Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этиш: ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида қуйи палата ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича Комиссиянинг аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги ҳудудий тиббиёт комиссиялари раҳбарлари, ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари, соҳага дахлдор бўлган вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлаш, ушбу соҳада жорий этилган депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари кенг муҳокама қилинди.

2016 йилнинг сентябридан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 60 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди. Давра суҳбатида иштирокчилар мазкур ҳужжатлар, айниқса давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 29 мартидаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, аҳолига кенг кўламда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ўз вақтида ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида
793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси ва
441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Янги ташкил этилаётган
793 та поликлиникаларни жихозлаш мақсадида, Осиё тараққиёт банки билан умумий қиймати 45,0 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув меморандуми имзоланиб, ҳозирда лойиҳа объектларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шифокорларга фаолияти тугатилган
658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун берилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида 126 та қишлоқ врачлик пунктлари, 180 та оилавий поликлиникалари «Саломатлик-3» лойиҳаси томонидан 6,5 млн. АҚШ долл. миқдорида асбоб ускуналари билан таъминланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилда олий ўқув юртларининг бакалавриатура босқичини битирган 3 мингдан зиёд ёш мутахассиснинг 74 фоизи бирламчи тизимда фаолият юритмоқда.

Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-технологиялари жорий этилаяпти, улар босқичма-босқич тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаб борилмоқда.

Оилавий поликлиникаларда беморлар тиббий кўрикдан ўтишининг интенсивлик вақти таҳлил қилиниб, ортиқча навбатда туриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида шифокорларнинг кунлик иш жадваллари қайта ишлаб чиқилди. Барча поликлиникаларда телефон ёки талон тизими орқали шифокор кўригига навбатга туриш имконияти яратилди. Шу билан бирга кексаларга, ҳомиладор аёлларга ҳамда шошилинч ёрдамга муҳтож фуқароларга навбатсиз хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Давра суҳбатида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда парламент ва жамоатчилик назоратининг бугунги кундаги ҳолатидан келиб чиқиб, мазкур йўналиш ҳам танқидий таҳлил этилди. Маълумки, ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг, шунингдек туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари мудирларининг ахбороти, ҳар 15 кунда эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қўшма йиғилишларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ва муҳокама қилиш тизими жорий этилган.

Соғлиқни сақлаш, айниқса бирламчи тиббиёт йўналишида бундай тизимнинг йўлга қўйилиши аҳолининг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга уларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга, ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишига, пировардида жамоатчилик назоратининг сифат жиҳатидан яхшиланишига имкон яратмоқда.

Тадбир иштирокчилари амалга оширилаётган ишларнинг самаралари билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган камчилик ва муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, айрим вилоятларда, яъни Наманган (546,75), Самарқанд (506,65), Фарғона (459,25), Сурхондарё (457,25) ва Қашқадарё (321,75) вилоятларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини врачлар (умумий амалиёт шифокорлари, рентгенологлар, лаборантлар ва бошқа тор соҳа мутахассислари) билан таъминлаш кўрсаткичи пастлигича қолаётгани, бир неча оилавий поликлиникаларда ижтимоий дорихоналарнинг ташкил этилмагани, республика бўйича 1900 дан зиёд тез тиббий ёрдам бригадалари зарур тиббий асбоб-ускуналари билан тўлиқ таъминланмагани ҳамда баъзи тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига нисбатан бефарқлиги, патронаж ва тез ёрдам хизмати тўлақонли олиб борилмаётгани танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, худудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизими тўлиқ ишламаётгани, ҳар бир эшитувдан олдин Ҳудудий комиссия аъзолари, мутахассислардан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳлари билан биргаликда танлов асосида ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолиятини бевосита ва чуқур ўрганишни ташкил этмаётгани, маҳаллий Кенгашлар сессияларида тиббиётга оид муаммоларнинг тизимли равишда муҳокама қилинмаётгани сабабларига тўхталиб ўтилди. Ҳудудлардан таклиф этилган иштирокчилар билдирган ўз фикрларида юқоридаги муаммо ва камчиликлар долзарблигини таъкидлашди.

Тадбир иштирокчилари ана шу муаммолар ва уларни ҳал этиш чораларига алоҳида этибор қаратиб, тиббий хизматлар сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 688

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими