Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Мудофаа доктринаси – хавфсизликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Мудофаа доктринаси – хавфсизликни таъминлашнинг муҳим  кафолати

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси – мамлакатнинг ҳарбий соҳада миллий хавфсизлигини таъминлашга оид ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш пойдевори. Парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлари Академиясининг профессор-ўқитувчилари ва курсантлари, мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкил этган давра суҳбати ана шу мавзуга бағишланди.

Тадбирда депутатлар томонидан таъкидланганидек, 2018 йил январь ойида ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлик принципларига, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашнинг устувор бўлган тамойилларига таянган ҳолда Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Ушбу доктринанинг маъно-мазмуни биринчи маротаба очиқлик хусусиятига эга бўлди. Бу ҳолат бизнинг мудофаа сиёсатимизнинг очиқлигини намойиш этган ҳолда Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб берди.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар янгиланган Мудофаа доктринасининг қабул қилиниши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, хусусан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари Қўмитасига, мудофаа вазирлиги ва бошқа тегишли тузилмаларга бир қатор вазифаларни юклашини алоҳида қайд этдилар. Хусусан, амалдаги қонунчиликка Мудофаа доктринаси асосида тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ҳарбий хизматчилар, жамоатчилигимиз ва чет эллик ҳамкорларимиз ўртасида мудофаа сиёсатимизнинг асосий принципларини тушунтириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шунингдек, Мудофаа доктринаси асосида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини стратегик қўллаш бўйича тегишли ҳужжатларни қайта ишлаб чиқилишини таъминлаш лозим.

Тадбир давомида Ватанимиз мудофаа қобилиятини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос – янги таҳрирдаги Мудофаа доктринасидан келиб чиқадиган шу каби бир қатор долзарб вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан, мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражасини янада юксалтириш бўйича аниқ таклиф ва мулоҳазалар алмашинди.

Минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилиши, Миллий гвардиянинг барпо этилиши, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилиши, тизимни замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича белгиланган комплекс чора-тадбирлар, шунингдек ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги тизимли ўзгаришларнинг дастлабки натижалари эътироф этилди.

Давра суҳбатида иштирокчилар миллий армиямиз салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашда бошланган ишларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолати эканлигини қайд этишди.

Тадбир якунида янгиланган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси рўёбга чиқаришда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгиланиб, бу йўналишда мунтазам равишда фикрлар алмашиш майдони яратишга келишиб олинди.

 


Кўришлар сони: 5900

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.10.2018
Иссиқлик таъминоти туб ўзгаришларга муҳтож

Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифати қанча ошса, одамларга шунча қулайлик яратилиб, аҳолининг...

22.10.2018
2 минг мурожаатдан қанчаси ҳал қилинди?

Ҳисобот даврида фракциянинг 32 марта кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, партия электорати манфаатла...

22.10.2018
Адолат принципи устуворлик касб этмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари қонун ижодкорлиги ф...

Тадбирлар тақвими