Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Баркамол авлодни вояга етказишда музейларнинг ўрни ва аҳамияти

Баркамол авлодни вояга етказишда музейларнинг ўрни ва аҳамияти

Мустақиллик йилларида миллий тарихимизга, айниқса уни аниқ далиллар орқали намоён этишнинг энг таъсирчан шакли бўлган музейларга нисбатан эътибор мисли кўрилмаган даражада ошди. Бунинг биргина мисоли сифатида, Темурийлар тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Олимпия шон-шуҳрати музейи, Мирзо Улуғбек расадхонаси музейи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тарихи давлат музейи каби бир қатор янги музейлар барпо этилишини кўришимиз мумкин.

2015 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Баркамол авлодни вояга етказишда музейларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги конференция ўтказилди.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларининг музейлар ва мазкур соҳа бўйича кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари мутасаддилари, музейлар директорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Конференцияда халқаро жамоатчиликнинг юртимиз бой маданий ва тарихий меросига бўлган қизиқиши йилдан йилга кучайиб бораётганлиги таъкидланиб, мустақиллик йилларида музейларга оид 1 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, 2 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, 2 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 та қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар музейлар фаолиятини янада ривожлантириш йўналишида қабул қилинганлиги қайд этилди.

Сўнгги йилларда Давлатимиз томонидан янги биноси қурилаётган Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейига 53 млрд сўм, Ўзбекистон давлат санъат музейи биноси реконструкциясига 47 млрд сўм, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи Мустақиллик экспозициясини янгилаш учун 1 млрд сўм, Темурийлар тарихи Давлат музейи биносини таъмирлаш учун 2,3 млрд сўм маблағ, жами 103,3 млрд сўм ажратилган.

Давлат бюджетининг 2014 йилдаги харажатларида музейлар, кўргазмалар ҳамда кўргазма залларини сақлашга 17,9 млрд. сўм маблағ сарфланган. Давлат бюджетининг жорий йилнинг 1 чорагидаги харажатларида эса музейлар, кўргазмалар ҳамда кўргазма залларини сақлаш харажатларига - 3,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Республика бўйича жами 444 та музейлар, шундан Республика бўйича 135 та давлат бюджетидан молиялаштириладиган музейлар (филиаллари билан), 99 та нодавлат музейлар, 28 та коллеж музейлари, 188 та мактаб музейлари мавжуд. Мазкур музейларда жами 2 млн. 387 мингдан ортиқ экспонатлар сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 12 январдаги 1913- сонли “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ҳудудий, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар музей фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш, уларга илмий-услубий раҳбарлик қилиш ва уларнинг муҳофаза шароитларини қатъий назоратини олиб бориш мақсадида Республика “Ўзбекмузей” жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимизда ёш авлодни маънавий етук, ватанпарвар ва инсонпарвар кишилар сифатида тарбиялашда миллий қадриятларимиз муҳим ўрин тутади. Бу қадриятларни ўрганиш, тўплаш, замон талабларига мос равишда ривожлантириш зарур. Шундагина миллий қадриятларнинг қиммати ошади, келгуси авлодларга янада бойиган ҳолда етиб боради. Музейлар ўсиб келаётган ёш авлодни аждодларимизнинг тарихий анъаналарига садоқат, ўзбек ҳалқининг юксак мақсадларига ишонч руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мазкур вазифаларни бажарилишида мактаб музейлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги кунда Республикамиз умумий ўрта таълим муассасаларида ўлкашунослик музейи, халқ музейи, тарихий ўлкашунослик, хотира ва қадрлаш, мактаб тарихи, қишлоқ тарихи, мерос музейи, тарихий музей каби музейлар ташкил этилган бўлиб, халқ таълими тизимида жами 188 та мактаб жамоатчилик музейлари фаолият олиб бормоқда.

Умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этилган ҳар бир музейда бир неча мингдан ортиқ экспонатлар ўрин олган бўлиб, мактаб музейларида жами 116 875 та экспонатлар мавжуд. Мактаб музейларида ўқувчи-ёшлар ўзи яшаб таълим олаётган шаҳар ёки қишлоқ тарихига, мактаб тарихига оид, ўлка табиатига оид материаллар, шаҳар ва қишлоқ худудидан топилган уй рўзғор буюмлари, зебу –зийнатлар, ноёб китоб ва қўл ёзмалар, археологик топилмалар, сопол буюмлар, кўзалар, турли сўзаналар ва фото суратларнинг мавжудлиги ўқувчи-ёшларнинг ўзи яшаётган ҳудуднинг тарихини ўрганиш асосида уларда Ватанга, табиат ва жамиятга, ота-она, ёру-дўстларга меҳр-муҳаббат ва садоқат, умуммиллий қадриятлар ва миллий урф-одатларимизга ҳурмат, уларга эгалик қилиш ҳамда ўз вақтида ҳимоя қила олиш масъулияти шаклланишида ўзига хос аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати А.Абдукодиров ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий-марифий муассасалар, музейлар, кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари бошқармаси бошлиғи А.Мирзорахимовларнинг музейлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари ҳамда баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ҳамда музейлар билан таълим муассасалари ўртасидаги самарали ҳамкорлик асослари ҳамда соҳадаги устувор вазифалар мавзусидаги маърузаларида Республикамиз музейларида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда ушбу соҳада қилиниши зарур бўлган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришда қуйидаги:

қонун хужжатларига бугунги кун талабларидан ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ҳаволаки нормалар ва қонуности ҳужжатларини қисқартириш ва такомиллаштириш;

музей соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича илмий концепция ишлаб чиқиш;

давлат рўйхатидан ўтмаган музейларни мазмуни, сақланаётган ашёлар ва коллекцияларнинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда давлат рўйхатига олишни таъминлаш;

музей мутахассислари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, аттестациядан ўтказиш каби йўналишларда натижадор комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

таълим муассасалари билан музейлар ўртасидаги баркамол авлодни тарбиялашдаги ҳамкорлик ишларида мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, музейлардаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини намойиш этишдаги ўсиб келаётган ёш авлодни ўз ўлкасидан фахрланиш, Ватанига чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириш бўйича эстетик ёндашиш савиясини кўтариш

каби масалалар долзарб деб топилди.

Конференция давомида савол-жавоблар ҳамда мунозаралар бўлиб ўтди.

Конференция якунида музейлар фаолиятига оид қонун хужжатларига бугунги кун талабларидан ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, ҳаволаки нормалар ва қонуности ҳужжатларини қисқартириш ва такомиллаштириш; музей иш вақтини узайтириб, аҳолининг иш кунидан кейин ташрифига имкониятлар яратиб бериш; музейларнинг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш; идоравий бўйсунишидан қатъий назар барча давлат музейларига аҳолининг бепул киришини таъминлаш йўналишидаги тадбирларни кенгайтириш; давлат рўйхатидан ўтмаган музейларни рўйхатдан ўтказиш; музей ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш борасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш; музейлар фаолиятига боғлиқ норматив-ҳужжатлар билан ишлашни такомиллаштириш; музейлар сони ва улардаги бошқарувни ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, аттестациядан ўтказиш, “Ўзбекмузей” жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш каби йўналишларда мавжуд муаммо ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

Кўришлар сони: 14649

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими