Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонун ижодкорлиги – фаолиятнинг муҳим йўналиши

Қонун ижодкорлиги – фаолиятнинг муҳим йўналиши

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамкорликда “Қонунларнинг сифатини ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш” мавзусида конференция ўтказилди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуратов очди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, шунингдек илмий ва ўқув муассасалари профессорлари иштирок этдилар.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда: Олий Мажлис, Ҳукумат ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектларнинг энг муҳим вазифаси шундан иборат бўлиши керакки, улар қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиши зарур. Токи бу қонун ва механизмлар ҳаётдаги аниқ муносабатларни кенг миқёсда амалда тартибга солиб борсин, бу муносабатларда иштирок этадиган ҳар бир субъект ўз ўрнини билсин ва ўз фаолиятида қонун талабларига асослансин”, - деб алоҳида таъкидладилар.

Конференцияда Юртбошимиз томонидан қўйилган ана шу масала юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифалар кенг муҳокама қилинди.

Маълумки, юртимизда профессионал асосда ишлайдиган парламентнинг ташкил этилганига ўн йил тўлди. Натижада, қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда.

Шу билан бирга қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилиш талаб этилмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди.

Инвентаризацияни ўтказишдан асосий мақсад: қонунчиликдаги “ҳуқуқий бўшлиқлар”ни, “ишламаётган” ва “турлича талқин қилиниши мумкин бўлган” нормаларни аниқлаш ҳамда бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган қонунларни янада такомиллаштиришдир - деди ўзининг маърузасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов.

Ҳуқуқий инвентаризация натижалари бўйича қонунчиликда айрим муаммолар, жумладан баъзи ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмасдан қолганлиги ёки ҳанузгача амалга ошириш механизми билан таъминланмаган “ҳаволаки нормалар”нинг мавжудлиги, бир қатор қонун нормалари орасида ўзаро зиддият ва номувофиқликлар, шунингдек қонунчиликдаги бошқа “оқ доғлар” аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳуқуқий инвентаризация ишларида бевосита манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда илмий ва ўқув муассасалари профессор-олимларининг фаол иштирок этганликлари, шунингдек, ўрганилган қонунларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба билан ўзаро алоқадорликда таҳлил этилганлиги натижаси ўлароқ, қонун ҳужжатларининг тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича бугунги аҳволини тўғри баҳолаш имконини берди.

Мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, қонунчиликнинг ҳисобини юритиш ва тизимлаштириш масалалари 20га яқин қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Бугунги кунда ҳуқуқий ахборот электрон шаклларда тарқатилмоқда, хусусан бундай ахборот Интернет тармоғи орқали давлат органларининг расмий веб-сайтларида, шунингдек бошқа ахборот тизимларида жойлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириб боришда телевидение, радио ва босма оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланилмоқда.

Шу билан бирга тадбир давомида ҳозирги кунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам борлиги айтиб ўтилди. Масалан, қонун ҳужжатларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бевосита ижрочиларга етказишнинг аниқ механизми, муддатлари назарда тутилмаганлиги, ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда ягона тизимнинг йўқлиги ҳамда шу каби ўз ечимини кутиб турган яна бошқа масалалар конференция кун тартибидан жой олди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни аниқ тартибга соладиган махсус қонунни қабул қилиш зарурлиги конференцияда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бундай қонун ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимининг самарадорлигини оширишга ҳамда давлат органлари мансабдор шахсларининг бу борадаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Тадбирда иштирокчилар томонидан мамалакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини ошириш ва қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва улар кенг муҳокама қилинди.

Конференция якунида билдирилган таклифлар умумлаштирилган ҳолда қуйи палата қўмиталари фаолиятини такомиллаштиришда инобатга олинишига келишиб олинди.   


Кўришлар сони: 10593

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими