Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмита аъзолари ҳудудлардаги гемодиализ хизмати ҳолатини таҳлилий ўрганди

Қўмита аъзолари ҳудудлардаги гемодиализ хизмати ҳолатини таҳлилий ўрганди

Мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, хусусан, нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолатини таҳлил этиш, буйрак касалликларини эрта аниқлаш ва диспансер назоратини кучайтириш, нефрология ва гемодиализ хизматига оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бугуннинг долзарб масаласидир. Ушбу омилларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Республикада нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолати: муаммо ва ечими” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги масъул ходимлари, олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда жойларда аҳоли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганлигини ҳамда соҳада эришилаётган ижобий ўзгаришларни мамнуният билан эътироф этмоқда. Бундай ўзгаришларда тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш борасида Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 30 дан ортиқ фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда ўтган 2017 йил мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан ислоҳотлар йили сифатида тарихга киргани таъкидланди. Мазкур йилда соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий хизмат, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, тиббий таълимни ривожлантириш каби йўналишларида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, юртимизда 793 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилиб, уларда тор соҳа мутахассисларининг фаолияти йўлга қўйилди, аксариятида тез тиббий ёрдам шохобчалари ва кундузги стационарлар очилди. Натижада жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг муайян даражада яхшиланиши ҳамда уларнинг кўлами кенгайиши таъминланди.

Таъкидлаш жоиз, республика ва вилоят даражасидаги тиббиёт муассасалари мутахассисларининг туманларга (шаҳарларга) бориб, у ердаги аҳолига зарур тиббий хизматлар кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббиёт ходимлари учун маҳорат дарслари ўтиш амалиёти кучайди. Яъни, 2016 йилда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари томонидан жойларда 30 минг нафар фуқарога ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 220 минг нафарга етди (7 баробардан кўпроққа ошди). Шунингдек, 2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалар 400 тага кўпайиб, уларнинг сони қарийб 4 мингтага етди. Хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган тиббий фаолият турлари 50 тадан 126 тагача кўпайди. Бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилди ва “Асакабанк” ҳузурида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Бу каби омиллар соҳанинг янада ривожланишида муҳим омил бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўзининг 2017 йил 22 декабрь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифларини берган эди. Жумладан, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишларга тўхталар экан, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётганлигини, муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишларимизни изчил давом эттиришимиз кераклигини таъкидлаган эди. Белгилаб берилган устувор йўналиш ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишлар Қонунчилик палатаси томонидан тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида қўмита аъзолари томонидан жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида ҳудудлардаги гемодиализ хизмати ҳолати ўрганилди. Гемодиализ - бу буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, муҳтож беморлар ҳаётини сақлайди. Бугунги кунда республикамизда бу хизмат йўлга қўйилган бўлиб, барча минтақаларда ҳамда заруратдан келиб чиқиб, республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида гемодиализ ускуналари ўрнатилган ва гемодиализ хизмати ташкил этилган.

Йиғилишда Республика бўйича 3608 нафар бемор гемодиализга муҳтож эканлиги аниқланганлиги алоҳида қайд этилди. Ўтган йил давомида ҳудудларда буйрак етишмовчилиги юзага келган жами 3967 нафар беморга гемодиализ муолажалари ўтказилган. Бугунги кунда мавжуд гемодиализ ускуналарининг 11 таси таъмирталаб аҳволда эканлиги, аммо таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги аниқланди. Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ хизмати сифатини яхшилаш учун барча ҳудудларни соҳа мутахассислари ҳамда гемодиализ аппаратлари билан эҳтиёждан келиб чиқиб тўлиқ таъминлаш, мавжуд тиббиёт ускуналарига ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ҳамда гемодиализ жараёнида фойдаланиладиган сарфлов материалларини узлуксиз етказиб бериш чораларини кўриш лозимлиги иштирокчилар томонидан алоҳида айтиб ўтилди. Шу билан бирга, буйрак касалликларини эрта аниқлаш, бунда аҳолининг ушбу касалликлар ва улар асоратларининг олдини олиш бўйича тиббий маданиятини юксалтириш, нефрология ва гемодиализ хизматининг меъёрий ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Давра суҳбатида аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ хизмати сифатини яхшилаш юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 1927

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2018
Суғориш иншоотлари таъмирланадиган бўлди

Вилоятда шу кеча кундузда 20339 та фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Шуларнинг 8058 таси ғў...

22.06.2018
Фракция раҳбари фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди

Бугун Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов "Ғўзада кафолатли...

22.06.2018
Сувни тежовчи замонавий технологиялар амалиётга кенг жорий қилинмоқда

Аввал хабар қилинганидек, жойларда парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан қишлоқ хўжалигида ...

Тадбирлар тақвими