Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш аҳоли саломатлигининг муҳим омили

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш аҳоли саломатлигининг муҳим омили

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари ташаббуси билан “Озиқ-овқат хавфсизлиги: ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида конференция ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар-ходимлари ва мутахассислари, олимлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда асосий эътибор мамлакатимиз аҳолисини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда аҳолининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш масалаларига қаратилди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, соҳада учраётган камчиликлар ва уларни ҳал этиш борасида мутасадди вазирлик ҳамда идоралар олдида турган муҳим вазифалар, шунингдек соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, ҳозир дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаётганлигини, сайёрамиз аҳолисининг
30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечираётганлиги, ана шундай сабаблар туфайли 160 миллиондан ортиқ болаларда бўй ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишга доир камчиликлар кузатилаётганлигини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур соҳа “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт ҳажмларини ошириш, ички бозорни ва ички истеъмолни тўла таъминлаш, замонавий технологиялар асосида интенсив боғлар барпо этишни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор қарорлар ва аниқ манзилли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди. Мавжуд ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг татбиқ этилиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони
10 мингдан ортиқ бўлиб, бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан 10 бараварга ўсганлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, охирги йилларда аҳолининг овқатланиш сифати анча яхшиланди, истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тузилмаси ўзгарди. Амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳатто халқаро даражада ҳам юксак эътироф этилмоқда.

– Энг муҳими, озиқ-овқат саноати корхоналари юқори технологияларга асосланган йирик ишлаб чиқариш объектларига айланди,дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Шерзод Қулматов. Айни пайтда соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари турини кенгайтириш ва ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли товарлар билан тўлдириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бу борада муҳим омил бўлди. Бу албатта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратиб берилаётган шароитлар, имтиёзлар ва соҳани ҳуқуқий жиҳатан қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириб борилаётгани билан изоҳланади.

Конференцияда депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда соҳадаги мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, озиқ-овқат саноатида инновация лойиҳаларининг амалга оширилишини, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ҳамда соҳада илмий изланиш ва тадқиқотларнинг олиб борилишини янада рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда хавфсиз ва сифатли қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини етиштириш, айниқса маҳаллий корхоналарда хавфсиз, муҳим микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш йўли билан, аҳолининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасидаги фаолиятлар атрофлича таҳлил қилинди.

– Жорий йилнинг 9 ойи якунида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 125,8 фоиз ўсишга эришилди, жумладан, қандолатчиликда бу кўрсаткичнинг ўсиш сурати 228,9 фоизга, маргарин маҳсулотлари ишлаб чиқариш 178,8 фоизга, шакар маҳсулотлари ишлаб чиқариш 141,3 фоизга ҳамда сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш 117,5 фоизга ўсди”, – дея мавзуни давом эттирди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси бўлим бошлиғи Ялкун Рашитходжаев.

Тадбир сўнгида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида учраётган муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ҳамда “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.


Кўришлар сони: 9912

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими