Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Парламент назоратини амалга оширишнинг долзарб масалалари

Парламент назоратини амалга оширишнинг долзарб масалалари

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Парламент назоратини амалга оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, шунингдек олий таълим муассасалари профессорлари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси парламент фаолияти самарадорлигини янада ошириш, унинг назорат вазифаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қатор моддаларига ушбу Концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, парламентга мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг маърузасини эшитиб бориш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида қабул қилинган чора-тадбирлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўла таъминлаш, жойларда юзага келаётган долзарб масалаларни адолатли ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг шу йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида “конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан, Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозим”лигини таъкидлади.

Маълумки, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашида парламент муҳим роль ўйнайди. Бунда эса парламентнинг нафақат қонун ижодкорлиги функцияси, балки назорат функциясини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил
25 июндаги Ф-4305-сонли ҳамда 2015 йил 26 мартдаги Ф-4438-сонли фармойишларига мувофиқ тузилган Комиссия таркибидаги Экперт гуруҳи томонидан бугунги кунда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Тадбир иштирокчилари ушбу қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар.

Айтиш жоизки, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида Экcперт гуруҳи томонидан биринчидан, миллий тажриба, яъни бугунги кунда мавжуд миллий қонунчилигимизда парламент назорати билан боғлиқ нормалар ўрганилди. Бу масалада олим ва мутахассисларнинг назарий ва амалий қарашлари эътиборга олинди. Иккинчидан, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар тажрибаси атрофлича таҳлил этилди.

“Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг маъруза ва чиқишларидаги билдирилган фикрлар Эксперт гуруҳининг бу борадаги ишига методологик асос бўлиб хизмат қилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, Эксперт гуруҳи парламент назоратига қуйидагича таъриф беришни таклиф этмоқда:

“Парламент назорати – бу парламент назорати субъектларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунлар, давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятидир”.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда юртимизда парламент назорати бўйича алоҳида қонун бўлмасада, бироқ Олий Мажлиснинг назорат функциясини у ёки бу даражада тартибга солиб турувчи ўндан ортиқ қонунни кўрсатиш мумкин.

Семинарда парламент назорати, унинг шакл ва ҳуқуқий механизмлари ҳамда парламент назоратининг замонавий усуллари борасида хориж тажрибаси муҳокама қилинди, шунингдек бу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар олинди.


Кўришлар сони: 10079

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими