Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

15 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Аввалроқ, Қонунчилик палатаси Регламентининг талаблари асосида сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи қонун лойиҳасининг дастлабки ҳар тарафлама муҳокамалари якунлари юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини масъул қўмитага тақдим этган эдилар.

Кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир энг муҳим вазифаларни ҳал қилиш, демократик давлат барпо этиш доирасида партиялараро рақобат муҳитини шакллантириш муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишга синчковлик билан ёндашдилар.

Депутатлар таъкидлаганларидек, сиёсий партиялар Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг тобора самарали воситасига, халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципини, марказда ва жойларда кўппартиявийлик асосида ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатадиган вакиллик ҳокимияти органларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг ҳал қилувчи шартига айланмоқда.

Бунда парламент аъзолари давлат ва жамият қурилиши ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш тизимида сиёсий партияларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш йўлидан боришни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар. ЎзЛиДеП, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП ва Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияларининг қўшма мажлиси қарорига биноан ташкил этилган депутатлар ташаббускор гуруҳи айнан шу масалани ҳал қилди. Мазкур ташаббускор гуруҳ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришга доир таклифларни таҳлил қилиш асосида “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Қонун лойиҳасида бир қатор янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда, биринчи навбатда, бу сиёсий партияларга тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳуқуқи берилишига тааллуқлидир. Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилинади. Партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифларининг кўриб чиқилиши шартлилигини мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, партия гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш шартлари ва тартиби белгиланмоқда. Ушбу амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда, эндиликда партия гуруҳлари тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Умуман олганда, мажлисда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишлар жойларда ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишда сиёсий партияларнинг роли ва ўрнини янада оширишга, уларнинг сайловолди платформаси ва дастурий мақсадларини амалга оширишдаги фаоллигини кучайтиришга, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятини амалга оширишдаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришга қаратилган “Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш янада мустаҳкамланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар корпуси томонидан қизғин муҳокама этилди.

Масалан, бу “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли бўлиб, унда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш имконияти назарда тутилган, бироқ, шикоят берилиши қарорларнинг амал қилишини тўхтатиб турмайди. Хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва уларга қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида қонун лойиҳасида текширилаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан судга шикоят берилганда кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар ёки қарорларнинг ижросини тўхтатиб туриш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида хўжалик судлари томонидан сайёр суд мажлисларини ўтказиш имкониятини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда. Депутатларнинг фикрича, мазкур амалиёт республикамизнинг олис туманларидаги тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини оширишга кўмаклашади, бу эса уларнинг транспортга сарфланадиган харажатларини жиддий равишда камайтиради. Қонун лойиҳасининг ушбу ва бошқа янгиликлари тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, судларда тадбиркорлик субъектлари ишларининг сифатлироқ кўриб чиқилишига кўмаклашади.

“Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги (Тошкент, 2013 йил 14 июнь) қонун лойиҳасини муҳокама қилиш билан Қонунчилик палатаси мажлиси давом эттирилди. Депутатлар мамлакатлар ўртасидаги муносабат тенглик, ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорлик асосида барпо этилаётганини таъкидладилар. Ушбу Шартномада сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар, экологик ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг асосий принциплари ва муҳим йўналишлари мустаҳкамланиши таъкидланди.

Шартномада сув-энергетика соҳасидаги барча масалаларни ҳал қилишни, шу жумладан трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар қуришни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ ва мазкур минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишни назарда тутувчи Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг адолатли тизимини ривожлантиришда ўзаро келишилган ягона позиция тасдиқланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар, у кейинги кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этишда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ҳамда таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича партия дастурлари ва сайловчилар фикрларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларидаги партия гуруҳларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, Марказий Осиёда тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда кўриб чиқилган қонун ҳужжатларининг муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик
палатасининг Ахборот хизмати


Кўришлар сони: 7516

Депутатлар минбари

Новостная лента

26.05.2020
Ичимлик суви таъминотига бўлган эҳтиёж ошмоқда

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда ижобий натижаларни эътироф...

26.05.2020
Фракция аъзоларининг эътирозларига нима сабаб бўлди?

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини...

26.05.2020
Қайси вилоятда ишсизлик даражаси юқори?

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб,...