Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий асослари

Соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий асослари

Жорий йилнинг 20 май куни Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, Саломатлик ва тиббий статистика институти, Репродуктив саломатлик маркази ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда асосий эътибор мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан аҳолини хабардор қилиш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилада тиббий маданиятни ошириш, хусусан қандли диабет касаллигининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ва бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга келиб соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурининг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланиб, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Хусусан, 14 та қонун, Президентимизнинг тармоқни ислоҳ қилишга қаратилган 30 га яқин Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 дан зиёд қарорлари қабул қилинди. "Соғлом она ва бола йили" муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида белгилаб берилган қатор чора-тадбирлар оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлашга қаратилган бўлиб, самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

– Республика аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар ўртасида ижтимоий, маънавий-маърифий тарғибот ишларини самарали ва таъсирчан услубда амалга ошириш учун ҳар бир таълим муассасаларида ёшларга санитария-гигиена қоидаларига оид тушунчалар бериш, уларда зарарли одатларнинг олдини олиш, ОИВ инфекцияси ва ундан ҳимояланиш, репродуктив саломатлик, ўсмирлик даврининг руҳият муаммолари, атроф-муҳитнинг саломатликка салбий таъсирини камайтириш юзасидан кўникмаларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бир қаторда ҳар бир ёшни ўзи учун соғлом турмуш тарзини танлаши, биринчи навбатда соғлиғи даражасини тиббий кўрикдан ўтиш йўли билан баҳолашга ҳам ўргатиш аҳамиятга молик масаладир. Бу жараёндаги энг муҳим долзарб вазифалар соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва унинг ҳуқуқий асосларини янада кучайтириш талабини қўймоқда. Давра суҳбатида депутатларимиз ва соҳа мутахассисларининг ушбу масала юзасидан таклифлари олинди, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева.

Давра суҳбатида юртимизда озиқ-овқат саноати ривожланишининг тадрижий ўсишини таъминлашга ва мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Бунинг ҳисобига кейинги йилларда аҳолининг овқатланиши сифати анча яхшиланди, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тузилмаси ўзгарди, жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш 1,3 баравар, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш - 1,6 баравар, тухум ейиш - 2,2 баравар, сабзавотларни истеъмол қилиш - 2,6 баравар, картошкани истеъмол қилиш - 1,7 баравар, меваларни истеъмол қилиш - 4,0 баравар ўсди. Овқатланиш тузилмаси ва рациони яхшиланиши бошқа омиллар билан биргаликда аҳоли соғлиғи кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди. Охирги 10 йилда тана вазни нормадан кам бўлган болалар улуши икки баравардан ортиққа қисқарди (4 фоиздан 1,8 фоизгача), аёлларнинг анемия (камқонлик) билан касалланиши даражаси 2,5 бараварга камайди. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 6,5 йилга кўпайди (67 ёшдан 73,5 ёшгача), аёлларнинг ўртача умр кўриши - 75,8 ёшга етди.

Тадбирда юқумли бўлмаган касалликлар сирасига кирувчи қандли диабет билан касалланиш ҳолати ва уни олдини олиш истиқболларига бағишланган маърузалар тингланди. Унда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг 4-банди талабларига мувофиқ аҳолини, хусусан оналар ва болаларнинг соғлом овқатланиш рациони сифати ва калориясини яхшилашга қаратилган қатор вазифалар борлиги ўртага ташланди. Жорий йилда дастурга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигининг замонавий халқаро стандартларига мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Диетология республика ўқув-илмий марказини ташкил этиш ва бу орқали соҳада ягона илмий ва амалий сиёсатни юритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан депутатлар ва мутахассислар йилдан йилга ўсиши кузатилаётган юқумли бўлмаган хасталикларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича мавжуд ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, эндокринологик касалликлар профилактикасининг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор масаласи эканлигини инобатга олиб, касалликлар профилактикаси бўйича қонун ҳужжатлари талабларини бажарилиши устидан давлат назоратини кучайтириш ҳамда соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида қўмиталарнинг кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди. 


Кўришлар сони: 21895

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими