Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Давлат бюджетини 2017 йил тўққиз ойлиги ижроси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси муҳокамасида

Давлат бюджетини 2017 йил тўққиз ойлиги ижроси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси муҳокамасида

Жорий йилнинг 2 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилнинг 9 ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот” муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, экспертлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вакиллари – “С.Сирожиддинов” номидаги Академик лицейининг бир гуруҳ ўқувчилари иштирок этдилар.

Йиғилишда таъкидландики, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан олиб борилган ишлар натижасида 2017 йилнинг 9 ойи давомида иқтисодиётни барқарор, мувозанат ривожланиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминлаган.

9 ой натижаларига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсган, шу жумладан саноатда – 4,1 фоизга, қишлоқ хўжалигида – 3,5 фоизга, хизматлар кўрсатишда – 6,4 фоизга ўсиш қайд этилган.

Бюджет даромадларининг бир маромда тушишини ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши таъминланган.

Депутатларнинг фикрича, ҳисобот даврида муҳим масала - харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган, барча даражадаги бюджетлар мутаносиблиги таъминланган, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг жадал ривожлантирилиши ҳисобига 2017 йил якуни билан 15 та туман субвенцион ҳудудлар сафидан чиқиши ҳамда қолган субвенцион туманларда субвенция улуши республика бўйича 11 фоизга камайишига эришиш кутилмоқда, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва айниқса Давлат бюджетининг сўзсиз ижросини таъминлаш ва кафолатган бюджетларни шакллантириш манбаларини кўпайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг аниқ ва манзилли Фармонлари ва қарорлари қабул қилинган, ижроия ҳокимиятининг барча даражадаги масъул вазирлик ва муассасалари томонидан белгилаб берилаётган вазифаларни бажариш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

“Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда, - дейди Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракцияси аъзоси Адҳам Шодмонов, - бугунги кунда юртимизда ўзбек сўми барқарорлигини мустаҳкамлашнинг янги механизмларини жорий этиш долзарб вазифа эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177–сонли “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини қабул қилиниши, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни, валюта сиёсатини либераллаштиришни, шунингдек барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилишини таъминламоқда.

Бу эса ўз навбатида, Фармонда назарда тутилган фискал чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, белгиланган бюджет параметрларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз”.

Йиғилишда, депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил Давлат бюджетининг айрим муҳим параметрлари ижросига алоҳида тўхталиб, солиқлар ва йиғимларни тўлиқ таъминлаш, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, ишламаётган, иқтисодий ночор корхоналар фаолиятини тиклаш эвазига солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш, ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатларининг самарадорлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни конструктив таҳлил қилдилар.

“Айнан мана шу масалага Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари эътиборини қаратгани бежиз эмас, - деб таъкидлади қўмита аъзоси Сиддиқжон Намозов, чунки жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб иқтисодий ва молиявий бугунги шароитларда, Президентимиз тасдиқлаб берган давлат бюджети параметрлари ижросини таъминлаш учун мавжуд имкониятлар ва мислсиз меҳнат сарфланганлиги кўриб турибмиз.

Мисол учун, 9 ойда 20 090 та (82%) янги лойиҳалар амалга оширилган, 1 863 та (70%) корхоналар молиявий соғломлаштирилган, 566 та (67%) давлат мулки хусусийлаштирилиб ўз эгаларига топширилган, солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиниши ва боқиманда қарздорликнинг ундирилиши ҳисобига 579,8 млрд. сўм (66%) бюджетга қўшимча даромад тушуми таъминланган”.

Йиғилиш иштирокчилари, шуни алоҳида таъкидлашдики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида қариялар, ногиронлар ва кичик ёшдаги болаларни соғломлаштиришга, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмалари ва реабилитация марказларига жами 125,7 млрд. сўм сарфланган.

Ундан ташқари, республикада 8,4 мингта муҳтож ногиронлар протез-ортопедия маҳсулотлари билан ва 9,3 мингдан зиёд муҳтож фуқаролар реабилитация техник воситалари билан бепул таъминланган.

Юртбошимизнинг июль ойидаги қарори билан аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиб, фуқароларга арзон нархларда зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилмоқда.

Юқоридагилар билан бир қаторда ҳисобот даврларида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, уларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаётганлиги оқибатида дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлар, айримларида эса бюджет олдидаги боқиманда қарздорликларнинг мавжуд бўлаётганлиги муҳокамаларда депутатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди

Йиғилишда муҳокама қилинган масалаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар мутасадди вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ажратилган бюджет маблағларини мақсадли ва самарали сарфланиши, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга риоя этилишини таъминлаш бўйича масъулиятларини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси билан белгилаб берилган қоидаларни ижро этилиши устидан назоратни кучайтириш, шунингдек бу борада парламент назоратидан янада самарали фойдаланиш бўйича ўзларининг амалий таклифларини билдирдилар.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари тингланди.

Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1102

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими