Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Шошилинч тиббий ёрдам сўралганда рад этиш тақиқланади

Шошилинч тиббий ёрдам сўралганда  рад этиш тақиқланади

...Кутилмаганда йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Оғир жароҳат олган йўловчининг ҳаёти хавф остида қолди. Уни зудлик билан энг яқин тиббиёт муассасасига, дейлик, кўз касалликлари шифохонасига етказишди. Бироқ у ерда бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмаслигини айтиб, бошқа шифохона манзилини беришди...

Беморни айтилган шифохонага етказишгунича унинг аҳволи оғирлашиб, жони узилди...  

Бундай ҳолларда ким айбдор бўлади: кутилмаганда фалокатга учраган фуқароми ёки эгнига нажот халатини кийиб, инсонлар саломатлигини асрашни ўзига бурч деб билган бўлса-да, беморга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишдан бўйин товлаган шифокорми?

Парламент қуйи палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан барча партия фракциялари аъзолари иштирокида ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишда айни масала хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам мулкий шакли ва бошқарувидан қатъи назар барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши, ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланиши белгиланган эди.

Ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳаси киритилди.

Парламент қуйи палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси барча партия фракциялари аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилиб, кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Қонун лойҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш орқали тиббиёт муассасалари раҳбар ва масъул ходимларининг мазкур муассасалар томонидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этилгани учун маъмурий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган.

Бироқ, депутатларнинг фикрича, ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қонунчилик талаблари асосида пишиқ-пухта ишланиши керак. Ҳолбуки,  Ҳукумат киритган мазкур қонун лойиҳасида Президент қарорида кўзда тутилган вазифалар тўла акс эттирилмаган. Жумладан, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Иноят ХАЖИЕВнинг таъкидлашича, нафақат мазкур қонун лойиҳасида, балки мамлакатимизнинг бошқа қонун ҳужжатларида ҳам “Ҳаёт ҳолати хавф остида бўлган шахслар”, “Соғлиғининг ҳолати хавф остида бўлган шахслар”, “Шошилинч”, “Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар”, “Тиббий ёрдамни асоссиз рад этиш” каби тушунчаларга изоҳ берилмаган, ҳуқуқий тавсифланмаган.  

— Бундан ташқари, Президент қарори ва унинг асосида тайёрланган қонун лойиҳаси мазмуни ўртасида бир қанча фарқ мавжуд, — дейди  Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мухаррам ДАДАХОДЖАЕВА. —  Бунда субъект масаласига аниқлик киритиш талаб этилади. Қарорда “тиббиёт муассасалари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилаш назарда тутилган бўлса, қонун лойиҳасида эса, мансабдор шахслардан ташқари фуқаро, яъни, тиббиёт муассасаси мансабдор бўлмаган хизматчиларининг жавобгарлиги ҳам белгиланган. Шунингдек, қарорда тиббиёт муассасаси томонидан бемор қаерда бўлишидан қатъи назар, қонун лойиҳасида эса, беморга айнан бевосита тиббиёт муассасаси биносида биринчи ёрдам кўрсатиш асоссиз рад этилганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилган. Бу,  ўз навбатида, шошилинч ва  кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни  асоссиз рад этиш ҳолатлари юзага келган тақдирда мансабдор шахсларнинг ўз ваколатидан фойдаланиб, жавобгарликдан қутулиб қолиши, оддий ходимларнинг эса жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Зумрад БЕКАТОВАнинг фикрича, қонун лойиҳасида келтирилган норма белгиланадиган бўлса, барча тиббиёт муассасаларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт бўлган ҳолатлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб,  тасдиқланиши керак. Шу билан бирга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бундай ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳажми белгиланиб, зарур тиббий жиҳозлар, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг энг кам меъёрлари ишлаб чиқилиши лозим. Умуман, барча тиббиёт муассасаларида биринчи ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур шароит яратилиши даркор. 

Йиғилишда қўмита аъзолари ва барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасини таҳрирдан ўтказиб, сўнг парламент қуйи палатаси мажлисига биринчи ўқишга тайёрлаш ҳақида келишиб олинди.  

Кўришлар сони: 10669

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими