Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Мавсумий ишлар ихтиёрийлик касб этмоқда

Мавсумий ишлар ихтиёрийлик касб этмоқда

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича парламент комиссияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда Оққўрғон туманида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги” 105-Конвенцияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини қишлоқ хўжалиги ходимларига етказишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Парламент комиссияси ҳамда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, ишчи ходимлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига мувофиқ яратилган норматив-ҳуқуқий база фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

— Миллий қонун ҳужжатларимизда болаларни меҳнатга жалб этиш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, жумладан, бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида иш бажаришга мажбурлашга қатъий тақиқ назарда тутилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева. — Меҳнат қилишга бирор бир шаклда мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон ХМТнинг мажбурий меҳнат тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилган болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги қатор конвенцияларини ратификация қилган. “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги” 105-Конвенцияси ҳам шулар жумласидандир.

Тадбирда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида 2013 йилдан буён пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат устидан халқаро ва миллий мониторинг олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган изчил чоралар натижасида юртимизда болалар меҳнати тўла бартараф этилгани, мажбурий меҳнат хавфи йилдан-йилга камайиб бораётгани бугун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмоқда.

АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан 2018 йил 20 сентябрь куни эълон қилинган болалар меҳнатининг ёмон шакллари тўғрисидаги 2017 йилги ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон тўртинчи ўриндан иккинчи ўринга кўтарилди. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида “қонунчилик билан тартибга солиш, ҳуқуқни қўллаш, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳукумат сиёсати ва ижтимоий дастурлар билан боғлиқ айрим жиҳатлар бўйича салмоқли чоралар кўрган мамлакатлар” тоифасига киргани ҳам бу фикрнинг яққол исботидир.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиргани шубҳасиздир. Зеро, пахта харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб икки баробарга оширилиши, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилиши иқтисодий манфаатдорликни янада оширади. Эътиборлиси, давлатимиз томонидан жорий йил теримчилар билан пахта майдонининг ўзида кунлик ҳисоб-китоб қилиниши улар учун яратиб берилган қулайликлардан биридир.

Бу йилги пахта терими фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали ташкиллаштирилмоқда. Кўнгилли сифатида мурожаат қилган фуқароларга давлат томонидан транспорт хизматлари, ётоқ жой ҳамда тушлик бепул таъминланади.

— Бу йилги пахта терим мавсумида уюшмаган, вақтинча банд бўлмаган ва ўз хоҳиши билан пахта теришга чоғланган, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80-100 нафарини бирлаштириб, отряд шаклида теримни ташкил этган фаол фуқаролар меҳнати муносиб рағбатлантирилади, — дейди Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юрисконсульти Фаридун Нафасов. — Пахта теримида ихтиёрий тарзда қатнашиш истагини билдирган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан ҳимоя қилинади ҳамда улар учун мавсумда барча зарурий шароитлар яратиб берилади.

Қизғин мунозара, очиқ мулоқот шаклида ўтган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга Қонунчилик палатаси депутатлари ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ходимлари атрофлича жавоб қайтардилар.


Кўришлар сони: 11762

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими