Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун 21 декабрдан кучга киради

“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун 21 декабрдан кучга киради

Бугунги тезкор давр иқтисодиётнинг барча соҳасини ислоҳ этиш, мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлиши, саноатни модернизациялаш ҳамда диверсификациялаш, тадбиркорликнинг ривожланиши, янги корхона ва заводларнинг бунёд қилиниши уларда меҳнат қилаётган фуқаролар муҳофазасига бўлган муносабат ва қарашларни ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Бу эса ўз навбатида меҳнат қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, аҳолига муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қиладиган қатор чора-тадбирларни қўллаш заруратини туғдиради. Жорий йилнинг 23 сентябрида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни ана шундай талаб ва эҳтиёжнинг маҳсули сифатида баҳолаш мумкин.

Маълумки, мазкур қонун декабрь ойидан кучга киради. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан жойларда қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бўлиб ўтди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда бугунги кунда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди. Унда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза этиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш кабилар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб қўйилгани диққатга сазовор.

– Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат меҳнатни муҳофаза этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлаш, бу борадаги чора-тадбирларни рўёбга чиқаришга барча зарур шарт-шароитни яратишда муҳим аҳамиятга эга. Қонун 22 декабрдан кучга киради. Бу ўз навбатида аҳолининг меҳнат муҳофазаси борасидаги имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан парламентнинг қонун ижросини таъминлаш борасидаги назоратини кучайтириш бўйича масъулиятини янада оширади, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева.

Мазкур қонунга мувофиқ ташкилотларда энди меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ташкил этилади. Бундай хизмат ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда жорий этилади. Бундан кўзланган мақсад — меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишдан иборат. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий қилинади.

– Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун фаолиятимизни самарали ташкил этишнинг мустаҳкам асосига айланиши, шубҳасиз. Унда ходимлар вакили ҳисобланган касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди. Зеро, турли муассаса, корхона, ташкилотларда хизмат қилаётган минглаб ходимларнинг соғлиғини сақлаш, касбий ҳамда умумий касалликларнинг олдини олишнинг чора-тадбирларини амалга ошириш, ишловчи аҳолининг меҳнатини муҳофаза этиш асосий вазифаларимиздандир,дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова.

Тадбир якунида янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилиниши муносабати билан давлат ва нодавлат ташкилотлари олдидаги вазифалар белгилаб олинди.


Кўришлар сони: 11165

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими