Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Юқори малакали кадрларга талаб сифат жиҳатидан такомиллашиб боради

Юқори малакали кадрларга талаб сифат жиҳатидан такомиллашиб боради

Жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти, Олий Аттестация комиссияси мутассадилари, шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш Бош методик маркази вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармоннинг мазмун-моҳиятини жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилди.

Таъкидланганидек, юртимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсдаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим муассасалари салоҳиятли илмий ва педагогик таркибга, замонавий ўқув-дастурий асосга, моддий-техник база ва ўқув-илмий лабораторияларга эга бўлди. «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган самарали миллий моделини яратишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, олий таълим профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш масаласига қаратилаётган эътиборнинг кучайтирилганлиги ўтган йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртлари педагогик жамоаси салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи малака ошириш механизмини тубдан ислоҳ этишга замин яратди.

– Президентимизнинг 2015 йил 12 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг янада такомиллаштирилган тизимини жорий қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади, – дейди қўмита аъзоси Абдуғаппор Қирғизбоев. –Ушбу ҳужжат юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш мақсадида қабул қилинган. Фармонда авваламбор, олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ўтказилган давра суҳбатимизда ҳам мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифалар бандма-банд таҳлил қилинди.

Фармонда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагогик кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича 15 та етакчи олий ўқув юртининг Таянч олий ўқув юртлари сифатида белгиланиши профессор-ўқитувчиларни замонавий моддий-техника базасига, юқори илмий ва амалий тажрибага эга бўлган олий ўқув юртларида малака ошириш, ижобий тажриба тўплашларига имкон беради.

Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур Фармон билан мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари уч йилда камида бир марта доимий асосда Таянч олий ўқув юртлари курсларида қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шартлиги, курслар якунида тингловчилар аттестациядан ўтиши лозимлиги белгиланди. Бу билан ўқитувчиларга қабул қилинган янги қонунлар, таълим тизимидаги замонавий услублар, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва қўллашга кенг шароит яратилади.

– Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, олий ўқув юртларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш масаласига аниқ ойдинлик киритилмоқда, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида доимий фаолият юритадиган Идоралараро комиссия ташкил этилиши кўзда тутилган, – дейди депутат Ш. Турсунбоев. – Ҳужжатнинг яна бир муҳим вазифаси – бу юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, олий ўқув юртларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилашдир. Фармонда, шунингдек, ўқитувчиларнинг глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши, олий ўқув юртлари педагог қадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириши каби замонавий талаблар қўйилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққан депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Президентимизнинг мазкур фармони ижросини таъминлашда барча мутассадиларнинг фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир сўнггида кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Кўришлар сони: 9561

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими