Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аёллар муаммоларига шунчаки кўз юмиб бўлмайди

Аёллар муаммоларига шунчаки кўз юмиб бўлмайди

Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, тиббий маданияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий асосларини кафолатлаш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, оналар чеҳрасига қувонч, мамнунлик ва шодумонлик улашиш, ҳар бир оилада тинч, тўкин, фаровон ва барқарор ҳаёт барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.

Айтиш мумкинки, айни вақтда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Буни кўплаб ҳаётий мисоллар орқали ҳам кўриш мумкин. Бироқ соҳага оид айрим кўрсаткич ва далиллар оила институтига, аёллар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуриш, шунингдек, шаръий ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби муаммоларни бартараф этишни тақозо этмоқда.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қуйи палатанинг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мазкур масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилди.

Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия аъзолари, сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, ННТ ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаеванинг жамиятимизда хотин-қизлар мавқеини ошириш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 14 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида, шунингдек, шу йил 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор мажлисида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига қатъий тўхталиб ўтилган эди.

Ана шу вазифалар асосида жорий йилнинг ўтган даврида қўмита томонидан опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида қатор саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилмоқда. Энг аввало, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бу борада жамоат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича янги тизим яратилди. Босқичма-босқич такомиллаштириб борилган ушбу тизим асосида республикадан тортиб энг қуйи бўғингача жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилди. Улар кўмагида 5 млн.дан ортиқ хонадонларга кириб борилди, қарийб 15.млн. нафар аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида жами 500 мингдан ортиқ муаммо кўтарилган бўлса, уларнинг қарийб 72 фоизи жойида ҳал қилинган.

2017 йил аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида 84 мингдан зиёд хотин-қиз доимий иш ўринларига жойлаштирилган. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилган.

Йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, мавжуд муаммоларнинг илдизини чуқур ўрганиш ва уни бартараф этиш чораларини кўриш ва ҳал этиш муҳимлигига алоҳида урғу берилди.

Т. Нарбаева ўз ахборотида қайд этганидек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 14 та ҳудуд бўйича алоҳида дастур қабул қилинган ва унинг ижроси бажарилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 305 нафар жазо муддатини ўтаб қайтган аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди, 195 нафари ишга жойлаштирилди, 8 нафарига кредит олишларига кўмаклашилди. Профилактик ҳисобда турган аёлларнинг оилавий шароитлари доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, мавжуд муаммолар ҳал этилмоқда. Шу билан бирга, қўмита томонидан жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув курсларини ташкил этиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, жойларда 24 мингга яқин нотинч оилаларга жамоатчилик вакиллари, Яраштириш комиссияси, Қайноналар кенгаши аъзолари бириктирилиб, улар томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар доирасида 22 мингдан ортиқ оиладаги келишмовчиликлар бартараф этилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбоси томонидан тақдим этилган маълумот юзасидан қизғин фикр алмашилди. Иштирокчилар оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда иштирокини янада фаоллаштириш, хотин-қизлар орасида содир бўлаётган жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги вазифаларнинг самарасини янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.

Муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 774

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...

Тадбирлар тақвими