Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 54-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, шунингдек “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Депутатлар томонидан “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қонунчилик жараёнини ривожлантиришда ва хусусийлаштириш амалиётидаги сифат ўзгаришларни юридик жиҳатдан мустаҳкамлашда янги босқични очиб бераётганлиги қайд этилди. “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги амалдаги қонун мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида қабул қилинган асосий ҳужжат бўлиб, унга мувофиқ хусусийлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш амалга оширилган эди. “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хусусийлаштириш жараёни ҳозирги босқичининг ўзига хосликларини, хусусийлаштиришга доир битимларнинг очиқлиги ва ошкоралигини ҳисобга олган ҳолда, хусусийлаштиришнинг замонавий стратегиясини ва самарали амалиётини қонунчилик йўли билан тартибга солишни таъминлашга, иқтисодиётда хусусий мулкчиликнинг улушини кенгайтириш ва оширишга, барча потенциал инвесторларнинг тенг имкониятларини ҳамда мулк ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.

“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишда жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий илмий ишланмаларини ва техник воситаларини бундан буён ҳам жорий этишнинг муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, бу шахсга қарши содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни фош қилиш ва тергов қилиш ҳамда уларни содир этган шахсларни қидириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга тааллуқлидир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ДНК-таҳлили имкониятларидан фойдаланиш мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, турмуши, соғлиғи ва мулкий даражасини янада оширишга хизмат қилади. Кўриб чиқилган қонун лойиҳасининг мақсади мамлакатимизда геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, геном бўйича давлат рўйхатига олиш принципларини ва унинг турларини, объектлари ва субъектларини аниқлаш, уни ўтказишга, биологик материал ва геном ахборотини сақлаш ҳамда ундан фойдаланишга доир асосий талабларни белгилашдан иборат.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 54-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси танлов асосида ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотнинг баҳоловчисини мутахассис сифатида жалб этиш тартибини жорий этишни, шунингдек, баҳоловчи ташкилотларни танлаб олиш тартибини бекор қилишни назарда тутмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартишларнинг қабул қилиниши ижро ишларини юритиш доирасида мол-мулкни баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш имконини беради, бу эса суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Банкротлик механизмларини янада такомиллаштиришга, қасддан банкротликка олиб бориш ҳолларини аниқлаш бўйича ҳуқуқий чора-тадбирларни яратишга, кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди. Мажлисда бугун мамлакатимизда амалдаги қонун ҳужжатларига қасддан банкротликка олиб бориш ҳолатларини аниқлаш бўйича олдини олувчи чора-тадбирлар ва механизмларни киритиш масаласи вақти келганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу кредиторлик қарздорлигини, шу жумладан, бюджетга тўловлар бўйича қарзларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг қасддан банкротликка олиб борилишига йўл қўймаслик учун ҳуқуқий тўсиқ яратиш имконини беради.

Қонун лойиҳасига суд бошқарувчилари учун қасддан банкротликка олиб бориш аломатларини аниқлаш мажбуриятини назарда тутувчи ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда, унда хўжалик суди кредиторнинг аризасига кўра банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда қасддан банкротликка олиб бориш ёки ёлғон банкротликка олиб бориш ҳолатлари борлигини текшириш учун экспертиза ўтказишга ҳақли деб белгиланмоқда. Депутатларнинг фикрича, ушбу нормаларнинг киритилиши пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан оқилона фойдаланишга, корпоратив бошқарув сифатини яхшилашга, корхоналар раҳбарлари ва мулкдорларининг иқтисодий мустақиллиги учун уларнинг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

Парламент аъзолари билдирилган нуқтаи назарлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Депутатлар жамиятимизнинг турли соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалда рўёбга чиқаришнинг муҳим эканлигини алоҳида қайд этдилар.

Қонунчилик палатаси барча кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди.


Кўришлар сони: 5498

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....