Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тиббий суғуртага доир қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари

Тиббий суғуртага доир қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари

Мамлакатимизда ривожланишнинг ўзимизга хос ва мос йўли – “ўзбек модели” асосида барча соҳада, жумладан, тиббиёт тизимида кенг кўламли ислоҳотлар босқисма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаяпти. Бунинг натижасида бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан тортиб, юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача – барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал ташкилий тузилмаси яратилди.

Ушбу соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар инсонларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш, аҳоли турмушини яхшилаш имконини бермоқда. Натижада, 1990 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшгача, шу жумладан, аёллар ўртасида эса 75 ёшгача узайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида бозор муносабатларига хос бўлган механизмларни жорий этиш, аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини сифатли қондирилишини таъминлаш мақсаддида комплекс тусга эга бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонда тиббий суғуртага доир қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари, мавжуд муаммо ва уларнинг ечими” мавзусидаги давра суҳбати ҳам мана шу масала муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Молия вазирликлари, мамлакатимиздаги йирик суғурта компаниялари, масалага алоқадор идора ва муассасалар, жамоат ташкилотларининг раҳбар ходимлари, Қўмита ҳузуридаги жамоат эксперт гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда, 2016 йилда Давлат бюджети жами харажатларининг
59,1 фоизи ижтимоий соҳага, жумладан, 14 фоизи соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилиши режалаштирилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу эса, ўз навбатида, соҳани ислоҳ қилиш борасида қабул қилинган чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш имконини беради.

Шу билан биргаликда, соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялаштиришда Давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланишини таъминлаш, бу борада халқаро амалиётда жорий этилган молиялаштириш манбаларини Ўзбекистон амалиётида қўллаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда тиббий суғуртани кенгроқ жорий этиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилаётган бўлиб, бу соҳадаги халқаро тажрибани қўллаш соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

– Бугунги кунда суғурта соҳаси мамлакат молиявий инфратузилмасининг жадаллик билан ривожланаётган секторларидан бири ҳисобланиб, сўнгги йилларда соҳанинг ҳалқаро талабларга мос келувчи, шунингдек миллий ўзига хосликни ҳисобга олувчи меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Бунинг натижасида ҳозирда мамлакатимиз суғурта бозорида 33 та суғурта компанияси, 3 та суғурта брокери ва 5000 га яқин суғурта агентлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ш. Қулматов. – Биз муҳокама қилаётган тиббий суғурта эса фуқароларимиз ижтимоий ҳимоясининг усулларидан бири бўлиб, ушбу суғурта тури аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошишига, фуқароларнинг ижтимоий химоясини кучайишига хизмат қилади.

– Ижтимоий суғуртанинг одатдаги суғуртадан фарқ қилувчи томони шундаки, ижтимоий суғуртада ягона ижтимоий суғурта фонди яратилади ва бу фонд асосан суғурта маблағларини тўплаб, тижорат мақсадларини кўзламаган ҳолда маблағларни мўлжалдаги мақсадларга қайта тақсимлайди. Тиббий суғуртани ижтимоий суғурта сифатида таснифлаш ва амалга ошириш масалаларида қонунчиликда айрим бўшлиқлар мавжуд деб ўйлайман. Бу ўз навбатида ушбу соҳадаги муносабатларни мувофиқлаштирувчи янгича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни талаб этади, – дейди “Ўзбекинвест ҳаёт” суғурта компанияси бош директори ўринбосари У. Халиков.

Давра суҳбати давомида мамлакатимизда тиббий суғурта тизимини янада такомиллаштириш мақсадида тиббий инфратузилмаси ривожланган, назарий тадқиқотлари ва амалий тажрибаси илғор Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канада, шу билан бирга Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари, хусусан, Жанубий Корея каби давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ҳамда қонунчилик амалиётини таҳлил этиш, қиёсий ўрганиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокама жараёнларида, ушбу соҳанинг ривожи давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларининг келгусида моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва мутаҳассислар салоҳиятини ошириш, соғлиқни сақлаш марказларини замонавий диагностик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда таклиф қилинаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга олиб келиши таъкидланди.

Тадбир сўнгида, Ўзбекистонда тиббий суғурталаш тизимига қўйиладиган асосий талабларни, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, тиббий суғурталашни амалга ошириш шартлари ва умумий шартларни аниқлаб берадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни назарда тутадиган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



Кўришлар сони: 12646

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими