Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Дастур ижроси депутатлар эътиборида

Дастур ижроси депутатлар эътиборида

Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар жойларда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу соҳада алоҳида Давлат дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижросига барча давлат органлари томонидан, шу жумладан, мамлакатимиз парламенти томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган кенгайтирилган йиғилишда “2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”нинг асосий йўналишлари ва параметрларининг 2015 йил I чорак якунлари ижроси бўйича Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборотлари тингланди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбар-ходимлари ва мутахассислари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад – “2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” кўрсаткичларининг жорий йил I чорагидаги ижросини, шу жумладан янги иш ўринлари шакллантирилишини ҳамда илгари ташкил этилган иш ўринлари барқарор амал қилиб туришини, бандликнинг самарали шакллари ривожлантирилишини таъминлашдан иборатдир. Шунингдек, Дастур мамлакат меҳнат бозорида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳамда мазкур соҳага оид мавжуд муаммолар ва ўз ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш, дастур ижроси юзасидан жойлардаги мутасадди мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш каби долзарб вазифаларни кенг қамраб олади.

Депутатлар эътиборига тақдим этилган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборотига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 141,1 мингта иш ўринлари яратилган. Шунингдек, ахборотда яратилган янги иш ўринларининг 62,6 фоизи ёки 88,3 мингтаси қишлоқ ҳудудларига тўғри келганлигига, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадли дастурларига мувофиқ 4,6 мингта лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 28,6 мингта иш ўринлари ташкил этилганлигига алоҳида урғу қаратилди.

– 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб микрофирма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдорининг 25 фоиздан 
15 фоизга қадар камайтирилганлиги иш берувчиларга янги иш ўринларини ташкил этишни янада рағбатлантирди. Бунинг натижасида якка тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик, оилавий бизнесни ривожлантириш ҳисобига 112,5 минг кишининг бандлиги таъминланди, – дейди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Бандликни таҳлил қилиш ва меҳнат миқдорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Эркин Авезов.

Шу билан бир қаторда, йиғилишда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг I чорак давомида Тошкент вилоятидаги ижроси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ахборотда бандлик дастурига мувофиқ, Тошкент вилоятида 2015 йилда 87,2 мингта иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, шундан жорий йилнинг I чорагида 11,4 мингта иш жойлари яратилганлиги ёки режа 102,9%га бажарилганлиги таъкидланди.

– Йиғилишда депутатларимиз томонидан янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта жиҳозлаш ва мавжуд қувватлардан янада тўла фойдаланиш, саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой объектлари қурилиши кўламини ошириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш муҳим устувор вазифа эканлиги таъкидланди, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Жамол Носиров. – Яна бир муҳим масала, яъни кичик бизнес, биринчи навбатда, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда касаначилик имкониятларини кенгайтириш, ишламай турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ижобий ишлар билан бир қаторда соҳада айрим муаммо ва камчиликлар борлиги кўзга ташланмоқда. Албатта, уларни бартараф этиш борасида ижтимоий шерикликчилик муносабатларидан самарали фойдаланиб, аниқ вазифаларга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олишимиз лозим.

Йиғилиш якунида “2015 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”нинг I чоракда белгиланган параметрларининг ижроси борасида, айниқса яратилаётган иш ўринларининг сақлаб қолинишини ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳамда хотин-қизлар, ногиронлар ва ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли тоифаларини ишга жойлаштиришда мутасадди вазирлик, ташкилотлар ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати. 


Кўришлар сони: 7454

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими