Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Осуда ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи

Осуда ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи

Ҳозирги вақтда дунёда кечаётган мураккаб жараёнларни, шу жумладан, минтақамиздаги замонавий таҳдидлар ва хавфсизликка қарши қаратилган хатарларни тизимли ва чуқур таҳлил қилиб бориш, уларнинг ўрта ва узоқ келажакда олиб келиши мумкин бўлган оқибатларини инобатга олган ҳолда, юз бериш эҳтимоли бўлган ҳарбий ҳаракатларни кузатиш ва унинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб бориш бизнинг энг долзарб вазифаларимиздан бирига айланиб бормоқда.

Афғонистондаги вазиятнинг тобора мураккаблашиб бораётгани, наркотрафик, халқаро терроризм, экстремизм кенг тус олаётгани, бизга чегарадош баъзи мамлакатларда юзага келган беқарорлик, шунингдек, минтақамизда бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг сақланиб қолаётгани биздан Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Буларнинг барчаси биздан доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, яқин атрофимизда иғво қўзғатиб, кескинлик ва қарама-қаршилик ўчоқларини келтириб чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишларни бартараф этишга тайёр туришни талаб қилади.

Таъкидлаш лозимки, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш — бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиздир.

Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини, биринчи навбатда, унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши керак. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади”.

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ҳамда миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилдики, буларнинг барчаси мамлакатимиз мудофаа қудратининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўтган даврда сарҳадларимиз дахлсизлиги, мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган ихчам, тезкор ва ҳаракатчан, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армияни барпо этиш йўлида кўп ишлар қилинди.

Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик туҳфа этган азиз неъматлардандир. Бугунги фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир. Зеро, Конституциямизнинг 52-моддасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”.

Она Ватанига меҳр-муҳаббатли, садоқатли кишилар ушбу эзгу даъват моҳиятини доимо дилдан ҳис этиб, шунга амал қилиб яшайдилар. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон фарзандлари, профессионал асосдаги миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган жасур ва мард, интеллектуал салоҳиятли ўғлонларнинг ҳар бири — офицеру аскарлар фидойиликда тенгсиз саналишади.

Ўтган йилларда Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлари ҳамда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилишга оид қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов томонидан имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар армиямизнинг қиёфаси ва жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартириш имконини берди.

Чунончи, Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитани ташкил қилиш тўғрисида”ги (1999 йил), “Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий прокуратурасини ташкил қилиш тўғрисида”ги (1999 йил), “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судини ташкил қилиш тўғрисида”ги (1999 йил) фармонлари, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2005 йил) қарори, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида”ги (2005 йил) қарори ҳарбий хизматчиларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлади.

Профессионал армияни шакллантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли унда хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, балки энг нуфузли касблардан бирига, том маънодаги шон-шараф ишига айланганлигини, бугунги кунга келиб ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган ёшларнинг сони кундан-кунга ортиб бораётганлигида кўришимиз мумкин.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақириш бир йилда бир марта ташкил этилиб, уни ўташ муддати бир йил қилиб белгиланганлиги, сержантлар таркибининг сезиларли даражада кенгайгани, сафарбарлик резерви хизмати жорий этилгани миллий армиямиз қиёфасини ва мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартирганлиги эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлдилар.

Юртимизда “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” каби медаллар таъсис этилган бўлиб, улар давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшаётган ҳарбийларимиз меҳнатини қадрлаш, шу билан бирга, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2012 йил 11 сентябрда Президентимиз ташаббуси билан Ватан ҳимояси учун ўзини бағишлаган, она юрт хизмати йўлида жасурлик ва довюраклик кўрсатган ҳарбий хизматчилар ва бошқа юртдошларимиз учун “Мардлик” орденининг таъсис этилгани бу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 24 октябрда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатамизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари очиқлигини таъминлашга ва бу жараёнларда фуқаролик институтларининг ролини оширишга қаратилган мантиқий қадам бўлди. Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши олдига халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, замонавий миллий армиямизни шакллантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва улар бераётган юксак самараларни халқимизга етказиш, миллий армиямизнинг салоҳияти ва қудратини кенг тарғиб этиш, ҳарбий хизматни ўтаётганлар ва чақирилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, юрт ҳимоячиларини нафақат ижтимоий, балки маънавий рағбатлантиришга ҳам катта эътибор берилаяпти.

2012 йил яна бир тарихий ҳужжат — мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунни мамлакатимизнинг узоқ йилларга мўлжалланган ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берувчи ўта муҳим ҳужжат сифатида баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида бир қатор принципиал аҳамиятга молик бўлган илғор прогрессив ғоялар ўз аксини топган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги ҳарбий можароларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иктисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўриши, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсат юритиш, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган такдирда улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш каби принципиал позицияси ҳам мазкур Концепцияда ўз аксини топди.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, “Мудофаа тўғрисида”ги қонунига ва Ҳарбий доктринасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди, деб алоҳида белгилаб қўйилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур Концепцияда белгиланган ташқи сиёсатнинг бир қатор тамойиллари, жумладан, бошқа давлатларнинг манфаатларини инобатга олиш, ҳамкорлик учун очиқлик, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари давлатнинг ички нормаларидан устувор аҳамиятга эга эканлиги каби қатор тамойилларнинг мавжудлиги давлатимизнинг ташқи сиёсий фаолияти самарадорлигини янада оширади ва очиқ демократик давлат қуриш йўлидаги изчил ҳаракатларни муваффақиятли давом эттиришни таъминлайди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ташқи сиёсатда миллий манфаатлар устуворлигини илгари суради. Партиямиз давлат суверенитети ва мустақиллиги мустаҳкамланишини, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрни янада кучайишини, ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилишини, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик алоқалари ўрнатилган ҳудуд ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикасида мудофаа ва хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, соҳани тартибга солувчи қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларнинг самарали ижро этилишида фаол иштирок этиш эса биз, депутатларнинг асосий вазифаларимиздан бири саналади.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, тинчлик — тараққиёт ва фаровонликнинг асосий омили экан, ушбу бебаҳо неъматни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Рашид МАТҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 4741

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.11.2017
Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди

Жисмоний соғлом, маънавий ва ақлий камол топган, мустақил фикрловчи, Ватанга садоқатли, қатъий ҳаёти...

09.11.2017
Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби” фаолият бошлайди

Мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб, ёшларнинг ...

07.11.2017
Парламент ва жамоатчилик назорати: бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини таъминлашнинг устувор мақсади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил...

Тадбирлар тақвими