Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

2010 йил 27 сентябрь куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги «Мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — бизнинг устувор мақсадимиз» маърузасидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган Жамоат фондининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастурларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, комиссия вакиллари томонидан 2010 йилнинг июнь-июль ойларида ўтказилган тўртта республика грант танловларининг натижалари маълум қилинди. Танловлар бўйича 400дан ортиқ лойиҳа тақдим этилган. Парламент комиссиясининг қарорига кўра, республикамизнинг барча ҳудудларидан тақдим қилинган 740 млн. сўмликка яқин бўлган 90 га яқин ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа қуйидаги йўналишлар бўйича молиялаштирилиши белгиланди.

Биринчи, ННТларнинг аҳолини иш билан таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик ва касаначилик ҳамда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлардаги иштирокини фаоллаштириш. Ушбу йўналиш бўйича жами 35 га яқин ННТнинг лойиҳалари 330 млн. сўмликдан ортиқ маблағ билан молиялаштирилишига қарор қилинди.

Иккинчи, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, ёшларда соғлом ва мустаҳкам оила қуришга интилишни шакллантириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ҳамда ташқаридан кириб келувчи «оммавий маданият» таҳдидлари ва таъсирларидан асраб қолишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш. Ушбу йўналиш бўйича жами 20 га яқин ННТнинг лойиҳалари 160 млн. сўмликдан ортиқ маблағ билан молиялаштирилишига қарор қилинди.

Учинчи, аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, экологик ноқулай ерларда, шу жумладан, Оролбўйида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш. Бунда сув, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув объектлари ва ҳавонинг ифлосланиши даражасини камайтириш бўйича туркум семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Ушбу йўналиш бўйича жами 10 га яқин ННТларнинг лойиҳалари 60 млн. сўмликдан ортиқ маблағ билан молиялаштириладиган бўлди.

Тўртинчи, ногиронларга таълим-тарбия бериш учун қулай шароитлар яратиш, уларни ҳар хил касбларга ўқитиш, ҳуқуқий билимини ошириш, улар жамиятлари ва уюшмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш йўналиши бўйича 20 дан ортиқ ННТларнинг лойиҳалари 190 млн. сўмликдан ортиқ маблағ билан молиялаштириладиган бўлди.

Йиғилишда, шунингдек Нодавлат электрон ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳридаги Қандли диабет билан оғриган ногирон болалар «Софдил» уюшмаси томонидан Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ишлатилиши масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида Парламент комиссиясининг 2010 йилга мўлжалланган ахборот – таҳлилий иш режасига асосан Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан тайёрланган Ўзбекистонда мустақил босма ОАВнинг ривожланиш ҳолати ва истиқболлари бўйича таҳлилий маърузаси тингланди. Маърузада таъкидланганидек, Ўзбекистонда босма ОАВ ривожланиши учун етарлича қонунчилик базаси шакллантирилди, даврий матбуот тизими янгидан тузилди, янги ижтимоий-сиёсий газеталар ташкил этилди, жамиятнинг барча гуруҳ ва қатламларига мўлжалланган газета ва журналлар пайдо бўлди. Маҳаллий ОАВнинг халқаро ахборот маконига интеграциялашуви таъминланган, интернет тармоғида вазирлик, идоралар ва маҳаллий органларнинг веб-сайтлари ташкил этилган. Давлат томонидан ахборот маконининг барча иштирокчилари учун уларнинг мулк шакли, адади, қамрови ва ахборот органининг мавзу йўналишидан қатъи назар, соф рақобат учун барча зарур шароитлар яратилган.

Шу билан бирга, Парламент комиссияси аъзолари таъкидлаганларидек, бугунги тезкор давр ОАВ жамоатчилик фикрини билдириш ва шакллантиришнинг самарали воситаси сифатида ўз фаолиятини кенгайтириш бўйича яна кўп ишларни амалга оширишини тақозо этмоқда. Шунинг учун маҳаллий ОАВ маҳсулоти сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қиладиган даврий матбуот бозори, тижорат ва ҳудудий нодавлат мустақил босма ОАВ фаолияти учун шароитларни янада кенгайтириш, ижодий ғоялар рақобатини ривожлантириш, соҳадаги дастур ва лойиҳалар бўйича чора-тадбирларни давом эттириш керак бўлади.

Барча кўриб чиқилган масалалар бўйича Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 10687

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

12.07.2019
Қонун лойиҳаси нега қайта номланди?

2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...

Тадбирлар тақвими