадар ўз вақтида етказиб берилиши, фойдаланиш муддати тугаган дарсликларни таълим муассасаларидан олиб чиқиб кетиш ва утилизация қилишнинг қатъий назорат тизимини яратиш каби муҳим масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, соҳага оид ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш масаласи ҳам чуқур муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 

Кўришлар сони: 2352

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

10.12.2018
Қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг эътирозига, жиддий танқидига сабаб бўлди

2018 йил 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис...

07.12.2018
Тараққиётимизнинг мустаҳкам кафолати

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигинин...

Тадбирлар тақвими