Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси кўриб чиқилди

26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ушбу масала юзасидан молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев, шунингдек, Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари С.Отамуродов маъруза қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил январь ойида ҳукумат мажлисида белгилаб берилган 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурининг энг муҳим устуворликларини амалга ошириш доирасида ўтган тўққиз мобайнида Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатлардаги ўсиши таъминланди, шунингдек, белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришилди. Бундай ижобий кўрсаткичлар иқтисодиётнинг ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардошлилигини янада ошириш, ишлаб чиқариш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш ҳисобидан таъминланди.

Давлат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди. ЯИМнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари 9,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизни, чакана савдо айланмаси 14,7 фоизни ташкил этди. Машинасозлик ҳамда металлга ишлов бериш, енгил саноат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати каби тармоқларнинг жадал ривожланиши таъминланди. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий тузилмасида ушбу тармоқларнинг улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,4 фоиздан 51,4 фоизгача ўсди. Шу йилнинг бошидан тахминан 2,2 минг ишлаб чиқариш объекти ишга туширилганлиги ҳам саноат ишлаб чиқаришининг ўсишига кўмаклашди.

Мажлисда ҳисобот даврида Давлат бюджетининг харажат қисмида таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, пенсиялар, нафақалар тўловлари каби ижтимоий соҳани молиялаштиришга устувор аҳамият берилганлиги алоҳида таъкидланди.

Умуман олганда, Давлат бюджети 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ижро этилди.

Саволларга жавоб берилганидан кейин ҳисобот батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.

Музокараларда ЎзЛиДеП фракцияси вакиллари Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини таҳлил қилишда партиянинг сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича ўз устуворликларига, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатимизнинг инвестициялар жалб қилиш имкониятини ошириш учун мумкин қадар қулай ишчанлик муҳитини шакллантириш асосида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш вазифаларини ҳал қилишга урғу берилганини таъкидладилар.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида микорфирмалар ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми ортди, бу эса ягона солиқ тўлови тушумларининг ошишига олиб келди. Солиқ юкининг пасайтирилиши, хусусий тадбиркорлик субъектларига берилган банк кредитлари ҳажмининг оширилиши кичик бизнеснинг жадал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Хусусий секторда солиқ юкининг пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналарни янги асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш имконини берганлиги қайд этилди.

Аграр сектор, фермерлик ҳаракати ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ мақсадли сиёсатнинг амалга оширилиши, агротехник тадбирлар билан боғлиқ баъзи харажатларнинг камайтирилиши фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадларининг ортиши, ерлар ҳосилдорлигининг ошиши учун пойдевор яратди.

ЎзЛиДеП депутатлари тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган бизнес-муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмдаги ижросини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг талаблари жойларда сўзсиз ижро этилиши муҳим эканлигини таъкидладилар.

ЎзХДП фракцияси депутатлари Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг тахминан 60 фоизи ижтимоий соҳага тўғри келиши Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигидан дарак беради.

Жумладан, харажатларнинг 57,5 фоизи таълим муассасаларини сақлаш ва ривожлантиришга тўғри келди. Фракция томонидан таъкидлаб ўтилдики, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб биринчи синфдан чет тилларини, устувор равишда инглиз тилини ўқитиш бошланди, чет тили ўқитувчилари ва мураббийларнинг тариф ставкаларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида 30 фоиз миқдорида, қолган жойлардаги таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланди.

Шунингдек, “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида кўриб чиқилаётган даврда 540 минг нафар биринчи синф ўқувчиси учун ўқув қуроллари ҳамда кам таъминланган оилалар учун қишки кийим-бош ва пойафзаллар олинди, 64 та “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда 132 та коллеж ва академик лицей капитал таъмирланди.

Айни вақтда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишга бундан буён ҳам риоя қилиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоларининг фикрича, юксак маънавиятли ва ахлоқли, эркин, масъулиятли ва баркамол шахсни тарбиялашга ҳар томонлама кўмаклашиш муҳимдир. Шу муносабат билан Давлат бюджетидан болалар мактабгача тарбия муассасаларига таълим соҳасига ажратилган барча харажатларнинг 11,4 фоизи миқдорида, умумтаълим муассасаларига 54,5 фоиз миқдорида маблағ ажратилди. Ўрта махсус таълим тизимида ўқув-амалий машғулотлар ўтказишни ташкил этиш учун хомашё ва ёқилғи-мойлаш материалларининг тахминан 2,4 минг турини харид қилиш назарда тутилган.

Ҳисобот даврида фанни ривожлантириш учун ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,7 фоизга кўпроқ маблағ ажратилди. Таълим соҳасини молиялаштириш ҳажмларининг ошганлиги қайд этилган ҳолда Ўзбекистонда 2013 йил 1 январдан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий этилди, илмий-тадқиқот муассасаларида ишловчи катта илмий ходим-тадқиқотчилар сони ортди ва ушбу мақсадлар учун назарда тутилган харажатлар ошди. Партиянинг ишончи комилки, бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини юксак маънавиятли, профессионал маҳоратли ҳамда мамлакатимиз ва халқимиз тақдири учун масъул, баркамол, ватанпарварлик ҳиссига эга кадрлар билан таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг аъзолари Давлат бюджетининг ижросини таҳлил қилишда ўз сайловолди дастури устуворликларига урғу бердилар. Фракциянинг фикрича, бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналиши чуқурлаштирилиши иқтисодий ўсиш натижалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини оширишини таъминлаши керак.

Шу муносабат билан “Обод турмуш йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг бандлигини оширишга доир бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Фракция Давлат бюджетининг 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларни, 2 ёшгача бўлган бола парвариши билан банд ишламайдиган оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, даромади кам оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг алоҳида тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига компенсация пул маблағларини тўлашга тааллуқли қисми ижроси масаласининг таҳлилига алоҳида эътибор қаратди. Фракциянинг ишончи комилки, буларнинг барчаси аҳоли турмуш сифати янада яхшиланишига кўмаклашади.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 22,2 фоиз кўпроқ маблағ ажратилганлиги таъкидланди. Бу ижтимоий соҳага ажратилган барча харажатларнинг 24,2 фоизини ташкил этади. Шу муносабат билан Давлат бюджетининг 2013 йилдаги ижросини маъқуллаган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш йўлини давом эттириш муҳим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ажратилган харажатлар 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида 89,7 миллиард сўмни ташкил этишини қайд этди. Ушбу харажатлар биохилмахилликни сақлаш ҳамда ландшафт, ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, чиқиндиларни йиғиш ва йўқотишни ташкил этиш, оқова сувларни тозалашга сарфланган харажатларни ўз ичига олди.

Шунингдек, Қишлоқ аҳоли пунктларининг ичимлик суви билан таъминланганлигини янада яхшилаш дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларини сув билан таъминлаш тармоқларини барпо этиш объектлари бўйича 106 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. 2 минг километрдан зиёд сув ўтказувчи тармоқ, шу жумладан қишлоқ жойларда 1,9 минг километр сув ўтказувчи тармоқ ишга туширилди.

Шу билан бирга депутатлар гуруҳи томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида тегишли давлат тузилмаларининг масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот депутатларда кўплаб саволлар туғдирди ҳамда ушбу саволлар ҳукумат вакилларига берилди. Бюджет даромад қисмининг сифатли ижросига салбий таъсир кўрсатадиган омилларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди. Муҳокама чоғида депутатлар бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва жойларда қонунлар ижросини тўлиқ таъминлашга тааллуқли амалий таклифлар билдирдилар.

Барча сиёсий партия фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакилларининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб ва муҳокама қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг 2013 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

Мажлисда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.


Кўришлар сони: 12650

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...