Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилдилар

20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳасини муҳокама этдилар. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Ҳаитов ушбу масала бўйича маъруза қилди.

2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилганлиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилганлиги таъкидланди. Дастурдан кўзланган мақсад – демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бандлик ва тадбиркорликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг миқёсдаги ва бир-бири билан ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.

Кейинги йилда 983,6 мингта иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Асосий эътибор таълим муассасаларининг битирувчиларини, аёлларни, ногиронларни ҳамда аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга қаратилади.

Дастур ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, биринчи навбатда, кўп болали аёллар, ногиронлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш, касбга қайта тайёрлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш борасида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга доир тармоқ дастурларини ҳисобга олган ҳолда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилди. Боз устига, иш ўринларини ташкил этиш параметрлари инвестиция дастури, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини пухта қайта ишлаш, транспорт ва коммуникация қурилиши, ижтимоий ҳамда бозор инфратузилмаси дастурлари билан ўзаро боғлиқ.

Депутатлар иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устуворликларидан бири, халқнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишнинг зарур шарти эканлигини таъкидладилар. Дастур янги объектларни ишга тушириш, ишлаб турган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ҳамда улардан тўлароқ фойдаланиш, саноатда, қурилишда, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида кичик бизнесни жадал ривожлантириш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой қурилиши кўламларини кенгайтириш, меҳнатнинг касаначилик шакллари имкониятларини кенгайтириш, бекор турган корхоналарни тиклаш ҳисобига мақбул миқдорда иш ўринларини ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилгандир.

Дастур лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш доирасида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар партиянинг Сайловолди дастурида, биринчи навбатда, айниқса қишлоқ ёшларини ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлик масалаларини ҳал қилишга кўмаклашиш муҳим эканлиги кўрсатиб ўтилганлигини қайд этдилар. Фракциянинг фикрича, мазкур ёндашув тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринларининг ташкил этилиши имкон қадар қулай ишчанлик муҳитининг шаклланиши билан бевосита боғлиқлигига асосланади. Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда, шунингдек, ўз электоратининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, фракция Дастурни кўриб чиқишда айнан шу йўналишга алоҳида эътибор қаратди.

Фракция аъзолари меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилашнинг самарали воситаси сифатида бандликнинг самарали шаклларини, айниқса, кичик бизнес, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш Дастурнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидладилар. Иш ўринларини ташкил этишда кичик бизнес ролини янада ошириш, имкон қадар қулай иш муҳитини яратиш, кичик бизнеснинг кредит ва моддий-хомашё ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларига, бозорда талабга эга истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш дастурларига мувофиқ ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали қўйилган вазифани ҳал этиш кўзда тутилмоқда.

Тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқаришга ихтисослашган қишлоқдаги тадбиркорлик субъектларининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши 138 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлаш имконини бериши таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари кўриб чиқилган масалани муҳокама этишда алоҳида фаоллик кўрсатдилар, чунки бу йўналиш партиянинг Сайловолди дастуридаги асосий устуворликлардан бири ҳисобланади. ЎзХДП фракция аъзоларининг ишончи комилки, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ишлаб чиқилиши ва ижро этилиши аҳоли турмуш даражасини оширишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис мажлисда кўриб чиқилган ҳужжатнинг ижтимоий аҳамиятга молик эканлигига алоҳида урғу берилди.

Партиядан сайланган депутатлар томонидан Дастур лойиҳасида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга, уларни эгаллаган ихтисослиги бўйича иш ўринлари билан таъминлашга урғу берилди. Шу муносабат билан бўш турган ва захира иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 500 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш Дастурнинг муҳим йўналиши эканлиги қайд этилди.

Мажлис чоғида бандлик ва халқ фаровонлигини юксалтириш масалаларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг жавобгарлигини ошириш зарурлиги ҳақида сўз борди. ЎзХДП фракциясининг таклифига кўра, маҳалий ҳокимият ва бошқарув органлари, уларнинг ишчи комиссиялари томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва тармоқ жадваллари асосида ҳар ойда мунтазам равишда тегишли чора-тадбирлар кўрилган ҳолда бандлик ҳудудий дастурлари бажарилишининг бориши кўриб чиқилади.

Фракция аъзоларининг фикрича, бу Дастурнинг бажарилишини реал вақт режимида мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда тасдиқланган параметрлардан ортда қолаётган корхоналар, тармоқлар ва ҳудудларни аниқлаш, Дастурнинг сўзсиз бажарилишига қаратилган қўшимча чора-тадбирларни кўриш имконини беради. 
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вакиллари ўзларининг амалий фаолиятида улар ҳуқуқий ва иқтисодий воситаларни янада такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорликнинг анъанавий маданиятини қайта тиклаш орқали миллий бизнесга кўмаклашишга, ички истеъмол ва экспорт ўсишини таъминлашга, халқ ҳунармандчилигининг барча турлари, хизматлар кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантиришга, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлаганликларига эътибор қаратдилар.

Фракция аъзолари таъкидладиларки, касаначилик иш ўринларининг катта қисмини миллий ҳунармандчиликнинг анъанавий марказлари бўлмиш минтақаларда – Наманган (28,5 минг), Фарғона (27,3 минг), Андижон (21,6 минг), Самарқанд (17,6 минг), Бухоро (18,5 минг) вилоятларида ташкил этиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, оилавий тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ҳамда кафолатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ишни давом эттириш зарур бўлади, бу эса 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросининг натижадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Фракциянинг ишончи комилки, кўплаб фойдаланилмаган имкониятларга эга туризмни янада ривожлантириш ҳам ана шундай диққат-эътиборни талаб қилади. Жумладан, бу мамлакатимизда янги иш ўринларини ташкил этишга, шу жумладан, ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи хизматлар кўрсатиш ва туризм соҳасини, бир қатор истиқболли минтақаларнинг инфратузилмасини мунтазам ривожлантириб боришга тааллуқлидир. Фракциянинг фикрича, бу мазкур соҳаларни ривожлантириш ҳисобига туризм ва транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш кўламини кенгайтириш, шунингдек, мазкур тармоқларда иш билан таъминланганлар сонини кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш имконини беради.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари аксарият мамлакатларда ишсизлик билан боғлиқ жиддий муаммолар кузатилаётган бир шароитда Ўзбекистонда ҳар йили иш ўринларини ташкил этиш бўйича махсус дастур қабул қилинаётганлигини таъкидладилар. Бу демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бандлик ва тадбиркорликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилаётганлигининг яққол мисолидир.

Фракция вакиллари иш ўринларига юксак даражада эҳтиёж сезилаётган минтақаларда иш ўринларини кўпайтиришга, шунингдек, ташкил этилаётган иш ўринларига, аввало, қишлоқ жойлардаги аёлларни, шунингдек, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Фракциянинг ишончи комилки, инновация технологиялари соҳасини ривожлантириш, ёшларни касбга қайта йўналтириш ҳисобига ишга жалб этиш муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолиши лозим.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ташкил этилаётган иш ўринларининг барқарорлигини сақлаш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларни янада кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар. Экоҳаракат депутатларининг фикрича, аҳолини экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасидан кенгроқ фойдаланиш ҳамда уни янада ривожлантириш, табиатни ифлослантирмайдиган технологияларни татбиқ этиш иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли бандлигини оширишнинг йўналишларидан бири ҳисобланади. Уларнинг фикрича, ушбу нуқтаи назардан мамлакатимизда мавжуд табиий салоҳиятни инобатга олган ҳолда экотуризмни янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада янги иш ўринларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш зарур бўлади.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.


Кўришлар сони: 9122

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....