Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ижтимоий муҳофазага муҳтож болалар ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланади

Ижтимоий муҳофазага муҳтож болалар ҳуқуқлари   қонун билан ҳимояланади

Ўзбекистон аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар, 64 фоизини эса, 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда айнан шу қатлам — ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида болалар ва ёшларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, айниқса, кўп фарзандли оилаларни, етим, оила муҳитидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта аҳамият берилади.

1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид дастлабки халқаро ҳужжат — “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бу эса, кейинчалик “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишига асосий туртки бўлди. Бугунги кунда “Таълим тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ва бошқа қонунчилик актлари вояга етмаганлар, болалар ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Жорий йил 25 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқий кафолатлари: амалиёт, муаммо ва истиқболдаги режалар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ана шу ҳуқуқий базани — ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум ҳамда етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Депутатлар ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаси вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этган тадбирда ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, соғлиғини муҳофазалаш, ҳаётга мослашиши бўйича қонунчилик тарқоқ ҳолатда, яъни бир нечта қонунларда акс эттирилганлиги таъкидланди. Бундай болаларни ҳимоя қилиш борасида алоҳида яхлит қонун қабул қилинмаган. Шу боис, айрим ҳолатларда уларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, ҳатто уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари учрамоқда.

Депутатларнинг ўрганишлари чоғида, масалан, Тошкент шаҳрида 2016-2017 йиллар давомида уй-жойга муҳтож бўлган 118 та етим болаларнинг аризаси рўйхатга олингани, улардан 50 таси бугунги кунга қадар ҳам ҳал этилмагани аниқланган. Айрим ҳудудларда бундай болаларга ажратилаётган уйларнинг аҳволи яхши эмаслиги, эски ва нураб кетгани, кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг коммунал тизими носозлиги, яшаш шароити яратилмагани, шу жумладан ижарага берилганларининг шартнома муддатлари тугаши билан чиқариб юборилиши, хусусийлаштириш мумкин эмаслиги ижтимоий ҳимоядаги болалар олдига кескин муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай ҳолатларга Тошкент шаҳрида, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида дуч келинган.

Айни муаммолардан келиб чиқиб, давра суҳбатида бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қўмита томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва етим болаларнинг алоҳида ҳуқуқлари кафолатланишини белгилаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, соғлиғини тиклаши, уй-жой билан таъминланиши ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишига оид нормалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Энг муҳими, қонун лойиҳасида бундай болаларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалашда юридик хизмат ва суд ҳимояси каби тушунчалар киритилиб, янги механизмлар жорий қилиш таклиф этилмоқда.

Тадбирда қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди ҳамда давра суҳбати якунида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга оид тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 8159

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.02.2020
Депутатлар муҳим масалалар юзасидан олимлар фикрини ўрганмоқда

Маълумотларга кўра, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши оқибатида хар йили 7 миллион нафар инсон ҳаётдан...

27.02.2020
Депутатлар ёшлар билан учрашди

2020 йил 27 февраль куни Тошкент давлат архитектура институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси...

27.02.2020
Спикер ўринбосари А.Ҳаитов cурхондарёлик сайловчилар билан мулоқот қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов халқ ...

Тадбирлар тақвими