Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси билан биргаликда “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қонунчилик ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назорати” мавзусида ўқув-семинари ташкил этди.

Мавзу бугунги кунда ўта долзарблиги боис, унда иштирок этиш учун   вояга етмаганлар ишлари бўйича республика комиссияси аъзолари, бош прокуратура, халқ таълими вазирлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази вакиллари, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман, шаҳар комиссиялари маъсул котиблари,  жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилди.

Таъкидланганидек, республикада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга эришилмоқда. Бунда албатта, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мукаммал қонунчилик базаси шакллантирилгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидаёқ болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг комплекс чораларини кўриб келмоқда. Хусусан, 1992 йил 9 декабрда “Бола ҳуқуқлари Конвенцияси”га қўшилиб, парламент томонидан ратификация қилинди. Энг аввало, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши Конституция билан мустаҳкамланди. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари давлат томонидан амалга оширилиши белгиланди. Қабул қилинаётган қонунларнинг аксариятида ёшлар манфаатлари устунлиги белгилаб берилди. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Оила кодекси”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунларда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишининг аниқ қоида ва нормалари кўрсатиб ўтилди.

Ўқув-семинарда асосий эътибор Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларига бағишланган Харакатлар стратегиясида белгилаб берилган йўналишларга қаратилди. Хусусан унинг дорирасида амалга оширилаётган ишлар, соҳанинг қонунчилик асослари иштирокчиларга батафсил тушунтирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарорига мувофиқ вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг янги тузилмаси ҳақида тушунчалар берилди. Жумладан, янги механизмлар ишлаб чиқилганлиги, низом қабул қилиниб, профилактик тадбирларни олиб бориш, айниқса вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг йўл-хариталари, фаолият схемалари ишлаб чиқилганлиги мисоллар асосида иштирокчиларга етказилди.

– Мазкур қарор бу борадаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга, парламент,  жамоатчилик ва давлат идораларининг вояга етмаганлар ўртасида хуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишдаги вазифаларини бирлаштиришга, ҳамкорликни кучайтиришга имконият яратди, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Ш.Турсунбоев. Бу албатта, келажакда ўз самарасини беради. 

Шу билан бирга ўқув семинарда депутатларнинг жойлардаги 10-12 кунлик ҳар ойдаги фаолияти давомида худудларда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган парламент назоратини янада кучайтириш, бунга ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги ёшлар ва вояга етмаганлар ишлари бўйича жамоатчилик комиссияларини хам жалб этиш, хуқуқбузарликларни кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш механизмларини янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада давлат идоралари, нодавлат ташкилотлари ҳамда худудий комиссияларнинг фаолиятини янада жонлантириш мақсадида парламент назоратини олиб бориш, халқ депутатлари махаллий Кенгашларида мунтазам муҳокамалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги, давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаётганлиги танқид қилинди. Бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш, шунингдек уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишда вояга етмаганлар ишлари бўйича туман шаҳар комиссияларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 6086

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

Тадбирлар тақвими