Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Меҳнат муҳофазаси: Миллий ва халқаро тажриба уйғунлигида таъминланади

Меҳнат муҳофазаси: Миллий ва халқаро тажриба уйғунлигида таъминланади

Жорий йилнинг 24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат хуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда «Қишлоқ ҳўжалигида, саноат ва савдода меҳнат муҳофазаси: миллий ва халқаро тажриба, истиқболдаги режалар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Парламент комиссияси аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Давра суҳбатида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва жамоа музокараларига доир стандартларининг Ўзбекистон Республикасида имплементация қилиниши ҳолатини баҳолаш, хусусан, келажакда мазкур халқаро ташкилотнинг 81 ва 129-сонли конвенцияларини ратификация қилиш имкониятларини ўрганиш ҳамда тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солишда мавжуд миллий қонунчилик базаси билан бир қаторда, давлатимиз томонидан имзоланган халқаро шартномалар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида имзоланган Муносиб меҳнат бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган дастур, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, мамлакатимизнинг меҳнат қонунчилигини янада такомиллаштириш, шу жумладан ХМТнинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим вазифалар белгиланган.

ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари нормалари ва талабларининг ташкилотларда ижро этилиши устидан мониторинг ҳамда назорат қилиш ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси томонидан ҳам корхона ва ташкилотларда, тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар нормаларини қўллаш, мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенцияларига мувофиқ айни пайтда миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.

БМТ маълумотларига кўра, бугун сайёрамизнинг 45 фоиз аҳолиси, яъни 3 миллиарддан ортиқ инсон ишчи кучи ҳисобланади. Дунё бўйича меҳнатга қобилиятли аҳоли рейтинги бўйича Ўзбекистон 35 ўринда (18 миллионга яқин) қайд этилган. Ҳозирги кунда эса, республикамизда банд бўлган аҳоли 12,2 миллион нафарни ташкил этади.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг 14 та Конвенцияси (шу жумладан, 8 та асосий конвенциянинг барчаси) ратификация қилингани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-конвенцияси ҳамда Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-конвенцияларидаги аксарият нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 81–сонли конвенция бугунга қадар 145 та, 129-сонли конвенция эса, 53 та мамлакат томонидан ратификация қилинган.

Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, ХМТнинг 81-сонли конвенцияси, Саноат иш жойларидаги меҳнат инспекцияси тизими қўлланилиши меҳнат инспекторлари томонидан таъминланадиган меҳнат шароитларига доир ва иш жараёнида меҳнаткашларни муҳофаза қилишга оид қонун-қоидалар қўлланиладиган барча иш жойларини қамраб олади.

ХМТнинг 129-сонли конвенциясида қайд этилган қишлоқ хўжалигидаги меҳнат инспекцияси тизими, меҳнаткашларни ёллайдиган ёки шогирдлик усулида жалб қиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари, уларнинг ишчи ходимларга ҳақ тўланиши, шартнома тури, шакли ва давомийлиги қандай бўлишидан қатъи назар, қўлланилиши айтиб ўтилди.

Меҳнат инспекцияси тизимининг вазифалари, меҳнат шароитларига ва иш жараёнида меҳнаткашлар хавфсизлигини таъминлашга доир қонун-қоидалар ва бошқалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилишича, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштиришга, унга халқаро стандартларни амалиётга самарали татбиқ этишда қўл келмоқда.

Шунингдек, муҳокамаларда мазкур конвенцияларнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда унинг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

Тадбир сўнгида мазкур масала юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 899

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.09.2018
Демократия ахборот очиқлиги демакдир

2018 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

14.09.2018
Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини...

14.09.2018
Сайёрамиз бошпанасини асрашга ҳар бир мамлакат масъул

Тадбирда қайд этилганидек, 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул...

Тадбирлар тақвими