Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида

Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари бир неча маротаба таъкидлаганидек, ушбу соҳанинг тез суръатлар билан ривожланиб бориши ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулот билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу аснода аҳоли даромадларининг кўпайишини таъминлаш имконини беради. Шунинг учун ҳам ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тез суръатлар билан ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар ва преференциялар яратиш бўйича самарали чора-тадбирлар қабул қилинди. Натижада жорий йилнинг фақат биринчи чорагида кичик бизнеснинг 8 мингдан зиёд янги субъектлари яратилди. Бу 2014 йилнинг айнан шу даврига нисбатан 10,2 фоиз кўпдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда имзоланган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз иқтисодиёти ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдига тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлаш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифалари қўйилди.

Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги муҳим ўринларидан бирини эгаллайди. Унинг томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада сансалорлик тўсиқлар қўйилишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йил 19 июнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирлигининг тегишли ахбороти эшитилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бошқа мутахассислари, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг батафсил ахбороти эшитилиб, унда вазирлик томонидан марказда ва жойларда тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлаш соҳасида қонунчиликни татбиқ этиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг натижалари баён қилинди.

Вазирлик томонидан ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрлашга эътибор берилди. Бундан ташқари, вазирлик томонидан 78 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ва 30 та идоравий меъёрий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди, 395 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланишига амалий ёрдам кўрсатилиши ҳисобига 1.300 та янги иш ўринлари яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда таъкидланганидек, иқтисодиётнинг хусусий секторига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Адлия вазирлиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг биринчи чорагида вазирлик ходимлари томонидан 36 та шахсни жавобгарликка тортиш чораларини қабул қилган ҳолда 99 та тадбиркорлик фаолиятини ноқонуний текшириш ҳолати аниқланиб, 23 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди. Тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш борасида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан мансабдор шахсларни интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга суммаси 7 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 533 та даъво аризаси, шунингдек, фермерларнинг манфаатларида 27,7 млрд. сўмлик 2,1 мингдан зиёд даъво аризалари киритилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан муҳокама доирасида йиғилиш иштирокчилари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига назорат қилувчи органлар томонидан ноқонуний аралашувнинг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш қонунчилик механизмларини такомиллаштириш бўйича вазифаларни қонунан мустаҳкамлаб қўйишнинг ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидладилар.

Йиғилиш якунлари бўйича соҳанинг норматив ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик учун қўшимча рағбатлантирувчи омиллар яратиш юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 10147

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими