Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинмоқда

Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси масаласи муҳокама қилинмоқда

26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2015 йилдаги ҳамда 2016 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари кўриб чиқилди. Унда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Қайд этиш жоизки, ҳар чоракда мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш Қонунчилик палатасининг устувор вазифаларига киради ва бу доимо депутатлар корпусининг диққат марказида бўлиб келган. Қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ ҳам аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида Вазирлар Маҳкамасининг ушбу масала юзасидан ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Қонунга мувофиқ, Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масаласини дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида депутатлар давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек, уларнинг мақсадли сарфланиши ва уларнинг самарали фойдаланиши ҳақидаги маълумотни талаб қилиб олиши мумкин. Бу янада самарали парламент назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

2015 йил якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8,0 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 8,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоизга, капитал қурилиш 17,8 фоизга, чакана савдо айланмасининг 15 фоизга, пуллик хизматлар ҳажмининг 11,4 фоизга ўсишига эришилди.

– Ҳисоботни ўрганиб чиқар эканмиз, Бюджет кодекси талабларига риоя этилиши натижасида Давлат бюджетининг йил бошида белгиланган ЯИМга нисбатан 1 фоизли тақчиллик ўрнига ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилганини эътироф этиш жоиз. Бу мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги таъминланаётганидан далолат беради, – дейди қўмита аъзоси Элбек Шукуров.

Тадбирда мамлакатда иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2015 йилда Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилганлиги ҳамда иқтисодиётга солиқ юкини камайтирилгани ҳолда ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан ижро этилганлиги, инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмаганлиги таъкидланди.

Мажлисда жаҳон бозорларида талабнинг кескин қисқаришига, мавҳумлик ва кескин рақобатнинг кучайиб боришига қарамай, Ўзбекистонда экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ҳамда уларга ўз маҳсулотини ташқи бозорларда ўтказиши учун зарур ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинаётган самарали чора-тадбирлар экспорт ҳажмларининг ўсиш тенденциялари сақланишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлаётганлиги таъкидланди.

Мажлисда мазкур масалалар юзасидан Давлат солиқ ва божхона қўмиталари вакилларининг Давлат бюджети даромад қисмининг ижроси тўғрисидаги, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси вакилларининг аҳолини иш билан таъминлаш дастури амалга оширилишининг бориши ҳақидаги ҳамда иқтисодиёт асосий тармоқларидаги бошқа хўжалик бирлашмаларининг ҳисоботлари эшитилди.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда ҳам 2015 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини таълим тизими ташкил этгани алоҳида таъкидланди.

Таълим харажатлари ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 57,1 фоизини ташкил этиши юртимизда мазкур соҳа тараққиётига берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир, дея эътироф этишди депутатлар.

Ҳисоботда келтирилишича, 2015 йилда 384 та умумтаълим объектларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш бўйича бир қатор молиявий чоралар кўрилган. 29 та янги умумтаълим мактаблари барпо этилди. 219 та мактаб реконструкция қилинди, 136 та мактаб капитал таъмирланди. Умумтаълим мактабларига таълим тизимига ажратилган маблағларнинг 53,9 фоизи, мактабгача таълим муассасаларига 12 фоизи йўналтирилди. Иқтисодиётга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга кадрларни тайёрлаш учун таълим тизимига ажратилган маблағларнинг 21 фоиздан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга устуворлик белгиланган бўлиб, 2015 йилда соҳани ривожлантиришга ажратилган маблағлар 2014 йил билан солиштирганда 15.9 фоизга ошганлигини кўрсатди.

Маданият ва спорт соҳасини ривожлантиришга ажратилган маблағлар 2014 йилга нисбатан 7,2 фоизни кўп ташкил этди.

Йиғилишда 2016 йилнинг 1 чорагида давлат бюджетининг ижросига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб, тадбирларни молиялаштириш барча манбаалар умумлаштирилганда жорий йил биринчи чорагида 1,3 трлн сўм миқдорида маблағ йўналтирилганлиги эътироф этилди. Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ҳаражатларини молиялаштириш жами харажатларнинг 58.8 фоизини, ЯИМ нисбатан бу харажатлар 14,2 фоизни ташкил этганлиги таъкидланди. Таълим тизимига ижтимоий соҳа ҳаражатларининг 59,5 фоизи йўналтирилди.

Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида тегишли вазирлик, идоралар вакилларининг фикр-мулоҳазалари таҳлил қилинди. Депутатлар мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар пировардида аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этган ҳолда, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлаш борасида амалий таклифлар билдирдилар.

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг йиғилишида депутатлар сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини ва пировард натижада қишлоқ хўжалигида босқичма-босқич таркибий ўзгаришлар, яъни пахта экиладиган ерларни оптималлаштириб, бошоқли дон экинлари, сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик учун ажратилган майдонларни кенгайтириш ишлари олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

2015 йил мобайнида иқтисодиётга бюджет харажатлари 2014 йилга нисбатан 13,6 фоизга ортиб, 3 821,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Шундан мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалигини сақлаш ва қўллаб-қувватлашга – 2 662,3 млрд. сўм сарфланди.

Ҳисобот даврида Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоб Жамғармаси томонидан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 6,7 трлн. сўмга яқин маблағ молиялаштирилган.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик сув билан таъминлаш тизимларини ривожлантиришга марказлашган инвестициялар ҳисобидан 170,2 млрд. сўм молиялаштирилганлиги мамлакат аҳолсининг саломатлигини сақлаш, фаровонлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқилган давлат бюджети ижроси юзасидан мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш борасида бажарилаётган ишлар таҳлил қилинди. 2015 йилда ушбу мақсадларга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди ва ўзлаштирилди. Бу 2014 йилга нисбатан 9,5 фоиз кўп демакдир.

Жаҳон бозорларида талабнинг кескин қисқаришига, кучайиб бораётган ноаниқликка ва қатъий рақобатга қарамай, экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва маҳсулотларнинг ташқи бозорларга кириб боришини зарур тарзда қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистонда кўрилаётган самарали чора-тадбирлар экспорт хажмлари ўсиши тенденциялари ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминламоқда. Йил бошидан бошлаб олдин ўз махсулотларини экспорт қилмаган 583 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, шунингдек махсулотларнинг 95 та янги турини экспорт қилиш амалга оширилди.

Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш лойихалари фаол амалга оширилмоқда. Фарғона водийси вилоятларини республиканинг қолган ҳудуди билан тўғридан-тўғри темир йўл қатнови билан бирлаштирадиган янги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўли қурилиши тугалланмоқда.
Самарқанд-Бухоро темир йўлини, йўловчилар ташиш поездларининг юқори тезликда ҳаракатланишини ташкил этган ҳолда, электрлаштириш лойиҳаси жадал суръатларда давом этмоқда. Замонавий технология бўйича кенг полосали фойдаланишнинг 500 километрдан ортиқ оптик-толали тармоқларини қуриш ва захирага қўйиш амалга оширилди.

Шу билан бирга, иштирокчилар бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ айрим камчиликлар мавжудлигини ва уларнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Хусусан, депутатлар муҳокамаларда ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаётганлиги оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса бюджет олдидаги боқиманда қарздорликларнинг мавжуд бўлаётганлигига танқидий ёндошдилар.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Кўришлар сони: 22400

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими