Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аҳоли фаровонлигини юксалтириш — устувор вазифа

Аҳоли фаровонлигини юксалтириш — устувор вазифа

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси якунлари кўриб чиқилди.

Чунончи, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тингланди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 январда бўлиб ўтган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижроси 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиётимизнинг тармоқ ва соҳаларида барқарор ривожланишни, иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берди. Натижада ярим йиллик якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 8,1 фоизни ташкил этди. Шу жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,5, капитал қурилиш 18, чакана савдо айланмаси 14,8, хизматлар ҳажми 13,1 фоиз ўсишига эришилди.
Йиғилишда юртимизда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқарадиган янги қувватларни ташкил этишни рағбатлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестицион сиёсат олиб борилаётганига алоҳида эътибор берилди.
Муҳокамалар чоғида жаҳон бозорида сақланиб қолаётган беқарорлик шароитида рақобатбардош маҳсулотлар ҳажмини ҳамда номенклатурасини ошириш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар товар ва хизматлар экспортининг ўсишига олиб келгани қайд этилди. Аввал ўз маҳсулотларини ички бозорга етказиб берган 490 дан зиёд корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилиниб, ташқи бозорга янги турдаги 168 маҳсулот чиқарилишига эришилди. Натижада экспорт ҳажмининг 7,4 фоиз ўсиши ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди.
Шунингдек, ҳисобот даврида хусусий мулк ҳамда тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳани ривожлантириш йўлида тадбиркорларга тўлиқ эркинлик бериш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг саноатдаги улуши 31,4, чакана савдо айланмасида 86,3, пуллик хизматларда 47,6 ҳамда бандликда 77,2 фоизга етди.
Буларнинг барчаси янги иш ўринларини яратишга ижобий таъсир кўрсатди, яъни аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастур асосида 441,8 мингта иш ўрни очилди.
Иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар солиқ сиёсати такомиллашувига, аҳолининг реал даромадларига таъсир кўрсатмаган ҳолда Давлат бюджетига солиқ тушумлари кўпайишига хизмат қилди. Жумладан, ҳисобот даврида бевосита солиқлар бўйича тушумлар ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 16,7 фоиз, билвосита солиқлардан тушумлар 16,8 фоиз ортиши таъминланди.
Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа харажатларига Давлат бюджетининг 59,2 фоизи йўналтирилгани алоҳида таъкидланди. Мазкур харажатлар ЯИМга нисбатан 13,9 фоизни ташкил этди. Бунда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми — 57,8 фоизи таълим тизимига йўналтирилганлигини айтиш жоиз.
Ушбу масала парламент қуйи палатасининг барча қўмиталарида кўриб чиқилди.
Депутатлар муҳокамалар чоғида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтишди. Шундан келиб чиқиб, улар мутасадди вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг давлат томонидан ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ҳамда самарали сарфланиши бўйича масъулиятларини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси билан белгилаб берилган тартиб ва қоидалар ҳамда соҳага оид қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, ҳудудларда иқтисодий муҳитни бозор талаблари даражасида ташкил қилиш, инвестиция фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича амалий таклифларини билдиришди.
Тадбирларда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 8437

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими