Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Нега салоҳиятнинг атиги 1 фоизидан фойдаланилмоқда?

Нега салоҳиятнинг атиги 1 фоизидан фойдаланилмоқда?

Айни кунларда парламент қуйи палатасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор бир қатор муҳим қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

2018 йилнинг 8 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамкорликда сиёсий партиялар фракциялари иштирокида ўтказган Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам тортишувларга бой бўлди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби энергетика соҳасини, хусусан қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришни сиёсий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда. Бироқ мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида қулай ташкилий, илмий, иқтисодий ва географик имкониятлар бўла туриб, миллий иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигича қолмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларини саноат ишлаб чиқаришига жалб этиш ҳисобига ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермайди. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги кунда юртимизда мазкур салоҳиятнинг атиги 1 фоизи ўзлаштирилган. Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда бирламчи ёқилғи сифатида, асосан, табиий газ ва бошқа анъанавий углеводород ёқилғи турларидан фойдаланилмоқда.

Шу муносабат билан, бугунги кунда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш мақсадида махсус қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурияти пайдо бўлди.

Муҳокама этилган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 21 июлида биринчи ўқишда қабул қилинган. Ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад мамлакатнинг иқтисодий, энергетика ва экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида энергия ишлаб чиқиш жараёнларида углеводород ресурсларини тежаш ҳамда атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборатдир.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ва соҳани ривожлантиришнинг устуворлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий нормаларини белгилаш билан бир қаторда, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида имтиёз ва преференциялар бериш тартиби белгиланган. Инвестицион фаолиятни рағбатлантириш, шу жумладан миллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратишнинг ҳуқуқий механизми яратилмоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида энергия тарифи сиёсати белгиланмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида махсус давлат органининг ваколатлари аниқ кўрсатилиб, унинг ҳузуридаги соҳани ривожлантиришга йўналтирилган махсус жамғарма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Тадбирда мазкур қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди. Таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидлашича, қайта тикланувчи энергия манбалари орқали иқтисодиёт тармоқларини, ҳудудларимизни, аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш мумкин, бу эса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шу сабабли, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари учун қонун лойиҳасида “яшил тариф”ларнинг жорий этилиши соҳада қулай инвестицион муҳитни яратишга имкон беради. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг концептуал ғоялари ва нормалари ЎзЛиДеПнинг иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ғоя ва мақсадларига тўла мослиги қайд этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини устувор қўллаб-қувватлаш ҳамда улар экспорт салоҳиятини оширишнинг ҳуқуқий асосларини таъминловчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали энергетика соҳасидаги барқарорлик ва хавфсизлик, энергия мустақиллиги каби масалалар ҳам ўз ечимини топади. Айни жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари муҳокама этилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдиришди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари эса, партиянинг Сайловолди дастурида аҳолига кўрсатиладиган коммунал хизматларнинг узлуксиз ва юқори сифатли бўлиши учун соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, жумладан, энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини ҳамда ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллаш ҳисобига коммунал хизматлар таннархини пасайтириш, тарифларнинг тегишлича барқарорлаштиришни таъминлаш масаласига эътибор қаратдилар. Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида соҳада махсус ваколатли органни аниқ кўрсатиш ва улар ваколатларига аниқлик киритиш лозим. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишидан мамлакат аҳолиси, айниқса, партия электорати жуда катта манфаатдордир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари партия ўз Сайловолди дастурида энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини пасайтириш, муқобил энергия манбалари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиб, такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратганини таъкидладилар. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш ғоясини илгари суради. Шу муносабат билан, энг аввало, соҳани ривожлантириш учун муҳокама этилаётган қонун лойиҳасини қабул қилиш лозим. Бу ушбу соҳанинг жадал тараққий этишига, пировардида иқтисодиётимизнинг узлуксиз ривожланишини таъминлашга, маҳаллий даражада мавжуд энергия билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига ҳамда мамлакатимизнинг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилишига хизмат қилади.

Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш билан ҳамоҳанг равишда саноатнинг барча тармоқларида энергия сарфини камайтиришга, айниқса, келажак энергияси ҳисобланаётган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга муҳим аҳамият қаратилиши зарур. Чунки, бутун республика иқтисодиётини таъминлайдиган электроэнергия манбаининг катта қисми фақатгина қазиб олинадиган ёқилғи ҳисобидан олиниши атроф-муҳитга жуда катта зарар етказувчи омил бўлиб қолмоқда. Шу боисдан, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига иккинчи ўқишда киритишни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бир сўз билан айтганда, фракциялараро баҳс-мунозаралар якунида ишчи гуруҳи томонидан маромига етказилган ва иккинчи ўқишга тайёрланган «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритиш учун тақдим этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 328

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2018
Давлат гранти “Учинчи сектор” фаоллигини янада оширади

Давлат грантлари доирасида жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш, камқонлик в...

18.08.2018
Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 1...

17.08.2018
Депутатлар аҳолининг соғлом овқатланиши масаласини таҳлилий ўрганмоқда

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ...

Тадбирлар тақвими