Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар таълим тизимига оид қонун ҳужжатлари ижросини муҳокама қилдилар

Депутатлар таълим тизимига оид қонун ҳужжатлари ижросини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим соҳасини замон талаблари асосида ислоҳ этиш ва ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказишга йўналтирилган аниқ стратегия ҳаётга татбиқ этилди. Пировардида соҳа тубдан янгиланиб, ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этилди, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник ҳамда кадрлар базасига эга таълим-тарбия инфратузилмаси яратилди. Бунда, хусусан, 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатда янги жамият қуришнинг босқичма-босқич ҳамда тадрижий ривожланиш принципига асосланган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг “ўзбек модели”нинг ажралмас таркибий қисми сифатида катта муваффақиятлар омили бўлди.

Бугун таълим тизимидаги ютуқларимизни бутун дунё эътироф этмоқда. Нуфузли халқаро ташкилотлар, қатор хорижлик экспертлар Ўзбекистонда ҳар йили таълим учун сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10–12 фоизини ташкил этаётгани дунёнинг энг илғор мамлакатларида бу кўрсаткич 3–5 фоиздан ошмаётган бир шароитда ҳавас қилишга арзигулик натижа эканлигини таъкидлаб, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятлари, жорий этилган 12 йиллик мажбурий таълим самараларига мудом юқори баҳо бериб келаяптилар.

Айни пайтда дунё иқтисодиётида танглик кучайган, бюджет харажатларини қисқартириш масалалари юзага келган шароитда ҳам мамлакатимизда таълим тизимидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, ёшларимизнинг билим олишлари учун энг ривожланган давлатлардагидан кам бўлмаган шарт-шароитлар муҳайё этилмоқда. Биргина 2014 йилда Давлат бюджетининг 34 фоизи айнан фан ва таълимни ривожлантиришга ажратилгани юртимизда мазкур соҳа тараққиётига берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Бу борада парламентимиз томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг изчил такомиллаштириб бориш, уларнинг ижро механизмларини кучайтиришга ва ижроси юзасидан доимий назоратни амалга оширишга эътибор қаратиб келинаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 23 январида бўлиб ўтган парламент палаталарининг қўшма мажлисида қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг таъсирини оширишга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида алоҳида тўҳталиб ўтган эди. Айни пайтда бу борада Қонунчилик палатаси қўмиталарида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яъни, қонунларнинг бажарилиши устидан парламент назорати самарадорлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Қуйи палатанинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида халқ таълими муассасаларида чет тилларини ўргатиш борасидаги қонунчиликнинг ижроси юзасидан халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишда таъкидландики, мазкур йўналишда “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тилларга ўқитишнинг комплекс тизими, яъни уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган тизим яратилди. Шу билан бирга Замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, ёшларни халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида қабул қилинган мамлакатимиз Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиққани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, ўтган давр мобайнида чет тилларини ўқитиш тизими тубдан ўзгарди. Хусусан 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларининг 1-синфларидан бошлаб янги модель асосида чет тилларини ўқитиш бошланди. Узлуксиз таълим тизими учун чет тиллардан янги Давлат таълим стандартлари, янги ўқув қўлланмалари ҳамда дарслик мажмуалари яратилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, бу борада сўнгги 3 йилда 5 миллиондан ортиқ нусхададарсликлар чоп этилди. Шу билан бирга, 17 минг 222 та чет тили кабинетлари учун қўшимча адабиётлар, луғатлар ҳам давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилди. Уларни замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича ҳам қатор ишлар бажарилди. Бундан ташқари, турли электрон ахборот-таълим ресурслари, видеодарслар, видеоқўлланмалар, интерактив ўйинлар каби 50 дан ортиқ ресурслар яратилди.

Кадрлар таъминоти ва педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўтган даврда 18 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиларининг малакаси оширилди.

Мактабгача таълим муассасалари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилаяпти, тўгараклар фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга йиғилишда тизимда ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Жумладан, таълим муассасаларида етказиб берилган жиҳозлар, ахборот коммуникация технологияларидан янада унумли фойдаланиш, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга мутахассис кадрларга бўлган эхтиёжни тўлақонли ўрганиш, уларни жой-жойига қўйиш, педагоглар иш самарадорлигини янада ошириш, дарс жараёнида ўқув қуроллари, замонавий мултимедия маҳсулотларидан фойдаланишни такомиллаштириш зарур. Шунингдек, бошланғич синф ўқитувчиларининг чет тилларини ўқитиш бўйича малакасини ошириш тизимидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш тавсия этилди.

— Президентимиз мамлакатимизда интеллектуал жиҳатдан етук авлодни камол топтириш масаласига мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб жиддий эътибор қаратиб келмоқдалар, — дейди Фан. таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси А. Қирғизбоев —Бу эътибор бугунги кунда янада кучайди, десак муболаға бўлмайди. Яъни, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси учун ҳаракат ҳам, ҳаражат ҳам аялмаяпти. Биргина чет тилларини ўрганиш йўналишини оладиган бўлсак, сўнгги 2-3 йилда соҳага янгича ёндашувлар ва замонавий педогогик технологиялар жорий этилди. Қўмитамиз иш режасида кўзда тутилган ушбу йиғилишда ҳам айни шу масала бўйича қонунчиликнинг бажарилиши кўриб чиқилди. Албатта тадбирдан аввал жойларга, вилоятларга чиқиб тизимдаги ислоҳотларнинг бориши ва қонунчилик ижросини ўргандик. Таъкидлаш жоиз, бу борада кўплаб ишлар қилинган. Ўқитувчиларга етарли шароитлар, яъни чет тилини ўқитиш учун махсус жиҳозланган хоналар яратилган. Бундан ота-оналар ҳам миннатдор. Президентимизнинг қарорларидан сўнг биринчи синф ўқувчиларига ҳам чет тиллари ўқитила бошланди ва уларнинг ўзлаштириш даражаси юқори бўлмоқда. Албатта пировард натижада бу бир неча тилларда сўзлаша оладиган, жамиятда муносиб ўрин эгаллайдиган фарзандларни тарбиялаш, етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратади.

Эшитув якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 


Кўришлар сони: 16291

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими