Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аҳоли фаровонлигини таъминлашда - Давлат бюджети ижроси якунлари муҳим аҳамиятга эга

Аҳоли фаровонлигини таъминлашда - Давлат бюджети ижроси якунлари муҳим аҳамиятга эга

Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарида депутатлар, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йилдаги ҳамда 2015 йил биринчи чорагидаги ижроси якунлари кўриб чиқилмоқда.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда асосий эътибор ижтимоий соҳани ривожлантиришга, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга, Давлат бюджетининг ғазна ижросини ва самарадорлигини таъминлашга қаратилди.

2014 йилда иқтисодиётни диверсификация қилиш ва туб таркибий ўзгаришларнинг амалга оширилиши натижасида аҳоли бандлиги ва даромадларининг сезиларли ўсишига эришилди. Хусусан, ҳисобот даврида Давлат бюджетининг харажатлар қисмида ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига умумий харажатларнинг 58,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилганлиги ва бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,8 фоизни ташкил этган.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган 2014 йилги Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 980 мингдан ортиқ, жумладан, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш ўринлари ташкил этилганлигини қайд этиб, бу ўз навбатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, иқтисодиётда 2014 йил давомида эришилган ижобий-таркибий силжишлар, сифатли ўзгаришлар ва тенденциялар унинг барқарор ва балансли ривожланишини таъминлади, аҳоли бандлиги ва даромадининг ўсишига кўмаклашди. 2014 йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилгани депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Таъкидланганидек, соғлиқни сақлашни ривожлантиришга Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,4 фоизи йўналтирилган бўлиб, бу эса 2013 йилга нисбатан 21,5 фоизга кўп демакдир. Шундан, дори-дармонлар, тиббиётда фойдаланиладиган воситалар, вакциналар ва бактериологик препаратлар, озиқ-овқат маҳсулотлари учун маблағлар йўналтирилди. Жумладан, 133 та тиббиёт муассасаси янгитдан қурилди ва реконструкция қилинди. Корея Республикаси билан яқин ҳамкорликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, энг юқори технологиялар асосидаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланадиган кўптармоқли замонавий болалар тиббиёт маркази қурилиши бошланди. Муҳокамалар чоғида ижтимоий кўмакка муҳтож қариялар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Йиғилишда 2015 йилнинг 1-чорагида ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаштадбирларига ажратилган Давлат бюджети маблағларининг харажатлар қисми ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилнинг 1 чорагида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 141 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Ташкил этилган иш ўринларининг 62,6 фоизи ёки 88 мингтадан ортиғи қишлоқ жойларига тўғри келади. Соғлиқни сақлашни ривожлантиришга 1 037,9 млрд. сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24,1 фоизига, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,0 фоизга кўп маблағ харажат қилинди.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда депутатлар саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, истеъмол товарлари, маҳаллийлаштирилаётган ва экспорт маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсишини рағбатлантириш, корхоналар молиявий барқарорлигини ошириш ҳамда рақобат муҳитини шакллантиришга оид чора-тадбирларнинг амалга оширилиши саноат тармоқларида таркибий туб ўзгаришларни янада чуқурлаштириш имконини бераётганлигини таъкидладилар. 2014 йилда қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга молик. Ушбу дастур доирасида 11 мингта янги турар жойлар барпо этилди. Хусусан, 2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоизга ўсди. Инвестиция дастурини амалга оширишда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларнинг йилдан-йилга фаол иштирок этиб, бундай инвестициялар ҳажми 10,3 фоизга ўсиб, 4,3 млрд. АҚШ долларни ёки жами инвестициялар ҳажмининг қарийб 30 фоизини ташкил этди. Шунингдек, фаол инвестиция сиёсатини олиб борилиши натижасида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди. Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган “Ангрен” махсус индустриал зонаси, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” махсус индустриал зонасининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имконини кенгайтирди. Ушбу зоналар учун зарур ташқи муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси тўлиқ республикамиз маблағлари ҳисобидан барпо этилиши давом этмоқда. Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси даромадлари 2 111,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, белгиланган прогнозга нисбатан 101,6 фоизга бажарилди. 2014 йилда Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати асосида ҳалқаро молиявий институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 540 километр автомобиль йўлларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилиб, 983,1 млрд. сўм миқдорда маблағ ўзлаштирилди. 2014 йил давомида ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар ҳамда ноқонуний харажатлар жами 32,4 млрд. сўмни ташкил этди. Жамғармага етказилган зарарларни қоплаш мақсадида “Ўзавтойўл” ДАК ҳамда ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилотларига тегишли чоралар кўриш юзасидан кўрсатмалар юборилди.

Жорий йилнинг 1-чорак ижроси якунларига кўра, Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4,8 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 53 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг 430 тадан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2015 – 2019 йиллар мобайнида таркибий қайта ўзгартиришлар, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш, шунингдек, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир ўрта муддатга мўлжалланган дастурларга киритилган ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича 846 лойиҳа, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари қуриш ва уларни ривожлантириш бўйича 141 та лойиҳа, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича 602 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Ҳисобот даврида Республика йўл жамғармаси даромадлари 511,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг йиғилишида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш масалаларига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар сарфига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоб Жамғармаси томонидан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 6,5 трлн. сўмга яқин маблағ молиялаштирилди. 2014 йилги пахта ва ғалла ҳосилини муваффақиятли етиштиришни ўтказиш учун зарур агротехника тадбирларини ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йилда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун давлат бюджетидан ажратилган 264,2 млрд. сўм маблағ қурилиш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш объектларида ишларини бажариш, мелиоратив техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш, томчилатиб суғориш ишларини жорий этиш ишларига ҳамда Жамғармани бошқариш бўйича департаментни таъминоти учун йўналтирилди.

Жорий йилнинг 1-чорагида Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китоб Жамғармаси томонидан Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жами 911,0 млрд. сўм молиялаштирилди.

Йил бошидан буён минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида 434 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Қишлоқ жойларида 169 км. сув қувури тармоқлари, 54 км. газ тармоқлари ишга туширилди, 1,3 млн. квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш, шунингдек, уларни зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Шу билан бир қаторда ҳисобот даврларида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги ҳақида сўз юритилди.

Қўмиталарнинг йиғилишларида муҳокама қилинган масала бўйича тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ахборотлари эшитилди.

Йиғилишлар якунида қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.  


Кўришлар сони: 14935

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими