Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари янги босқичга кўтарилади

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари янги босқичга кўтарилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Тошкент вилояти Адлия бошқармасида  мутасадди бошқарма ва идоралар, соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирокида “Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолатлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига ва унинг ижросига қаратилган масалаларнинг муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ходимлари, вилоят прокуратураси, Адвокатлар палатаси, амалиётда ҳуқуқни қўлловчи бошқа соҳалар ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб, бошқа соҳалар қаторида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги, бу эса жамиятда суд ҳокимиятининг обрўси ошиб боришига ҳамда қонунийликни таъминлаш борасида унинг роли янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, Қўмита раиси ўринбосари М.Ходжаева тадбирнинг очилишидаги кириш сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони юртимизда амалга оширилаётган бу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида муҳим тарихий воқелик бўлиб, унда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, яъни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланганлигига эътибор қаратилганлигини алоҳида қайд этди. Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбирда Қўмита аъзоси Ў.Холов ўз чиқишида Фармон билан фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатини 3 йилдан 1 йилга қисқартириш, вилоят миқёсидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтини тугатиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатларини бекор килиш назарда тутилган бўлиб, қонунчиликда бундай тартиб белгиланиши суд қарорларининг барқарорлигини ва ишларнинг тез муддатларда ва якуний ечимини топишга хизмат қилиши билан биргаликда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар апелляция ва кассация инстанцияларининг фаолиятини янада яхшиланишига, ушбу инстанция судларининг ишларни қонуний, адолатли ва асосли ҳал қилиш борасидаги масъулиятларини янада оширилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда вилоят ҳўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилиши суд қарорларининг қонунийлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имкониятининг кенгайтирилаётгани, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилаётгани, суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганлиги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтирилишига асос бўлади.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят Адлия бошқармасининг бошлиғи Л.Мусашайхов ўз нутқида адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилаётгани суд ҳокимияти мустақиллиги асосларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этишини билдирди.

Фармонда кадрларни танлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга, шу жумладан кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам қайд этилган.

Тадбирда иштирок этган депутатлар, юқори малакали соҳа мутахассислари, экспертлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг мавзу юзасидан билдирган таклифлари ва мулоҳазалари тингланди ва Фармоннинг ижросини ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Ушбу дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошишига, юртимизда қонунийликка риоя этилишини янада юксак даражада кўтарилишига хизмат қилади.


Кўришлар сони: 16824

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими