Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар ташаббуси қўллаб-қувватланди

Депутатлар ташаббуси қўллаб-қувватланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг қарорига биноан ташкил этилган ташаббус гуруҳи томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш масаласи киритилди.  

Ушбу Конвенция ХМТнинг 1948 йилдаги Бош Конференциясида қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан бошлаб ХМТ аъзоси ҳисобланади.

Бугунги кунда ХМТга аъзо 187та мамлакатнинг 153 таси, шу жумладан МДҲ, Европа, Осиё ва Африка мамлакатлари ушбу Конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланади. Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг 8 та асосий конвенциялари орасида ратификация қилинмаган ягона конвенция бўлиб қолмоқда.  

Конвенция кириш қисми, 4 та бўлим ва 21 моддадан иборат бўлиб, қуйидагиларни назарда тутади:

- ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш,  шунингдек шу каби ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқи;

- ходимлар ва иш берувчиларнинг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракат дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш ҳуқуқлари;

- бирлашиш хуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчидан давлат органларининг аралашувидан холи бўлиш;

- ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларининг фаолиятини маъмурий тартибда тарқатиб юборилишини ёки тўхтатиб қўйилишини таъқиқлаш;

- ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш хуқуқини эркин тарзда амалга оширишни кафолатловчи чора-тадбирлар кўриш.

ХМТнинг Уставига мувофиқ, Конвенцияга иштирокчи бўлган давлатлар ХМТга мазкур Конвенция бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларни амалга ошириш учун қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисидаги маърузани  тақдим этади.

Биринчи ва кейинги маърузалар Конвенция тегишли иштирокчи-давлат учун кучга кирганидан эътиборан камида уч йилда бир маротаба,  шунингдек ХМТ томонидан талаб қилинган ҳолларда тақдим этилади.  

Ўзбекистон Республикасининг қонун хужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти Конвенция қоидаларига тўлиқ мос келади. Хусусан, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатлари (Конституциянинг 34 ва 59-моддалари) белгиланган бўлиб, улар шунингдек 20 дан ортиқ хужжатларда, шу жумладан «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган. 

Бугунги кунда ходимларнинг манфаатларини 14 та соҳавий, 14та ҳудудий, 37 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини бирлаштирувчи ҳамда 6,3 млн. ходимларнинг манфаатларини назарда тутувчи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ифода этади.

1998 йилда ХМТ Бош Конференцияснинг 86-сессиясида қабул қилинган Меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги Декларацияга мувофиқ, ХМТга аъзо давлатлар Конвенциянинг ратификация қилиниш-қилинмаслигидан қатъий назар, ХМТнинг тўртта фундаментал тамойилларига, хусусан бирлашиш эркинлиги тамойилига риоя қилиши ва қўллаши шартдир.

Мазкур Декларациянинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ХМТнинг ҳар йилги сессияларида ушбу принципларнинг амалга оширилиши юзасидан маърузаларини тақдим этади. Бу борада Ўзбекистон бугунги кунга қадар салбий жиҳатдан эътироф этилмаган.

Конвенцияни ратификация қилиш масаласи ХМТ билан ҳамкорлик доирасида энг кўп муҳокама қилинадиган соҳа ҳисобланади ва ХМТ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2016 йил 25 апрелда имзоланган 2014-2016 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Муносиб меҳнатга доир ҳамкорлик дастурида назарда тутилган.

Ушбу Конвенцияни ратификация қилиш:

   - Ўзбекистоннинг 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида акс эттирилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумэътироф этилган нормаларига содиқ эканлигини, ҳар бир инсоннинг бошқа ташкилотларга бирлашиш, шу жумладан ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларини тузиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқини кафолатловчи исбот бўлиб;

- мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар билан, энг аввало, ХМТ билан муносабатларида ижобий имиджини шакллантиришга хизмат қилади.

«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида» ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, Конвенция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ратификация қилинди.

Мазкур Конвенциянинг қабул қилиниши ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлайди, ҳамда

Халқаро меҳнат стандартлари, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини миллий қонунчиликка самарали имплементация қилишга,

касаба уюшмалари мустақиллиги кафолатларини таъминлашга, фаолиятининг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштиришга,  фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

                                                                                         

 Ойбек Джумаев, 

Қонунчилик палатаси депутати.


Кўришлар сони: 13066

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими