Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Алоҳида тоифадаги аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари муҳокамасида

Алоҳида тоифадаги аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳалари сиёсий партиялар фракциялари муҳокамасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар Қўмитасининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қўмита аъзолари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутаталр гуруҳи вакиллари, эксперт гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ва ходимлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида кўриб чиқилаётган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, мазкур ҳужжат фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш, шунингдек пенсиялар тўғри тайинланганлиги ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишлар натижасига кўра аниқланган ортиқча тўловларни пенсиялардан ушлаб қолиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Йиғилишда Қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, мунозаралар вақтида Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари томонидан қонун лойиҳаси партия дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос келиши, шунингдек давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанглиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари мазкур қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаситомонидан тасдиқланадиган рўйҳатларга мувофиқ алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш белгиланганлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини, яъни бу масала уларнинг саломатлигини сақлашда муҳим омиллардан бир эканлигини маълум қилдилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси аъзолари қонун лойиҳаси айрим нормаларига эътироз билдириб, унинг моддаларига киритилаётган қўшимчалар асослантирилмаганини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, имтиёзли пенсияга чиқишга эга бўлган алоҳида шахсларнинг рўйҳати ҳукуматнинг қарори билан тасдиқланадиган рўйҳатга мувофиқ амалга оширилиши тўғрисидаги қоидалар ҳаволаки нормаларда баён этилгани, уларни айнан мана шу қонун лойиҳасида акс эттириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келажакда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳам ижтимоий ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, шу боис унинг нормаларида акс эттирилаётган имтиёзлар хаётийлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Қизғин баҳс-мунозара тарзида кечган муҳокамалар давомида қонун лойиҳаси бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларига ишчи гуруҳи аъзолари, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Бундан ташқари, йиғилишда Қўмитада 2-ўқишда кўриб чиқилаётган ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни назарда тутувчи яна иккита қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан фракциялар ва депутатлар бирлашмалари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Қўмита томонидан уларни мутахассислар билан биргаликда яна бир бор кўриб чиқиш белгилаб олинди.

 


Кўришлар сони: 1520

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.11.2018
ЎзЛиДеП фракцияси таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мисол учун, 2018 йилда 9,6 трлн. сўм маблағ мазкур тизимга йўналтирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан...

17.11.2018
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм...

17.11.2018
2019 йил Бюджетномаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими