Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Фарзандлари соғлом юрт қудратлидир

Фарзандлари соғлом юрт қудратлидир

Дунё харитасига назар солинса, аксарият давлатлар демографик сиёсат юритишга мажбур бўлаётгани, мамлакатнинг эртанги ҳаётини ишончли қўлларга топшириш масаласида оқсашларга дуч келаётгани аёнлашади. Чунки узоқни ўйламаслик, “тўнни калта бичиш” фурсат етиб катта муаммоларни юзага чиқаришини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Ўзининг собит тараққиёт йўли ва ривожланиш стратегияларини аниқ белгилаб олган Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг ўз вақтида, пухта ишлаб чиқилиши, амалиётга муваффақиятли татбиқ этилиши ва бу эзгу мақсад ҳозир ҳам изчиллик билан давом эттирилаётгани натижасида ҳар томонлама етук, баркамол авлод камол топди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлади. Шундай устувор мақсадлар Соғлом бола йилининг асосий йўналишларини ҳам ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзолари иштирокида ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.

Акмал САИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси:

— Ҳар йили қўмитамиз, албатта, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясига қаратилган амалдаги қонунлар ёки Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатларнинг ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганади. Қўмитанинг 2014 йилдаги дастлабки йиғилиши ҳам мамлакатимизда Соғлом бола йилидан келиб чиқиб ўтказилди. Нима учун? Сабаби қўмита бевосита Қонунчилик палатасида болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ёки шу билан боғлиқ амалдаги қонунларнинг ижросини назорат қилишга масъул. Шу ўринда мен муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман: “Халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугун униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун улуғ, керак бўлса, муқаддас иш деб билади”.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб давлатимиз раҳбари ёшларни, болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароитлар яратиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давлат сиёсатининг энг асосий йўналишларидан бири сифатида кун тартибига қўйди. Ўзбекистонда ёшлар, болалар ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари акс этган юздан ортиқ қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунлар шулар жумласидандир.

1992 йил 9 декабрда, яъни Конституциямиз қабул қилинган куннинг эртасигаёқ “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция Ўзбекистон қўшилган инсон ҳуқуқларига оид дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири бўлди. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилотининг ишга кириш учун энг кам ёш ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам беришга бағишланган 138- ва 182-конвенциялари, шунингдек, Одам савдоси тўғрисидаги Палермо протоколи, Болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли факультатив протокол (Нью-Йорк, 2000 йил 25 май) ҳамда Болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли факультатив протокол (Нью-Йорк, 2000 йил 25 май) мамлакатимиз парламенти томонидан ратификация қилинди.

Бугун Ўзбекистонда болалар сиёсати билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бир қаторда, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳам шуғулланаётгани диққатга сазовор. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар, “Маҳалла”, “Соғлом авлод”, “Сен ёлғиз эмассан” каби жамғармалар кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан 2010-2013 йиллар мобайнида айнан болаларга оид ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Адҳам ШОДМОНОВ, қўмита раиси ўринбосари (ЎзЛиДеп фракцияси вакили):

— Таъкидланганидек, 2014 йил 3 январдаги илк йиғилишимиз “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 2011 йил 9 сентябрь Сирдарё вилоятидаги, 2012 йил 22 февраль Андижон вилоятидаги, 2013 йил 5 апрель Фарғона вилоятидаги қўмита қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар ва белгиланган чора-тадбирларни атрофлича муҳокама этишга бағишланди.

Йиғилишда учта вилоятда амалга оширилган амалий ишлар ҳақида ҳар учала вилоят ҳокимлари ўринбосарларининг батафсил ахборотлари тингланди. Мазкур вилоятлар вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялари, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул бўлган муассасалар ва органлар томонидан қўмита қарорларида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Шу ўринда статистик маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Биргина Фарғона вилоятида ҳозирги кунда яшовчи 3 миллион 281 минг 268 нафар аҳолининг 1 миллион 285 минг 637 нафарини ёки 39,2 фоизини вояга етмаганлар ташкил қилади. Уларнинг 480 минг 848 нафари (37,4 фоизи) 917 та умумтаълим мактабида, 194 минг 634 нафари (15,1 фоизи) 157 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда таълим олмоқда. Ёки Андижон вилоятида ҳозирги кунда 2,7 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, шундан вояга етмаганлар 988 минг нафар (37,8 фоиз). Бундан кўриниб турибдики, вояга етмаган болалар умумий аҳолининг катта фоизини ташкил этади.

Қўмита эшитувида вилоятларда Қонун талабларидан келиб чиқиб, вояга етмаганлар ишлари учун масъул бўлган идоралар, комиссиялар, ички ишлар бўлимлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар қаровсизлиги ва назоратсизлигига йўл қўймаслик борасида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Шу билан бирга, баъзи бир бандларнинг тўлалигича бажарилмаганига ҳам эътибор қаратилди. Масалан, болаларнинг ҳуқуқий билимларини янада оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантиришда замонавий усул ва воситалардан кенгроқ фойдаланиш борасида ҳар учала вилоятда ҳам амалий ишлар қилиниши керак. Ёки вояга етмаганлар ва ёшлар иштирокида содир қилинаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари ўрганилиб, келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Арслон ЭШМУРОДОВ, қўмита аъзоси (ЎзМТДП фракцияси вакили):

— Қадим-қадимдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясига ниҳоятда жиддий қараганлар. Чақалоқ дунёга келгач, уни қирқ кеча-кундуз ёлғиз, қаровсиз ташлаб кетишга йўл қўйилмайди. Бу доно халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган ҳаётий фалсафаси ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида республикамизда таълим тизимини тубдан қайта ислоҳ этишга киришилди. Таълим масканлари фақат шаклан эмас, мазмунан ҳам такомиллашди. Ноанъанавий дарслар, интерактив машғулотлар, энг замонавий таълим технологияларининг жорий этилиши натижасида ҳозирги пайтда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга эришиляпти. Ўқув даргоҳларини битириб катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларни ишлаб чиқариш жабҳаларига йўллаш, уларга меҳнат жамоаларида муносиб ўрин топишлари учун мунтазам амалий ёрдам кўрсатиб бориляпти. Ҳар йили мамлакатимизда айнан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш учун махсус дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури доирасида ўтган йиллар мобайнида 8500 дан зиёд мактабда қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди. Қайта тиклаш ишлари амалга оширилган мактабларнинг 6887 таси ёки 81 фоизи қишлоқ ҳудудларида, 288 таси эса бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бўлиб, бу билан шаҳар ва қишлоқ мактабларининг моддий-техник базаси орасидаги тафовут барҳам топди. Шу йиллар давомида 1607 та мактаб тоза ичимлик суви билан таъминланди. 1163 таси газлаштирилди, 1607 мактаб телефон алоқаси билан таъминланди. Ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг сифат жиҳатдан мутлақо янгича усуллари жорий этилди. Натижада Ўзбекистондаги таълим тизими бугун ривожланган демократик давлатлар таълим тизимидан қолишмайдиган даражага етди. Буни дунёнинг нуфузли экспертлари ҳам тан олмоқда.

Энг муҳими, ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари бўлишмоқда. Президентимиз маърузаларида таъкидланганидек, “Тошкент шаҳрида ўтказилган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида юртимиз ўқувчилари биринчи ўринни эгаллагани ҳаммамизга мамнуният етказади. Ақл-заковат мусобақаси бўлмиш шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонига эришган 8 яшар Нодирбек Абдусатторовни оласизми ёки 5 яшар — эътибор беринг, 5 яшар — жажжи ўғлонимиз Исломбек Синдоровнинг Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганини оласизми, қани айтинг, азиз дўстлар, бундай ютуқлар билан фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими?!”.

Ёшларнинг қалбига ва онгига миллий истиқлол ғоясини сингдириш, шу асосда уларда турли маънавий таҳдидларга, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, мустақил ва эркин фикрни тарбиялаш бугун умумжамиятнинг ишига айланди.

Алия ЮНУСОВА, қўмита аъзоси (ЎзХДП фракцияси вакили):

— Таъкидлашни истардимки, Конституциямизнинг 64-моддасида “Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради” деган норманинг белгилангани ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган ва 2014 йил 3 январь куни матбуотда расман эълон қилинган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, шу жумладан, мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёки юзага келган ҳолатлар натижасида давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя ва кўмакка муҳтож болаларга ғамхўрлик қилишга қаратилгани билан эътиборга молик. Зеро, Қонунда ушбу йўналишда давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагиларда намоён бўлади:

— васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

— васийлик ёки ҳомийлик соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш;

— етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устунлигини таъминлаш;

— васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларга ғамхўрлик кўрсатаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш;

— давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш;

— васийлик ёки ҳомийлик соҳасида фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Бундан ташқари, ушбу Қонунда васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийликни ўрнатишнинг самарали механизмларини белгилаш, васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахсларнинг мол-мулкини сақлаш ва бошқариш билан боғлиқ қоидаларни янада такомиллаштириш, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки ишга яроқлилиги, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга, шунингдек, соғлиғи туфайли ҳомийликка муҳтож шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик механизмларини аниқ белгилаш каби нормалар ўз аксини топган.

Қодиржон ОДИЛОВ, қўмита аъзоси (ЎзМТДП фракцияси вакили):

— 2000 йил — Соғлом авлод йили, 2001 йил — Оналар ва болалар йили, 2008 йил — Ёшлар йили, 2010 йил — Баркамол авлод йили... Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 2014 йил “Соғлом бола йили” деб номланди. Йилларнинг номланиши бир-бирига ҳамоҳанг, мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-бири билан узвий боғлангандир. Энг муҳими, ўтган йилларда белгиланган вазифалар асосида баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, ёшларга нафақат билим бериш, балки уларни ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида — маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт, фан соҳаларида машғул бўлишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Ёш авлоднинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим-тарбия олишини кафолатловчи ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ҳам узвий олиб борилди.

Хусусан, Оила ҳамда Фуқаролик-процессуал кодексларидаги фарзандликка олиш институти механизми такомиллаштирилди. Шу билан бирга, никоҳ ёшига тўлмаган шахслар оила қуришининг олдини олиш, болаларнинг 12 йиллик мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилгани учун ота-оналар жавобгарлигини кучайтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган қонун кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлайди. Фуқаролар Конституция ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлиқ фойдаланадилар. Болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг ёшига қараб бевосита ёки билвосита чеклаб қўйишга йўл қўйилмайди ва бундай хатти-ҳаракатлар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Конституциямизнинг 45-моддасида вояга етмаганлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 64-моддасида эса ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани қайд этилган.

Муҳаббат ТЎХТАЕВА, қўмита аъзоси (ЎзЛиДеп фракцияси вакили):

— Мен “Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида “етим болалар” деб (иккала) ота-оналари вафот этган ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар белгиланган. Бироқ вафот этган ёлғиз оналар фарзандларининг ижтимоий ҳолати ҳуқуқий амалиётда белгиланмаган. Айни пайтда, вафот этган ёлғиз оналарнинг етим қолган фарзандлари етим деб тан олинган болаларнинг учдан бир қисмини ташкил этади ва бу тоифадаги болалар ҳам иккала ота-онасини йўқотган болалар каби алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож.

Яқинда қабул қилинган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунда халқаро ва миллий тажрибага таянган ҳолда, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийлик ва ҳомийликка олиш ҳамда жойлаштиришнинг турли шакллари ўз ифодасини топган. Шу муносабат билан Оила кодексига ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади.

Қонун лойиҳаси 3 та моддадан иборат бўлиб, унда Оила кодексининг VI бўлими, 19-боби ва 148-моддасининг номларини янги таҳрирда баён қилиш, 149-, 150-, 173- ва 175-моддаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, 176-193 моддаларини чиқариб ташлаш ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида ўз ифодасини топган “етим бола” тушунчасига ўзгартириш киритиш назарда тутилган.

Зиёвиддин МАНСУРОВ, қўмита аъзоси (ЎзХДП фракцияси вакили):

— Дарҳақиқат, ўз келажагини соғлом авлод тимсолида кўрган давлат, миллат, жамиятгина башарият орзу қилган идеал тараққиётга эришиши мумкин. Шу боисдан мустақил Ўзбекистонда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ ёш авлод тарбиясига давлат сиёсати даражасида жиддий эътибор бериб келинмоқда. Бунинг ёрқин тимсоли сифатида Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ асосий халқаро ҳужжатларга қўшилгани ҳамда БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган олтита асосий халқаро шартнома қатнашчиси эканини, шунингдек, ёшлар тўғрисидаги давлат сиёсатини ўзида мужассам этган қатор қонуний асосларнинг қабул қилинганини фахр ва ифтихор билан қайд этиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири — Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенцияда эътироф этилган бола ҳуқуқларининг сўзсиз адо этилиши тўғрисида ҳамиша жиддий бош қотирилмоқда ва бу борада қилинган ишлар юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитасига мунтазам равишда тақдим этиб келинмоқда. Тўла асос билан айтиш мумкинки, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борада мамлакатимиз олиб бораётган устувор сиёсатнинг ҳуқуқий механизми бўлиб хизмат қилмоқда.

Яна шуниси эътиборга моликки, мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади. “Оналар ва болалар йили”, “Ёшлар йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, “Баркамол авлод йили” деб номланган йилларда келажагимиз эгаларининг бахтли тақдирини кўзлаб қилинган оламшумул ишлар ҳам бу борадаги узоқни кўзлаб амалга оширган кенг кўламли фаолиятимизга муносиб мисол бўла олади. Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳам, айтиш мумкинки, буюк келажагимизнинг муносиб эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг ҳар томонлама — ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам маънан баркамол бўлиши йўлида муҳим ва дадил қадам бўлиши шубҳасиз. 


Кўришлар сони: 33494

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими