Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Халқ табобатининг ҳуқуқий асослари: амалиёт ва халқаро тажриба

Халқ табобатининг ҳуқуқий асослари:  амалиёт ва халқаро тажриба

2018 йил 11 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Халқ табобатининг ҳуқуқий асослари: амалиёт ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда депутатлар, соғлиқни сақлаш тизимининг етакчи мутахассислари, тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, Ўзбекистон халқ табобати академияси олимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, татбиқ этилаётган мақсадли дастурлар билан бир қаторда, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган халқ табобатини ривожлантириш, уни ҳуқуқий томонидан мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик тизимини шакллантириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар халқ табобати анъаналари асосида дори воситаларини яратиш ва ундан амалиётда фойдаланиш, Ўзбекистонда доривор ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш, йўқолиб бораётган айрим ўсимликларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш, юртимизда табиблик билан шуғулланаётган фуқаролар фаолиятини қонун доирасида тартибга солиш ҳамда уларнинг меҳнат фаолиятини ҳуқуқий ҳимоялаш, табобат илмини ривожлантириш учун кенг шарт-шароитлар яратиш, мазкур йўналишдаги ўқув адабиётлари сонини кўпайтириш ишлари бугунги куннинг долзарб масаласи эканини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилишича, бугунги кунда дунё миқёсида халқ табобатини ҳуқуқий тартибга солиш сезиларли даражада жадаллашиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўзининг аъзо давлатлари билан биргаликда ҳар бир мамлакатнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб, мазкур соҳадаги сиёсатни ишлаб чиқишга кўмаклашмоқда. Ҳозирги кунда ЖССТга аъзо 130 га яқин мамлакатда халқ табобатинниг ҳуқуқий мақоми белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида халқ табобатига ҳуқуқий баҳо берилмаган, яъни, унинг ҳуқуқий мақоми аниқланмаган. Бироқ амалиётда мамлакатимизда халқ табобатидан турли хил касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда кенг фойдаланилмоқда.

Маълумотларга қараганда, дунё аҳолисининг учдан бир қисми, айрим Осиё ва Африка мамлакатларининг деярли ярмидан ортиғи замонавий тиббиётнинг асосий дори воситаларини харид қилиш имконига эга эмас.

Халқ табобати дори воситаларини дунё бўйича кенг истеъмол қилишга қизиқишнинг ортиб бориши унинг хавфсизлигини таъминлашнинг стандартлари ишлаб чиқилиб, жорий этилишини, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакаси ва масъулиятини янада оширишни қонун билан тартибга солиниши лозимлигини тақозо қилмоқда. Бу нафақат соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларини, шу билан бирга, кенг аҳоли қатламини ҳам бирдек ўйлантириб, ташвишга солади, албатта. Уни ҳал қилишда миллий сиёсат соҳани ҳуқуқий баҳолаш, тартибга солиш ва бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида халқ табобати борасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, бу юзасидан қонунчилик тизимини такомиллаштириш, масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур йўналишда миллий амалиёт билан бир қаторда халқаро тажриба ҳам таҳлил қилинди.

Соҳанинг қонунчилик тизимини яратиш хусусида депутатлар, эксперт ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Иштирокчиларнинг таклифлари умумлаштирилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 978

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими