Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Меҳнат қонунчилиги масалалари муҳокама қилинди

Меҳнат қонунчилиги масалалари  муҳокама қилинди

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ барча соҳа ва тармоқларни изчил ривожлантириш мақсадида, аввало, мустаҳкам ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш борасида ҳам қонунчилик базаси яратилди. Конституциянинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди. Давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган ушбу соҳадаги қонунчиликни ҳар томонлама тартибга солиш, ижросини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу маънода Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам юқоридаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар-ходимлари, экспертлар, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мамлакатимизда мустақил меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга тенг имкониятлар берилганлиги, фуқароларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби тамойилларга асосланган давлат сиёсати олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, фуқароларда меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, меҳнатнинг ихтиёрийлиги, иш билан таъминлаш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан муҳофаза қилишни таъминлаш, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобат қила олмайдиган фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чора-тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, бу кафолатлар Бош Қомусимизда, Меҳнат кодексида, "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Аҳолини иш билан таъминаш тўғрисида"ги, "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида"ги ҳамда "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Қонунларда ўз ифодасини топган.

– Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тантанасида муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқимиз турмуш фарвонлигини ошириш, аҳоли даромадларини юксалтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, янги корхоналарни ишга тушириш ва фаолият кўрсатаётган объектларни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобидан юртимизда охирги 5 йилнинг ўзида 5 миллионга яқин янги иш ўрни яратилгани ушбу йўналишдаги амалий қадам бўлди,дейди Қўмита аъзоси Мухаррам Дадаходжаева. – Бугунги давра суҳбатимизда ҳам меҳнат муҳофазасига оид қабул қилинган қонунлар ва хуқуқий нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини танқидий кўз билан баҳолаб, парламент назоратини олиб бориш, соҳага бевосита дахлдор бўлган қонунларни қайта кўриб чиқиб, зарурат туғилганларига тегишли тартибда ўзгариш ва қўшимчалар киритиш таклифи ҳам депутатларимиз томонидан ўртага ташланди. Маълумки, парламентнинг назорат шаклларидан бири сифатида ҳар йили Бандлик дастури қабул қилинади ва унинг ижроси доирасида янги иш ўринлари ташкил этилади. Депутатларимиз олдида турган вазифа эса ушбу Дастур ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чора-тадбирларини қонун йўли билан тартибга солишдан иборатдир. Айрим ҳолларда қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги, иш билан таъминлашда учраётган муаммолар ва уларнинг ечими масаласи ҳам диққат марказимизда бўлди.

Давра суҳбатида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси нафақат асосий ишлаб чиқариш кучларига таъсир кўрсата оладиган, балки уларни меҳнат фаолияти давомида ишсизликдан ҳам ҳимоя қила оладиган қонунчиликдаги асосий соҳа эканлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинларини ҳимоялаш, улар кафолатини сўзда эмас, реал ҳаётда таъминлаш миллий қонунчилик ва амалий фаолиятда ҳам доимий эътиборда бўлиб келинаётганлиги таъкидланди. Чунки ушбу талаблар асосида ҳар йили ишлаб чиқиладиган Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланади ҳамда унинг ижроси бўйича назорат-таҳлил ишлари олиб борилади. Кейинги йилларда амалга оширилган назорат-таҳлил натижалари айрим ҳудудларда янги корхоналарни ишга тушириш, кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил этиш, якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари очиш борасида бир қатор камчиликлар мавжудлигини, шунга кўра, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.

Тадбирда сўзга чиққанлар меҳнат ресурсларининг иқтисодий фаол қатламининг маълум фоизи норасмий секторда банд эканлиги, уларни келгусида ижтимоий муҳофазасини таъминлаш чораларини ишлаб чиқиш, якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахсларнинг ёрдамчиларига келгусида меҳнат стажларини юритишнинг оптимал чораларини топиш каби муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга тўхталиб ўтдилар.

Тадбир якунида аҳолини иш билан таъминлаш соҳасини тартибга солувчи қонун ва қонун ости ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди ҳамда ушбу масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.  


Кўришлар сони: 12879

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими