Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аграр соҳадаги ислоҳотларнинг қонуний асослари такомиллашмоқда

Аграр соҳадаги ислоҳотларнинг қонуний асослари такомиллашмоқда

Бугунги кунда жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бир шароитда мамлакатимиз қишлоқ ҳўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг такомиллаштириб борилаётгани соҳанинг янада тараққий этишига, пировардида аҳолини қишлоқ хўжалиги махсулотлари билан тўлиқ таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иктисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш 2016 йил ва яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг принципиал муҳим йўналиши эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

2016 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистонда ветеринария хизматининг ҳуқуқий асослари ва уни ривожлантириш истиқболлари» мавзуида ташкил этилган семинарда ҳам айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат ветеринария хизмати бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ва туманлар ветеринария бўлимлари раҳбарлари, давлат ветеринария-санитария лабараторияси мутахассислари, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари олимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш мамлакатимизда қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида тўхтаб ўтилган эди. Мазкур семинар ҳам шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.

Семинарда таъкидланганидек, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида ҳайвонлар касалликлари, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган касалликлар сони кўпайган, уларнинг тарқалиш хавфи ортган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини бундай хавфдан ўз вақтида ҳимоя қилиш, уларни сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг муҳим ва долзарб масалалардан биридир.

Бу борада 2015 йилнинг 29 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқоридаги масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда янги таҳрирдаги Қонунда ветеринария соҳасидаги профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, лаборатория синовлари, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг муомалада бўлишига ҳамда давлат ветеринария назорати остидаги товарларни ишлаб чиқаришда ва муомалада бўлишида ветеринария талаблари, биологик чиқиндиларнинг муомалада бўлиши ва уларни йўқ қилишда ветеринария талаблари ўз аксини топганлиги ва жойларда соҳа мутахассислари томонидан қонунни қўллаш амалиётда самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари,айни пайтда қўлланиб келинаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларнинг ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишдаги иштироки, эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказишдатегишли ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш каби нормаларнинг қонунда белгилаб қўйилганлиги келгусида мамлакатдаги эпизоотик барқарорликни сақлаш ва аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга асос бўлади.

Шу билан бирга мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида»ги фармонидан келиб чиқиб, қабул қилинган Қонунда идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг, шунингдек, алоҳида шахсларнинг фаолияти устидан ветеринария-санитария назоратини амалга ошириш каби нормаларга тузатишлар ҳам киритилганлиги алоҳида таъкидланди.

Семинарда иштирокчилар эътибори янги таҳрирдаги Қонунда ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашдаги давлат ветеринария назоратининг ўрни ҳамда уни амалга ошириш тамойиллари, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи ҳам аниқлаштирилганига қаратилди.

Иштирокчиларнинг фикрича, янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ветеринария соҳасидаги муносабатларни бошқариш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаручилар ва истеъмолчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиб, пировардида аҳолимизни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Семинар якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва соҳа мутахассислари томонидан мазкур Қонун юзасидан аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Кўришлар сони: 8714

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими