Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонунлар ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди

Қонунлар ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди
2018 йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан 2017 йилда қонунлар ижроси бўйича олиб борилган назорат-таҳлил натижалари юзасидан қўмита эшитуви ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, қўмита 2017 йил давомида “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда 3 та қонун яъни Сирдарё вилоятида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, ва Қашқадарё вилоятида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг ижроси юзасидан назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширди. Мазкур ўрганишлар якунлари бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган эди.

Хусусан Сирдарё вилоятида янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ижросини ўрганиш чоғида жами 263 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шундан 11 та шаҳарча, 66 та қишлоқ, 186 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бу борада 2015-2016 йиллар давомида қатор амалий ва ижобий ишлар қилинган. Хусусан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига фуқаролар йиғини томонидан депутатликка номзодларни кўрсатиш тўғрисида фуқаролар йиғинлари Кенгашлари қарорлари тасдиқланиб, шаҳар ва туман комиссияларига 105 нафар номзод тақдим қилинган бўлиб, улардан 18 нафари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланган.

Шу билан бир қаторда, мазкур Қонун ижроси юзасидан баъзи бир муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Жумладан қишлоқ, маҳалла, фуқаролар йиғинларида катта ҳаётий тажрибага эга йиғин раислари (оқсоқоллар) ишлаётган бўлишига қарамай уларнинг мазкур қонундан ёки қонун нормаларидан тўла бохабарлик даражаси етарли деб бўлмайди. 

Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий комиссиялар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида энг муҳим бўғинлардан бири ҳисобланади. Бироқ ўрганишлардан шу нарса маълум бўлдики, уларга эътибор барча жойларда ҳам талаб даражасида эмас. Кўпчилик ҳолларда улар номигагина, расмиятчилик учун ташкил этилган. Ҳисоботларини эшитиш масаласи ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Бу ҳолатлар Сайхунобод туманидаги Турон ва Гулбулоқ, Гулистон туманидаги Дўстлик ва Соҳилобод, Боёвут туманидаги Олмазор, Ширин, Озодлик, Ҳосилобод каби маҳалла фуқаролар йиғинларида кўзга ташланди.

Шунингдек, қўмита аъзолари 2017 йил 29 июнь куни Қашқадарё вилоятида“Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини ўргандилар.

Мақсад қонунни амалиётда қўллаш жараёнида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва давлат органлари билан вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Бугунги кунда юртимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ кафолатлаш мақсадида давлатимиз томонидан тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бола ҳуқуқлари ҳимоясининг ҳуқуқий асослари яратилиб, йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш миллий қонунчиликда ўз ечимини топган.

Назорат-таҳлил жараёнида қонунининг ижросини таъминлашга бевосита масъул бўлган ҳокимият мутасаддилари, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг мазкур йўналишдаги фаолиятлари таҳлил этилди.

Вилоятда ҳозирги вақтда 3 млн. 89 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда, шундан вояга етмаганлар 1 млн. 87 минг (35.4%) нафарни ташкил этади. Назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар сони 2015 йилда 213, 2016 йилда 235 ва 2017 йил 1 чорагида 69 нафарни ташкил этган.

Ҳудудий комиссиялар томонидан вояга етмаганларга нисбатан 160, ота-оналарига нисбатан эса 1607 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган.

Вилоят идоралараро комиссияси ва вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан 2015 йилда Қарши шаҳридаги “Мурувват” болалар интернат уйига 1.5 млрд. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилган.

Ўрганишлар давомида қонун ижроси билан боғлиқ амалга оширилган ишлар қатори айрим муаммолар мавжудлиги ҳамда бу соҳада бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги кўзга ташланди.

Масалан қонуннинг 31-моддаси учинчи ва тўртинчи қисми талабига зид тарзда Суднинг вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома юзасидан чиқарилган ажримининг ижросини таъминловчи органлар аниқ қилиб кўрсатилганига қарамасдан, Судлар томонидан ажримни ижросини таъминлаш қонунда назарда тутилмаган ижрочиларга юклатилган.

Шу билан бирга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, дунёвий, илмий ва аҳлоқий савиясини янада ошириш, турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек улар ўртасида жиноятчиликка қарши кураш ишларини янада жадаллаштириш бўйича ишлар яхши ташкил этилмаган. Айрим таълим муассасаларида тарбияси оғир, жиноят содир этишга мойил бўлган ўқувчилар ҳамда нотинч оилаларнинг фарзандлари билан таълим-тарбия ишларининг етарлича олиб борилмаганлиги оқибатида 153 нафар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан турли жиноятлар содир этилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сирдарё, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари, Прокуратура, Суд, ИИБ вакиллари, Адлия, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган қўмита тадбирида ушбу камчилик ва муаммолар чуқур таҳлил этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимига оид фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилиб, очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилиш ниҳоясида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 6669

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2018
Ўзбекистон-Туркия: Парламент ҳамкорлиги тобора кучаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий...

21.09.2018
Қонунларга киритилаётган ўзгартишлар фуқароларнинг манфаатини ёқлашга, фаоллигини оширишга қаратилди

Киритилаётган ўзгартишларга кўра,  турар жой мулкдорининг оила аъзоси деб эр-хотиннинг ота-онаси,...

21.09.2018
Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз...

Тадбирлар тақвими